Огоҳлик
ҚОНУН ҲАМИША УСТИВОР
Мамлакатимизда халқимизнинг миллий, маданий, тарихий бойликларини асраб-авайлаш, уларни келажак авлодларга бус-бутун етказиш масаласига алоҳида эътибор қаратилади. Чунки улар миллатимиз фахри, тарихимизнинг бир бўлагидир.
Афсуски, айрим кишилар томонидан ана шу бойликлар, яъни тарихий ва илмий қимматга эга буюмлар, осори атиқалар, қимматбаҳо ёдгорликлар четга олиб чиқиб кетишга уринишлар бўлаётганлиги барчамизни огоҳликка чақиради.
Маълумки, амалдаги қонунчилигимизга кўра, юртимиз ҳудудидан маданий, тарихий, илмий аҳамиятга эга бўлган буюмларни олиб чиқиб кетиш таъқиқланган. Вилоят божхона бошқармаси томонидан ана шундай ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган зарур чора-тадбирлар белгиланган. Хусусан, ана шу йўналишдаги ноқонуний хатти-ҳаракатлар ўз вақтида аниқланмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг 29 апрель куни Андижон вилояти божхона бошқармаси "Дўстлик" чегара божхона комплекси ходимлари томонидан юртимиз ҳудудидан Қирғизистон Республикасига чиқиб кетаётган Украина Республикаси фуқароси Лариса исмли аёлга тегишли буюмлар назоратдан ўтказилганда, унинг сумкасида 20- аср бошларига тааллуқли халқ амалий санъати намунаси бўлган 2 дона обдаста борлиги аниқланди.
Шунингдек, айнан шу божхона комплекси ходимлари томонидан Қирғизистон Республикасидан Ўзбекистонга кириб келаётган юртимиз фуқароси Ж. Сапарбоевага тегишли буюмлар текширилганда, унда 906,38 грамм заргарлик буюмлари борлиги аниқланган.
Юқоридаги ҳолатлар бўйича суриштирув ишлари олиб бормоқда.
Бу каби ноқонуний ҳаракатлар айрим ҳолларда аёллар томонидан содир этилаётганлигини асло оқлаб бўлмайди. Аёллар ҳамиша муқаддас зот сифатида улуғланиб келинган, қайсидир бир аёлнинг жиноятчи деб ном олиши аёл шаънига қора доғ бўлиши аниқ. Шундай экан, азиз опа-сингилларимизни бундай йўлга кирмасликларини истар эдик. Шу ўринда улар яхши билиб олишлари керакки, қонун барча учун баробар. Аёл киши бўлса-да, ноқонуний хатти-ҳаракати учун тегишли жазога тортилади.
Андижон вилояти божхона
бошқармаси матбуот хизмати.
|