Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№46 дан: 12.11.2015

Бугуннинг гапи

ҲАЁГА ЧИММАТ ТОРТИЛГАНДА…

Халқимиз азалдан андишали халқ. Эл орасида ҳаё, иффат, ғурур, одоб, шаън каби инсоний фазилатлар борки, улар миллатимиз аёлларининг улуғворлигини намоён этиб туради. Минг афсуски, бугун айрим ёшлар халқимиз томонидан йиллар давомида мисқоллаб йиғилган ана шундай қадриятларга, аҳлоқ мезонларига бефарқ қарамоқдалар.

Балки, ўзим ҳам аёл бўлганим учундир мени кўпроқ баъзи қизларимизнинг юқоридаги хислатлардан узоқлиги ташвишга солади. Ҳеч кимга сир эмас, гоҳида кўча-кўйда йигитлар билан баб-баробар гаплашиб кетаётган, кафе-барларда сигарета чекиб ўтирган қизларни учратамиз. Улар орасида, айниқса, ўзбек қизларининг борлиги дилга оғриқ беради. Аслида бугун ёшларимизга берилаётган кенг имкониятлардан унумли фойдалана олмаётганларни кўриб, дилимиз ранжийди. Нодирабегимнинг, устоз Зулфиянинг муносиб издошлари бўла оладиган қизларимиз орасида жуда оз бўлса-да, ана шундай қадами ножўяларнинг борлигидан кўз юмиб бўлмайди.

* * *

... Комила бир қизи билан турмушидан ажрадию, ота уйида келин билан ўтиришни ўзига эп билмади. Шаҳардан ижара уй топиб, ўзи ишга жойлашди. Кейинроқ бадавлат бир одамга турмушга чиқди. Онда-сонда келиб кетадиган "эр" уни пул билан таъминлаб турар, шунинг учун ҳам унинг истаги билан ишдан бўшади. Акаси бу ҳақда эшитиб, уни тўғри йўлга солишга уринди, аммо бефойда. Комила бутунлай ўзгарди. Маишатлардан бўшамай қолди. Ёлғизгина қизчаси эса гоҳ у қўшниникида, гоҳ бу қўшниникида... Унинг тарбияси онани умуман қизиқтирмай қўйди. Қизалоқ бўй етиб қолгач, онанинг қилиқларидан андоза ола бошлади...

Ярим кечада эшик тақиллади. Комила уйқусираб эшик занжирини тушираркан, ҳайрон бўлди "Бемаҳалда ким бўлди экан?" Эшик очилгач,.. Комила кўзларига ишонмади. Ширакайф қизини туртиб-суртиб ичкарига олиб кирган Комила уни уриб хумордан чиқди...

Бироқ бу билан нимани ўзгартира оларди? Ахир носоғлом муҳитда улғаяётган, тарбия берувчининг ўзи тарбияга муҳтож бўлган оилада вояга етаётган фарзанддан яна нимани кутиш мумкин?

* * *

Нодира оддийгина қишлоқ қизи эди. Коллежни тамомлагач, институтга ўқишга кирди. Шаҳар муҳитига аввалига сира кўниколмади. Бироқ дугоналари сабаб ўрганиб кетди. Айниқса, таълимнинг юқори босқичларида у анча ўзини тутиб олганди. Нодира ўшанда илк бор ўзини мустақил ҳис қилди. Курсдошлари билан кафе ва ресторанлардаги ўтиришларда қатнашди. Бундай "базм"ларда одатда йигитлар ва қизлар аралаш ўтиришарди ва ўзларини жуда эркин тутишарди. Ўзларига қўшилмаганларни "бегона" дейишарди. Айримларининг туғилган кунлари баҳона дастурхонга шампан ёки хориж винолари қўйиларди. Йиғилганлар улардан ичиб, ҳеч қурса, татиб кўришга, бу туғилган кун эгасига нисбатан "ҳурмат" эканлиги айтилиб мажбурланарди. Нодира ҳам илк бор ийманибгина шампандан тотиб кўрди, кейин... ўрганиб кетди. Ўтган тўрт йил ичида Нодира бутунлай ўзгарди. У энди аввалги қўрқоқ, андишали, содда қишлоқ қизи эмасди. У очиқ-сочиқ кийимларни ийманмай киядиган, чўрткесар, шартаки Нодирага айланганди. Ҳар гал қишлоққа борганида, онасининг "Тўғри юр, тўғри тур. Қиз боланинг шаънига доғ туширадиган иш қилмагин. Ёмон нарсалардан ўзингни эҳтиёт қил" қабилидаги насиҳатларига ғаши келарди. Шу сабаб бундай ўгитларнинг охири унинг қўрс гаплари билан тугар, онасининг кўнглини оғритиб, ўқишга қайтиши билан якун топарди.

Олийгоҳни битириш арафасида курсдошлар йиғилиб, шаҳарнинг кўзга кўринган ресторанида зиёфат қиладиган бўлдилар. Қадаҳлар қадаҳларга уланди. Хуллас, ана шу маишат Нодиранинг ҳаётини заҳарлади, қизлик шаънига ўчмас доғ бўлиб тушди...

* * *

Назиранинг дарди дунёси қоронғу. Сарварнинг ёлғон ваъдаларига ишониб хато қилди. Бугун у бевафо уйланяпти. Назира эса нимадан аламини олишни билмай карахт. Унга фақат йигитнинг осонгина ташлаб кетгани алам қиляпти, холос. "Нима эмиш, уйидагилар мажбур уйлантиришаётганмиш. Шу ҳам йигит кишининг гапими? Ахир бир оғиз мен ҳақимда айтса бўлардику!" Қиз шуларни хаёлларкан, тағин йиғлагиси, қандай қилиб бўлса ҳам хумордан чиққиси келди. Бирдан хаёлига келган фикр уни бу аламдан қутқарадигандай туюлди. Акасининг хонасига кириб шкафидан сигарета қутисини олди. Саросималаниб эшикдан қаради. Шошиб қутидан иккита сигаретани олди-да, хонасига югурди. Ҳайриятки, уйда ҳеч ким йўқ. Сигаретани тутатиб, киноларда кўрганидек икки бармоғида ушлади. Тортди. Тутун ичига кетиб йўтал тутди. Дастлаб қийналди. Аммо "эплади". Аламлари ёзилгандай бўлди...

Назира бора-бора сигаретага ўрганиб қолаётганини ўзи ҳам билмасди. У энди хумор тутса, кўча-кўйда, паналарда бемалол чекадиган бўлди. Унинг бу ишидан хабар топган уйидагиларнинг фиғони фалакка кўтарилди...

* * *

Мана уч воқеа, уч тақдир. Ҳар бирида қиз боланинг шаъни, ғурури, номуси ҳақида сўз боряпти. Одатда, оналар ўртасида қизлар тарбияси хусусида гап кетганда, кўп ҳолларда қизларини авайлаб, ёмон кўзлар, ёт нигоҳлардан асраб улғайтиргани ҳақида ғурурланиб гапирадилар. Дарҳақиқат, қиз боланинг номига тушган доғнинг кетиши қийин. Юқоридагилардан кўринадики, барча хатоларга ирода жиловининг бўш қўйилганлиги, қиз болага ҳамиша ҳамроҳ бўлиши керак бўлган ҳаё, ибо пардаларининг кўтарилганлиги сабабдир. Ҳар бир ишни бошлашдан аввал унинг охирини кўз олдимизга келтиришимиз шарт. "Нима қиляпман?" деган савол масъулияти қизларимизни ҳар қадамда ўйлантирмоғи керак. Келинг, бу борада айрим юртдошларимизнинг фикрига қулоқ тутсак.

Наргиза Холматова, Қорасув шаҳар ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси:

- Бугуннинг қизлари Тўмарис, Нодирабегим, Увайсий, Саида Зунунова, Зулфия авлодлари. Улар момоларимиздай ўткир зеҳнли, маънавиятли, барчанинг ҳаваси келадиган қизлар бўлишлари шарт! Бугун юртимизнинг ҳар жойида аёлларга, қизларимизга кўрсатилаётган эътибор ҳар қачонгидан юқори. Ўқув даргоҳларида, маҳаллаларда ташкил этилган "Ораста қизлар" тўгараклари қизларимиз учун чинакам ибрат мактаби бўлмоқда. Тарбия, аввало, оиладан бошланади. Шу боис ҳам биринчи галда оилада соғлом муҳитни шакллантириш керак. Бунда, энг аввало, ота-оналар, маҳалла маслаҳатчилари, фаоллари ташаббус кўрсатишлари лозим. Улар фарзандини, маҳалладаги ҳар бир қизни эътиборсиз қолдирмаслик чораларини кўрсин, уларнинг муаммоларини ижобий ҳал этишга кўмак берсин. Бир сўз билан айтганда, қиз бола гулдан-да нозик, уни асраш, вақтида тўғри тарбия бериш барчамизнинг вазифамиз. Негаки, у миллат давомчисидимр.

Хадичахон АКБАРОВА, Избоскан туманидаги Туячи маҳалла фуқаролар йиғини отинойиси:

- Қизларимиз эртанги кунимиз давомийлигини таъминловчи ворисларимиз экан, уларни юксак маънавиятли, турли қусурлардан холи, кенг дунёқарашли, одоб-аҳлоқли қилиб тарбиялашимиз керак. Уларнинг кўча-кўйларда, турли давраларда ўзини тутишига, кийиниш маданиятига алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Қизларимиз қандай оилада камол топишидан қатъи назар, уларга бутун маҳалла жавобгар экани ҳамиша ёдимизда турсин. Ёнгинамизда очиқ-сочиқ кийинган ёхуд ўзини маънавиятсиз-маданиятсизларча тутаётган қизга индамай туришимиз бекор, аксинча, унга оналарча, опаларча маслаҳат, керак бўлса, танбеҳ беришимиз шарт, деб ўйлайман.

* * *

Ҳар бир даврнинг ўз тарозиси бор, турмуш тарзи бор. Қизларимизнинг йигитлар билан тенг ҳуқуқли бўлишга интилиш истакларини тўғри баҳолаймиз. Лекин уларнинг шаън, ҳаё, орият чегараларини бузиб туриб тенг ҳуқуқлиликка интилишлари халқимиз менталитетига, қадим қадриятларига, одоб-аҳлоқ мезонларига у қадар мос эмас. Ахир қиз боланинг шаъни, ғурури, қадри, ибоси миллатимизни улуғловчи фазилатлар эмасми?!

Агар бу ҳақда сиз - азиз муштарийнинг айтар гапи бўлса, бизга мактуб йўллайсиз, деб умид қиламиз.

Зилола РАҲМОНОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди