Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№6 дан: 04.02.2016

Дил туғёни

"БАХТЛИ БЎЛГИН, ОНА ҚИЗИМ..."

УЗАТИЛАЁТГАН ҚИЗГА ОТАСИНИНГ АЙТГАНЛАРИ

Қизалоғим, жонимнинг пайванди, кўзимнинг оқу қораси, умрим чаманининг чечаги. Вақтнинг югуриклигини қара, жон болам, кечагина эди, сен туғилганингда, қандай исм қўйсам экан, деб ўйлаб юргандим. Бугун эса юрагимдан юлиб-узиб сени ўзга хонадонга узатяпман. Яқиндагина ота бўлдим, деб қувониб-севиниб юргандим, бугун эса фарзандим туфайли фарзандларим яна биттага кўпайяпти. Шукр, беҳисоб шукр, қизим...

Қизалоғим, ҳар бир кун, ҳар лаҳза инсоннинг дунёқараши ўзгаришига сабаб бўларкан. Сен туғилган кунингдан бошлаб, мен буткул бошқа одамга айландим. Ҳаётга қарашларимни, орзуларимни ўзгартирдинг. Шўх, бебош, худбин одамни оилапарвар рўзғор бошлиғига айлантирдинг, жон қизим. Сен туғилгунингга қадар, оила, турмуш ташвиши, масъулияти деган тушунчаларнинг муқаддаслигини англаш тугул, ҳатто бундай нарсалар ҳақида ўйлашнинг ўзи менга ёт эди.

...Вақт-соати келиб сен дунёга келдинг. Жон қизим, жоним қизим, сен туғилдингу аслида мен қайта яралдим. Ҳаётимнинг мазмуни, умримнинг давомчиси эканингни, сен ва онанг билан ҳаётим нурли, бахтим бардавомлигини ҳис қилдим. Миттигина вужудинг, мунчоқ кўзларинг, жимитдеккина чеҳранг... Қизалоғим, узилган ришталарни мустаҳкам боғлаган, жигарбандим мени. "Яхши кунларимдан, бахтли дамларимдан шаҳодат берсин", деб исмингни Шаҳодат қўйдим. Оиламиз меҳр-муҳаббат ришталарини янада мустаҳкамладинг, онанг иккимизни бир-биримизга яқинлаштирдинг. Сени бергани учун, Яратганга беҳисоб шукр, қизим-гулим.

Бугун сенинг бахт тўйинг. Орзу-ҳавасларда гулдай очилиб, нурдай сочилиб келинчак бўласан. Жон қизим, энди даргоҳимга, туғилиб ўсган болалик уйингга меҳмон бўлиб келасан. Гул қизим, шундай келинчак бўлгинки, сен туфайли қалбим, борлиғим қувочларга тўлсин. Биласанми, жон қизим, аёл бўлиб яралиш ҳикмати нимада? Ҳамиша ҳимояда бўлишингда. Сен босган изларда гул унишида. Униб-ўсган хонадонингда нур бўлиб киришингда. Қизим, туморим менинг, шу пайтга қадар бир гапимни икки қилмадинг, хоҳишимдан ташқари қадам босмадинг. Ука-сингилларинг ҳам изингдан бораётгани бизнинг фахримиз. Энди бахт уйингда ҳам бизга раҳматлар янграсин.

Жон қизим, ота-она фарзандидан моддият истамайди, агар у чин инсоний фазилатлардан бебаҳра бўлмаса. Ота-она фарзандидан тарбиясининг самарасини кутади. Ҳатто боласига етарлича тарбия беролмаган ота-она ҳам фарзандининг келажаги порлоқ бўлишини астойдил истайди. Шукр, онанг оиласини жон қадар асраб-авайлаб, рўзғорини гуллатадиган аёл бўлгани учун, сенда ҳам бу фазилат яққол кўриниб туради. Қўли ширин, пазанда қизим мени, энди сенинг йўқдан бор қилиб тайёрлайдиган мазали таомларингни соғиниб қоламан. Чин уйингдагиларга ҳам шундай ширин таомлар тайёрлаб бериб, уларнинг меҳр-муҳаббатига сазовор бўл. Аёл кишининг ширин сўзи, мулойим феъли ярим бахти бўлса, қолган бахти пазандалигида. Худога шукр, сен тайёрлайдиган таомларнинг довруғи қариндош-уруғларимизу уйимизга келадиган меҳмонларни лол қолдирган. Борган жойингда қийналмагин, касбу-ҳунаринг билан ўша даргоҳда иззат топгин деб, сени ўзинг орзу қилган ўқишларда ўқитдим. Ниятим - аввал аёллик илми, бекалик ҳунари, оналик касбини аъло даражада уддалагин. Қолаверса, ўзинг эгаллаган касбинг билан ҳам эл-юртга нафинг тегсин.

Жон қизим, кўз тегмасин сенга, дуоларим посбонинг бўлсин, ўйласам, сенинг шу туришинг, бўй-бастинг бахт экан. Дилбандим, отангнинг тилагини қулоғингга қуйиб ол, бахт эшигининг калити - САБР деб номланган. У эшикка олиб борадиган йўлнинг номи - ҚАНОАТ. Шу иккаласини маҳкам тутсанг, сендан кўнглим хотиржам - бахтли бўласан, иншооллоҳ. Қайнотангни, қайнонангни ҳамма вақт ҳурматини жойига қўй. Отам мендан рози бўлсин, десанг ўзингдан каттага ҳеч қачон тик қарама. Айниқса, эрингнинг кўзига тик қараб, баланд овозда гапирма. Қайнонангнинг койишини онангнинг танбеҳидай қабул қил. Фарзанд хато қилса, ота-она унинг хатосини кўрсатиши, тўғри йўлга солиши фарз. Жуфтингнинг ота-онаси сенга ҳеч қачон ёмонлик тиламайди. Сен уларнинг дилбанди ортидан борган фарзандисан. Борган жойингда тошдек жилмас бўл, яна айтаман, энди болалик уйингга фақат меҳмон бўлиб келасан. Бораётган хонадонинг сенинг чин уйинг, буни ҳеч қачон унутма! Уйингдаги сирни дарвозангнинг тирқишидан чиқарма. Бир сўздан қолишни ор деб билма! Турмушдаги келишмовчиликларда аёл ўзини эридан бир эмас, бир неча поғона паст тутиш билан қадрини юксалтиради. Бу ўгитимни қулоғингга қуйиб ол. Шунда бахтинг қуёшдек порлаб кўнгил осмонингни нурафшон қилади.

Гул қизим, она қизим, онамга ўхшаган фаришта қизим, менинг! Отангни рози қилишни истасанг, остонамга келганингда чеҳрангда мамнунлик балқиб турган бўлсин, лабингда табассум канда бўлмасин. Илоҳим, куёвим тақдирингга битилган жуфтинг, оилапарвар инсон бўлсин. Энг аввало, масъулиятли бўлсин.

Сўзларим аввалида сенга айтмоқчи бўлганларим кўп эди. Бир ота қизига бериши керак бўлган пандни сенга уқтира олдиммикан, қизим? Ақллигим, сўзларим интиҳосида тилаганим сенга фақат ва фақат БАХТ тилайман. Кўзларинг севинч ва шукроналик ёшларидан намлансин. Она қизим, орзуларинг рангидаги либосинг муборак бўлсин! Гул қизим, янги хонадонинг остонасида бахт олқишласин сени. Эсингда бўлсин, дуоларим ҳамиша ҳамроҳинг. Бахтли бўлгин, қизалоғим...

Рухшона ФАРРУХ

нашрга тайёрлади.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди