Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№46 дан: 12.11.2015

Ҳикоя

ТАРОЗИ ЎЗИНИ ТОРТМАС

Бугун ўзининг қутлуғ ёшини нишонлаётган Зумрадхон Абдуллаева вилоятимизнинг кўзга кўринган ижодкор аёлларидан бири. Кўп йиллар давомида газетамиз таҳририятида фаолият олиб борган Зумрадхон опа айни кунда нафақада бўлса-да, ижодни асло тўхтатгани йўқ. Қизиқарли ва дорлзарб мавзулардаги мақолалари, ҳикоя ва қатралари билан газетамизда фаол иштирок этиб келмоқда. Бугун ҳамкасбимизни қутлуғ 55 ёши билан муборакбод этиб, унинг қаламига мансуб қуйидаги ҳикояни муштарийларимиз эътиборига ҳавола этамиз.

Таҳририят.

"Тарози ўзини тортмас", дейдилар. Инсонлар ҳаётда кўп нарсаларни топиши мумкин. Аммо ўзлигини топганлари кам.

Икки хил оилада тарбия кўрган Қосимжон билан Ҳалимжон ёшлигидан дўст бўлиб катта бўлишди. Қувончли кунларида ҳам, қайғули дамларида ҳам бир-бирларига суянишди. Буларнинг дўстлигини гарчи Қосимжоннинг уйидагилар истамаса-да, ўғиллари дўстидан кечмади. Оддий оилада камол топган Ҳалимжон учун оилаларнинг фарқи йўқдай эди. Энг муҳими, кўнгил яқинлиги.

Йиллар оқар сувдай ўтиб кетди. Фарзандлари улғайди. Энди икки оғайни ўртасидаги ришта яна ҳам мустаҳкамланадиган бўлди. Улар қуда бўламиз, деб қўл беришди.

Ҳалимжоннинг аёли ўйланиб қолди:

- Қандай бўларкин, дадаси? Хилолахон бадавлат оилада ўсганлигини сездириб қўймасмикан? Шароитимизга кўника олармикин?

- Бунақа гапларни қўй. Оғайним ўзига муносиб кўриб, қизини беришга рози бўлдими, демак, биз ҳам ёмон яшамаймиз.

Қосимжоннинг хонадонида ҳам шу тариқа гап-сўз бўлди. У хотинининг дийдиёсига қулоқ солмади.

Хилола аввалига янги уйнинг тутимига кўниккандай эди. Қайнонасининг дарров қозон-товоққа аралаштирмагани, "ҳали қилиб улгурасиз, қизим" дея уни авайлашлари онасини эслатди. Ўзини эркин сезди. Қайинсинглисининг у-бу ишга қаралашиб юришини эса одатий ҳол деб тушунди. Айниқса, кечки овқатни йиғиштириб, идиш-товоқларни ювишга ҳам шошилмайдиган бўлди. Нима эмиш, сериалларни кўриб, кейин ювармиш.

Миродилнинг тепа сочи тикка бўлди.

- Хилола, - деди у асабий ҳолда. - Бу нимаси? - қалашиб ётган идишларни бигиз қилиб кўрсатди.

-Ҳозир юваман,- деди-ю, яна нигоҳини телевизорга қаратди.

Мафтуна келинаясини туртди.

-Жаҳллари ёмон, юринг, бирга йиғиштириб келамиз.

Хилола базўр ўрнидан турди. Зебо опа Хилоланинг истамайгина қилаётган ҳаракатларини кўриб, тўйдан олдинги гап-сўзларни эслади.

Зебо опа шуларни ўйлар экан, оғир хўрсинди. Келинчак қозон-товоққа аралашгандан бери овқатнинг мазаси йўқ. Бунинг устига чама билмайди. Ҳали ёғини кам қуйган, ҳали маставага гуручни кўп солган. Ошни-ку қилдирмай қўйишди.

Охири Ҳалимжон хотинини бир четга тортиб, тайинлади.

-Хилолахон келинаялари борлиги учун кўпам озиқ-овқатга аралашмаган кўринади. Овқатни ўзинг бош бўлиб тайёрланглар. Энди секин йўриғингга солиб, ўргатасан-да, хотин.

Зебо опа секингина бош ирғади.

- Ўзим ҳам шундай қилаётгандим, бироқ келинга бу ёқмаётгандай туюлди. Яна қайнонам ҳамма нарсага аралашаверади, деб бошқача хаёлга бормасин дедим-да.

Эртасига Зебо опа келинининг ёнида туриб, қаралашган бўлди. Музлатгичдаги гўштнинг борини ишлатаётганини кўриб,унинг ярмини олиб қўйди.

- Вой, ойижон, шугина гўштни соламизми? Унда овқатнинг мазаси бўладими? - Хилола чимирилди.

- Ҳар куни бунчадан гўшт ишлатсак, унда уйимизни қайдан топамиз, болам? Гўшти оз бўлса ҳам, овқатни мазали тайёрлашни билишимиз керак.

Зебо опа охирги гапига урғу берди-да, ошхонадан чиқиб кетди. Анча вақтгача Хилола ҳам қозонга қўл урмади.

Мафтуна ўқишдан келасолиб, ошхонада юрган келин-аясининг ёнига бориб, ҳол-аҳвол сўради.

- Ҳозир кийимларимни алмаштириб чиқай, сизга ёрдам бериб юбораман.

Хилола "хўп" ишорасини қилди-ю, қайнонасининг кейинги гапи унга наштардай санчилди. Бу билан овқатни яхши пиширолмаётганимга шама қилди чоғи.

Ўй ўйлагунча Мафтуна шодон қиёфада кириб келди. Уни-буни гапириб, Хилоланинг чиройини очди.

- Биласизми, келиная, бугун шундай овқат тайёрлайликки, ҳамманинг оғзида қолсин.

Мафтуна чаққонлик билан гўштни қиймалагичдан ўтказди. Хилола қайнсинглисининг чаққон ҳаракатлар билан бор меҳрини бериб, хафсала билан тайёрлаётган овқатини кўриб, ҳаваси келди. Бу ҳовлига келиб осонгина гўшт ва картошкани димлаб, енгил таомларни тайёрлаб, кун ўтказолмаслигини англади. Қайнонаси, қайинсинг-лисининг ёрдами билан овқат тайёр бўлади. Кейинги пайтда қайнонасининг аралашиши, гўштни унча солинг, бунча солинг, деб айтиб туришидан ғаши келиб, орани бузиб олди.

Хилола билан Мафтуна овқатни сузиб келишганда, бутун оила дастурхон атрофида жамулжам эди.

- Қўлингиз дард кўрмасин, келин, жудаям мазали тайёрлабсизлар, - қайнотаси овқатни тотар-тотмас мақташга тушди.

Хилола қизариб, юзини ерга тикди.

Миродил ҳам "тайёрласа бўлар экан-ку" дея иштаҳа билан таомни паққос туширди.

Зебо опа ўша ажратиб берган гўштдан шундай мазали таом тайёрлаш мумкин эканлигини қизи кўрсатиб берганини билгани учун лом-мим демади.

Бора-бора Хилола ўзининг уйи билан бу уйни солиштириб, ҳар хил гапларни ўйламай айтиб, кўнгилхираликни келтириб чиқара бошлади. Уйларни супириб-сидириш ҳам у учун оғир ишдай туюларди. Кейинги пайтда чангютгич олиб беринг, деб эрининг қулоқ миясини еди.

- Шунча вақт ўша матохсиз ҳам кунимиз ўтган. Бир амаллаб туринг.

Муродил хотинининг барча эркаликларини кўтарса ҳам "бизникида ундай эди, бизникида бундай эди" дея гапирганини эшитса, тамом, ўзини тутолмайди. Оғзига келганини қайтармасди.

Зебо опа келинининг кейинги пайтдаги инжиқликларини яхшиликка йўярди-ю, бироқ калондимоғлиги унга ёқмасди.

Эхтимол, Хилоланинг телефонда онаси билан гаплашаётганини ногоҳ эшитиб қолмаганида, барчаси изига тушиб кетармиди?

- Ая, мени қандай оилага узатдингизлар ўзи? Қийналиб кетдим. Қайнонамнинг ақл ўргатиши ҳам жонимга тегди.

Зебо опа келинини тушликка чақирмоқчи бўлиб, эшигининг тутқичидан ушлади-ю ичкарида Хилоланинг тўлиб-тошиб қилаётган арз-додини эшитиб, жойида қотиб қолди. Бошидан кимдир совуқ сув қуйгандай сесканиб кетди. Доимо ёнида олиб юрадиган қўл телефони жиринглашига уйга югуриши бежиз эмас экан. Бу уйдаги ҳар бир гап онасига етиб борар экан-да.

Келинни авайлаб, ўртага совуқчилик тушмасин деб, билмаганини ўргатаётган қайнона аллақачон ёмонотлиққа айланиб улгурганди.

Шу телефонда айтган гаплари сабаб Зебо опа Хилолага илимади. Бутун уйнинг ишини энди чинакамига келинга топшириб қўйди. Овқат-озиққа ҳам аралашмади. Хилоланинг сўроқ саволига "ҳа" ёки "йўқ" жавоби билан қаноатланди. Эрининг " ҳамма ишни бир ўзига ташлаб қўйма" дейишига ҳам қулоқ солмади. Лекин ўртадаги совуқчиликка телефондаги ошкора сўзлашувлар сабаб бўлганини эса эркакларга сездирмади. Арғамчини узун ташлади.

Хилоланинг тайёрлаган таомидан эркакларнинг кўнгли тўлмади. Айниқса, эри ҳали тузи паст, ҳали шўр, ошни шавла қилиб келишларидан безиб, бир-икки қаттиқ уришди.

-Ойи, овқат қилишни сиз ўргатинг, - Миродилнинг кескин сўзлари Хилолага қаттиқ ботди.

- Аста-секин ўрганиб кетади - деди онаси.

Хилолага ҳам шу етмай турганди, ўйлаб ҳам ўтирмай, эшикни қаттиқ ёпиб, чиқиб кетди.

Зебо опанинг "шаштингиздан қайтинг, енгиллик қилманг, болам", дея уринишлари ҳам зое кетди.

-Қўяверинг, ая, ўзи поймонаси тўлиб турганди. Ўзларига ўхшаган бадавлат хонадонни топиб олсин. Унинг кундаги дийдиёлари ҳам хиқилдоғимга келди - дея Миродил шаҳд билан хонасига кириб кетди.

Зебо опа билдики, кечаги онасига қилган шикоятлари бежиз эмас экан.

Ҳалим ака ишдан қайтиб бор гапни эшитди-ю, асабийлашиб у ёқ-бу ёққа юра бошлади. Ҳали хотинини, ҳали ўғлини койиди:

- Бировнинг боласи ўзга хонадонга кўникиб кетиши қийин. Яхши гап билан йўриғингга солиш шунчалар қийинми, хотин? Мен энди оғайнимнинг олдида нима деган одам бўлдим?! Менга қизини ишониб топширса-ю, сенларнинг калтафаҳмлигинг билан бировнинг боласи уйдан кўз ёш билан чиқиб кетса...

- Тур, Миродил, машинани юргиз. Келинни қайтариб келайлик. Ҳали замон фар- зандли бўласизлар. Уят эмасми?

- Дада, унинг феълини билмайсиз. Уйга кирдим дегунча ҳар хил гапларни гапириб, кайфиятимни бузади. Бойлик унинг кўзларини кўр қилиб қўйган.

Яна ўғил нималар деди, ота эшитмади. Гапни чўрт кесди.

- Ҳозир мен билан борасан, тамом.

Миродил итоаткорона отасига эргашди.

Ҳалим ака дўсти, яъни қудасининг уйига кириб борганида, кун ғира-шира бўлиб қолганди.

Айвонда оила аъзолари жам бўлиб, ғўнғир-ғўнғир овоз келарди. Хилоланинг йиғи аралаш бўғиқ овози, "мени энди мажбур қилманглар, ортиқ яшамайман", дея хиқиллаши Ҳалим акани сергаклантирди. Дарров ўғлига юзланди. У кўзини ерга тикди.

Қудалар уларнинг кириб борганини сезишса ҳам дарров йўлига чиқишга шошилишмади. Совуққина саломлашиш, хушламайгина дастурхонга таклиф қилишлари бу иш аллақачон газак олиб улгурганидан дарак берарди. Аслида келинчак қўл телефони орқали оиласидаги ҳамма гапларни уйига етказиб, икки оила ўртасига раҳна солиб бўлганди.

Дўсти Қосимжоннинг мол-давлати Хилолани осонгина оиласидан юз ўгиртирди. Ҳеч ким қизидан айб қидирмади. Чунки бойлик, давлат ҳар нарсага қодир, деб ўйлаган Хилола бахтни сотиб олиш мумкин эмаслигини англашга қодир эмасди.

Қосимжон икки ўт орасида қолди. Неча йиллик қадрдон дўсти Ҳалимжонни деб қизини уйга ташлаб келай деса, аёлларнинг минғир-минғири, қизининг оёқ тираб олиши, йўқ ердаги гапларни писанда қилишлари орқасидан ер чизиб қолди. Қосимжоннинг топган давлати қизини ҳаётга енгил қарашга ўргатиб қўйганлигини жуда кеч англаб етди.

Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди