Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№51 дан: 17.12.2015

Бугуннинг гапи

ФАРЗАНДЛАРИМИЗ ОНГИГА ТАЖОВУЗ

ёхуд дилбандларимиз онгини заҳарлашга уринаётган диний ақидапарастлар, ёт ғоялар хусусида

Бугун биз не-не аждодларимиз орзу қилиб, етиша олмаган озод ва обод юртда яшаяпмиз. Истиқлол шарофати билан қалбимиздаги жамийки эзгу мақсадларимиз амалга ошмоқда. Энг асосийси, юртимиз тинч-осойишта, ҳар тонг хотиржам уйғонамиз, фарзандларимизни боғчага, мактабга жўнатамиз. Юрт тинчлигидан кўнглимиз хотиржам.

Юртимиз кундан-кун чирой очаётган, юксалиб бораётган, юртдошларимиз эса тинчлик-хотиржамликда яшаётган бир даврда дунёнинг қайсидир бурчакларида хунрезликлар, биродаркушлик урушлари, беҳуда қон тўкишлар авж олаётгани барчамизни ҳушёр яшашга, огоҳ бўлишга ундайди. Матбуот нашрлари, телевидение, интернет сайтлари орқали ана шулар ҳақида тинмай гапирилаётган бўлишига қарамай, айрим юртдошларимиз тинчликнинг қадрига етиш кераклигини англамаётганликлари, билиб-билмасдан турли оқимлар таъсирига тушиб қолаётганликлари кишини чуқур ўйга толдиради.

Дунё яралибдики, тинчлик-осойишталик инсоният учун тенгсиз неъмат бўлиб келган. Чунки, биринчи галда осуда ҳаёт, яратувчан меҳнат ва фаровонлик, умуман, барча эзгу мақсадларнинг рўёби, энг аввало, шу неъматга боғлиқ.

Аммо азалдан яхшилик билан ёмонлик, эзгулик билан ёвузлик каби нисбий кучлар бўлганидек, инсон ҳаётига раҳна солувчи офатлар ҳам мавжуд. Улардан бири диний ақидапарастлик ва терроризмдир. Бу офат ўтган асрнинг сўнгги ўн йиллиги ва ХХI асрга келиб, ўзининг жирканч қиёфасини намоён эта бошлади.

Бугунги кунга келиб эса диний ақидапарастлик ва терроризм инсоният учун энг катта муаммога айланиб, ўзининг жирканч кўринишлари, қабиҳ мақсадини тўла-тўкис намоён этмоқда.

Кечагина бутун дунёни ларзага солган Франция воқеасини ёдга олайлик. Ўзининг гўзаллиги билан бутун оламга машҳур бўлган бу юртда содир этилган қўпорувчилик ҳаракати инсониятни яна-да огоҳ бўлишга ундайди. Одамлар энг кўп тўпланган стадион, театр биноси, кафеда уюштирилган портлашлар қанчадан-қанча тинч аҳолининг, кўплаб аёллар ва болаларнинг ҳаётига зомин бўлди. Тинч аҳолига қилинган бундай таҳдидни нима деб аташу қандай баҳолаш мумкин? Бу ёвузликнинг энг жирканч кўриниши эмасми?

Бугун ўзларини ИШИДчилар, яъни Ислом Давлати бунёдкорлари деб атаётганлар аслида инсоний фазилатлардан бутунлай йироқ, қабиҳ ниятларини ислом дини ортига беркитиб, разолат ботқоғига ботаётган кимсалардир.

Ёвуз ниятли диний экстремис-тик ва террорчи оқимларнинг тарафдорлари дунёнинг барча мамлакатларида ўз сафларини кенгайтириш, манфур ғояларини оммалаштиришга уринаётганликлари бугун ҳеч кимга сир эмас. Хусусан, юртимизда ҳам баъзи бир кимсалар халқимизнинг тинч-тотув ҳаётига раҳна солишга, айниқса, келажагимиз эгалари бўлган ёшларини йўлдан оздиришга ҳаракат қилмоқдалар. Бу ёвуз ниятлиларнинг фаровон ҳаётимизни кўра олмаслик кайфияти, тузумимизга қарши тажовуздан иборат уринишлари эркин фикрли ҳар қандай одамни ғазаблантиради. Шу ўринда айтиш жоизки, бугун мамлакатимизда ана шундай хатти-ҳаракатларга, ғояларга қарши жиддий кураш олиб борилмоқда.

Юртимизда, хусусан, вилоятимиздаги таълим муассасаларда, маҳаллаларда, меҳнат жамоаларида кенг кўламли тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилаётгани, террористик ҳаракатларнинг жирканч кўринишлари акс эттирилган видеолавҳалар намойиш этилиб, халқимизга, айниқса, ёшларга уларнинг асл башараси кўрсатиб берилаётгани фуқароларимизни огоҳ ва ҳушёр бўлишга, ақидапарастларнинг ёлғон сўзларига берилмасликка ундамоқда. Бироқ шунга қарамай, телевидение орқали берилаётган шу мавзудаги кўрсатувлар орқали орамизда экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолган айрим юртдошларимиз борлигини кўриб, таассуфлар қиламиз.

...Оилада фарзанд туғилди. Ота-она уни минг орзу-ҳавас билан вояга етказди. Аммо чеккан заҳматлари, меҳнатлари эвазига дилбанди унинг юзига оёқ қўйганини қандай оқлаш мумкин?! Кечагина боғчага, мактабга бориб, биз билан бирга улғайган, шу юртнинг нон-тузини еб камолга етган фарзандимиз бугун қўлига қурол олиб бегуноҳ инсонлар қонини тўкса, буни нима деб аташ мумкин? Ватанига, она халқига бундан-да ортиқ хиёнат бўладими? Ватанфуруш, хиёнаткорни халқ ҳеч қачон кечирмайди. Ўз навбатида бу каби ҳолатларга ҳеч биримиз бефарқ қарамаслигимиз керак. Ёшларимизнинг биттами-иккитами диний оқимларга қўшилиб кетиши бу барчамизни жиддий ташвишга солиши, бу каби ҳолатларнинг олдини олиш чораларини кўришимиз лозим.

Шу ўринда азиз фарзандларимизни хорижий юртларга ишга юбораётганимизда ана шуларни ўйлаб кўрайлик. Бағримиздаги фарзандларимизни ёт юртларга жўнатиб, ўзимиз билмаган ҳолда дилбандларимизнинг турли оқимларга қўшилиб кетишига йўл очиб бермаяпмизми?!

Ёт юртларда оиласи, яқинлари бағридан олисда юрган ёшлар меҳрга, мурувватга, айниқса, моддий таъминотга муҳтожлик сезмайди, деб ким кафолат бера олади? Ана шундай оғир вазиятга тушиб қолган ёшларни яхши гаплар, мўмай даромад билан авраб, сўнгра тубсиз чоҳига қулатаётган террористик ҳаракатлар раҳбарларига айнан бақувват, маънавий тушунчаси тўла шаклланмаган, оқ билан қорани хали ажрата олмайдиган йигит-қизлар кераклигини билиш қийин эмас. Уларнинг фарзандларимиз онгига қилаётган тажовузлари ортида тинчликни маҳв этиш, ободликка раҳна солиш, юртимиздаги осойишта ҳаётни кўролмаслик сингари ғаразли ниятлар мужассам. Буни англаш учун фарзанд-ларимизга хали болалик чоғларидан оқ-қорани ажратишни, ана шундай жирканч ғоявий таҳдидларга қарши уларда маънавий иммунитетни шакллатиришга алоҳида эътибор қаратайлик.

- Ёшларимиз маънавиятига эътибор бериш, уларнинг турли диний-экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолишларининг олдини олиш биз педагогларнинг энг муҳим вазифаларидан биридир, - дейди Марҳамат туманидаги 42- умумтаълим мактаби ўқитувчиси Азизахон Бузрукова. - Фарзандларимизни миллий қадрият, урф-одат ва анъаналар руҳида тарбиялаш масаласига алоҳида эътибор қаратиш, бугун бутун дунёни ларзага солаётган терроризмнинг аянчли оқибатларини истиқлол берган улуғ неъматлар, кенг имкониятлар билан солиштирган ҳолда маънавият дарслари ташкил этиш, шубҳасиз, бу борада ижобий натижалар беради.

Турли тоифадаги одамларнинг ўй-фикрлари, орзу-истаклари ва манфаатларини бирлаштирадиган маскан маҳалладир. Барча ишлар ана шу муқаддас маскандан бошланади. Қолаверса, маҳалла қадимдан тарбия ўчоғи, одамларнинг ҳамжиҳатлик, уюшқоқлик асосида турмуш кечиришларини таъминловчи гўша ҳисобланган. Маҳалла оқсоқоллари, катта ҳаётий тажрибага эга бўлган кексалар, кўпни кўрган нуронийлар маҳалладаги барча ишларни, маросиму тўйларни бошқарганлар. Ҳар бир оиланинг тинч-тотувлиги, ҳар бир кишининг одоб-аҳлоқи, ҳулқи, юриш-туриши маҳалла катталари томонидан назорат қилинган, бошқарилган. Шу маънода халқимизнинг миллий қадриятлари, урф-одатлари улуғланадиган ўзига хос тарбия ва бошқарув маскани ҳисобланган маҳаллада аҳоли, айниқса, ёшларни турли диний-экстре-мистик оқимлар таъсирига тушиб қолишларининг олдини олиш борасидаги тарғибот ишларини айнан маҳаллаларда янада кучайтириш мақсадга мувофиқдир.

- Дарҳақиқат, маҳалла - тарбия ўчоғи, - дейди Балиқчи тумани бош маслаҳатчиси Тоштилла Аҳмедова. - Халқимизда бир болага етти маҳалла ота-она, деган нақл бор. Бола уйидан кўчага чиқдими, демак, унинг назоратига, бораётган жойи, таълим муассасаси, меҳнат жамоаси, атрофидагилар жавобгар. Маҳалла маслаҳатчилари, фаоллари олдига қўйилган муҳим вазифалардан бири ҳам бугун ёшларимиз бандлигини таъминлаш, уларнинг хорижга чиқиб кетишларининг олдини олиш, оилаларда соғлом маъанавий муҳит барқарорлигини таъминлашдан иборатдир.

Ўзларини ислом давлатини барпо этувчилар деб атаётган турли экстремистик, террористик гуруҳлар муқаддас Ислом дини ортига беркиниб яшаётган, ўзларининг манфаати йўлида қон тўкиб, мол-дунё тўплаётган манфур кимсалардир. Муқаддас динимиз фарзандни Яратганнинг буюк инояти, бандага берилган улуғ неъмат эканини таъкидлаб турган бир вақтда Ислом Давлати жангарилари болаларни вахшиёна ўлдириб, уларни "жаннат қушлари" деб атаганларини изоҳлашга ҳожат қолмаса керак. Динимиз одамларни яхшиликка, эзгуликка чақиради - қонхўрлик ва хунрезликка эмас!..

Сўзимиз сўнггида муҳтарам Юртбошимизнинг "Фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашамиз" деган пурмаъно сўзлари бугун озод ва обод юртимизда яшаётган барча инсонларни бир мақсад йўлида бирлаштиради, ҳар қандай ёт ғояларга, ақидапарастларга қарши бир тан бўлиб курашишга чорлайди.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ,

Зилола РАҲМОНОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди