Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№23 дан: 02.06.2016

МАДҲ

АЁЛ БОРКИ, ОЛАМ МУНАВВАР

Аёл ҳаётимизни мунаввар этгувчи қуёш, бир қўлида дунёни, бир қўлида бешикни тебратувчи оламнинг устунидир. Не-не улуғ зотларни дунёга келтирган буюк зотдир у. Унинг нафасида ҳаёт яшайди, унинг севгисию дуоси сабаб эл ўсади, қалб улғаяди, мамлакат гуллаб-яшнайди.

Муҳтарам юртбошимиз таъбири билан айтганда, "Инсоният тарихи шундан гувоҳлик берадики, минг йиллар давомида ҳар қайси жамиятнинг маданий даражаси ва маънавий баркамоллиги аёлларга бўлган муносабат билан белгиланади. Айниқса, аёлларга шарқона эҳтиром ва эъзоз биз учун ибратли меросдир".

Аёл ҳақида ҳикмат кўп. Ғазал мулкининг султони ҳазрат Алишер Навоий асарларида ҳам аёллар, оналар ва уларнинг гўзаллиги, меҳру муҳаббати, оқилалиги тўғрисида сўз боради. Жумладан, "Маҳбуб ул-қулуб" асарида шундай дейилади:

"Яхши хотин - оиланинг давлати ва бахти. Уйнинг озодалиги ундан, уй эгасининг хотиржам ва осойишталиги ундан. Ҳуснли бўлса, кўнгил ёзуғи, хушмуомала бўлса, жон озиғидир. Оқила бўлса, рўзғорда тартиб-интизом бўлади, асбоб-анжомлар покиза ва саранжом бўлади. Турмушда бошингга ҳар қандай жафо тушса, ҳамдардинг у; тескари айланувчи фалакдан бошингга ҳар бало келса, кўмакдошинг у. Кўнглингга ғам юзланса, у ғамнок; баданингга хасталик ва заифлик етишса, унинг ҳам жони фалак".

Шунингдек, "Арбаин" асарида ҳам Навоий ҳадисда келтирилган "Жаннат оналар оёғи остидадир" деган таърифни қуйидаги тўртлигида ифодалайди:

Оналарнинг оёғи

остидадир,

Равзаи жаннату

жинон боғи.

Равза боғин висолин

истар эрсанг,

Бўл онанинг оёғин

туфроғи.

Дарҳақиқат, оналаримиз ғанимат. Уларни қадрлаш биз фарзандларнинг бурчи. Бу хусусда Бобораҳим Машрабнинг шундай сатрлари бор:

Жамолинг кўргали келдим,

аё эй меҳрибон онам,

Менинг учун адо бўлган

юраги бағри қон онам.

...Ажойиб меҳрибонимсан,

менга орому жонимсан,

Муроди ду жаҳонимсан,

беҳишти жовидон онам.

Оналар шаънига битилган юқоридаги каби сарҳадсиз мисраларни ўқиганмиз. Кўринадики, ўзбек халқида аёлларга, оналарга кўрсатиладиган ҳурмат-эҳтиром кучли бўлган ва ҳозир ҳам шундай. "Ўзбек халқидан етишиб чиққан, тарихда ўзининг жасорати ва матонати, ақл-заковати, нафосат ва назокати билан ўчмас ном қолдирган Тўмарис, Бибихоним, Гулбаданбегим, Зебунисо, Нодирабегим, Увайсий, Анбар Отин ва бошқа юзлаб аёлларимизни ҳамиша эҳтиром билан тилга оламиз", дея таъкидлайдилар юртбошимиз ҳам.

Аёлларга бўлган ҳурмат ортида уларнинг бахти мужассам. Чунки аёл бахтли бўлган оиланинг рўзғори файзли, тонглари нурафшон. Аёллари бахтли бўлган мамлакатнинг турмуши сокин, чегаралари мустаҳкам бўлади. Энг муҳими, ана шундай оналар юртимиз келажаги бўлган баркамол авлодни дунёга келтирадилар.

Хуршида АНАРБОЕВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди