Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№23 дан: 02.06.2016

Турмуш чорраҳаларида

"БОШИНГИЗНИ КЎТАРИНГ, ОНАЖОН"

Хизмат юзасидан бир аёл билан танишиб қолдим. Кўп соҳаларда у билан ҳамфикр чиқардик. Шунданми тез-тез учрашиб дилдан суҳбатлашиб турардик. Бир гал у ҳаёти, умр сўқмоқларида бошидан ўтказган яхши ёмон кунлар ҳақида гапириб берди. Аёлнинг сабр-тоқатига, ҳалоллигига, бардошига тасаннолар айтдим. Мана шундай тоифадошларимиз борлиги учун ҳам аёл ҳамиша муқаддас эканлигига яна бир бор амин бўлдим. Эзгулик ҳамиша ғолиб деганларидай фахрдан масрур бу аёлнинг дил туғёнларини сизга ҳам илиндим.

Собиқ эрим - дадасининг ярашиш ҳақидаги таклифини минг истиҳола билан ўғлимга айтгандим, болам аввалига бошини қуйиб солиб жим тинглади мени. Сўнг телефонидан отасининг рақамини терди ва гўшакдан отасининг овози эшитилган заҳоти шундай деди:

- Дадажон, беш ёшимдан бери отасизлик қандай азоблигини ҳис қилиб яшадим. Тенгдошларим "дадам" деб гапирганида кўнглим тўкилиб чил-чил бўларди. Мен учун ҳам она, ҳам ота бўлиб дунё ташвишларига ёлғиз ўзи елка тутган онагинамнинг борига шукур қилиб, йиғлагим келганида, лабларимни қаттиқ тишлардим. Сиз эса бир марта йўл қўйган хатоингиздан сабоқ олмабсиз. Яна ўша хатони такрорламоқчимисиз? Яна икки болангизга отасизлик жафосини кўрсатмоқчимисиз. Сиз фақат мендан фарзандлик ҳаққи умид қилишингиз мумкин. Бошқа ҳеч қандай таъмага маънавий ҳақингиз йўқ. Оилангиз, укаларим - фарзандларингизга меҳрингизни беринг. Биз чиққан кемада энди сизга ўрин йўқ, дадажон...

Ҳайратда эдим. Кўзимдан оқаётган ёшларни айтмаса ҳайкал эдим мен гўё. Шу йигит менинг боламми? Мен тарбиялаган ўғил шунчалик оқил, зукко, бағри кенг, мард бўлиб вояга етибдими? Қачон унга инсонийликдан сабоқ бериб улгургандим? Қачон у айрим катталарнинг ақли етмайдиган нарсаларни оқиллик билан мулоҳаза қилишни ўрганибди? Бу - чеккан жабру жафоим, изтироб сўзини эшитганда яраларидан қон сизгувчи кўнглим учун Яратганнинг ажру мукофотими? Ўзингга ҳамду санолар бўлсин, Аллоҳим!..

Обрўли оиланинг фарзандиман. Университетда ўқиб юрганимда ота-онамнинг ихтиёрлари билан турмушга чиқдим. Қайнона-қайнотам жуда яхши инсонлар эди. Эрим еру кўкка ишонмасди мени. Бахтли эдик. Эрим хорижга ишга кетдию бахтимиз ҳам, оиламиз ҳам дарз кетди. Оиласидан узоқда бўлган эркакни йўлдан урадиган аёлларнинг макри кучли бўларканми ёхуд мен ёшлик қилиб жуфти ҳалолимни бегона аёлга топшириб қўйдимми, хуллас оиламиз бузилди. Ўғлимнинг отаси билан муносабатларимиз тугаб, қаттиқ тушкунликка тушган кезларим шаҳарга, яқинларимнинг олдига бордим. Бир ўзим ишлашим, ўзимни таъминлашим кераклиги учун иложсиз ўғлимни онамга ташлаб келдим. Бир зумда оилам пароканда бўлганди.

Шаҳарга келган кунларим кунлаб, ҳатто баъзида ҳафталаб кўзимга уйқу келмасди. Эрталаб иш қидиришга чиқиб кетардим, кечаси тонгача йиғлаб чиқардим. Бола етаклаган аёлни кўрсам ўғлимни соғинганимни ҳис қилиб юрак-бағрим ўртанарди. Аммо чора тополмасдим болагинамни ёнимга олиб келишга... имкон қила олмасдим.

Эри йўққа эшик ҳам, девор ҳам эр бўлгиси келаркан. Бошимдан қандай кунлар ўтмади. Ҳар гал "Тамом бўлдим, етар, Аллоҳим, синовларинг елкамни эзди, раҳм қил!" деб овозим борича ҳўнграб йиғлардиму, енгил тортиб, ҳаёт учун курашда давом этардим.

...Бугун ўзим истаганимдан ортиқ мавқе ва мартаба билан тақдирландим. Пешона терим билан уй-жой қилдим, автомашина сотиб олдим, ўғлим - ҳимоячим ёнимда. У нуфузли олий ўқув юртининг биринчи курсини тамомлаш арафасида. Ўғлим билан фахраланаман. Кўз ёшларим, имтиҳоним ажри болагинам. Мен унга кечаю кундауз "бу яхши, бу ёмон", "унақа қилма, бунақа қил" деб тарбия бермадим. Бунга вақтим ҳам йўқ эди, зотан. Тирикчилик, турмуш ташвишлари бўйнимда, эркакдай ишлашим, фарзандим иккимизни таъминлашим керак эди. Унга фақат бир сўзни айтардим: "Сен илмли, оқил, ҳақиқий мард йигит бўлишинг керак! Менинг бир ҳимоячим Аллоҳим, бир ҳимоячим сен бўласан! Болам, аёл бўлиб эркакка суяниш нималигини билмадим, она бўлиб ўғилнинг ҳимоясида бўлишим имконини кутаман сендан"... Бу гапларни айтибману, мағзини чақиб бермабман. Болагинам ўзи фикрлаб, ўзи мулоҳаза қилиб нима демоқчилигимни илғаб олаверибди.

Бугун отасига айтганларини эшитарканман, орзуларим ижобат бўлганини англадим ва шукроналар айтдим Эгамга. Беҳуда озор чекмаган эканман. Бежиз эмас экан синовларим, имтиҳонларим. Тўккан кўз ёшларим ҳаёт чаманимда гул бўлиб унди, нур бўлиб йўлларимни ёритди. То бугунга қадар ўзимни кемтик билардим, бахтдан яримман, бошида паноҳи йўқ эгасиз аёлман, дея ўксинардим. Йўқ, янглиш ўйда эканман, асли дунёдаги энг бахтли она мен эканман! Бу бахтга иқрорлик туйгунича ўртанган юрак энди парвози билан кўкни кўзламоқдаки, собиқ эримнинг олдида юзимнинг ёруғлиги неча йиллардан бери бесаранжом, беҳаловат бўлган юрагимга хотиржамлик берди...

Бир сўз демай кўз ёшларини менга билдирмай бармоқлари билан сидираётган ўғлимни зимдан кузатиб ўтиргандим, телефонимга қўнғироқ бўлди. Собиқ эримнинг рақами. Жавоб бердим. Йиғисини тўхтатолмай узуқ-юлуқ гапира кетди:

- Сендан миннатдорман, беҳад миннатдорман. Ўғлимизни яхшидан ҳам аъло қилиб тарбиялаган экансан. У ҳақиқий эркак бўлиб вояга етибди. Чинакам эр йигит! Шундай ўғил, солиҳ фарзанд тарбиялаганинг учун раҳмат сенга.

- Ўғлингиз... ўғлимизни ҳаёт улғайтирди, ҳаёт тарбиялади...- Тишларим орасидан шу сўзлар базўр сирғалиб чиқди. Бемалол гапиролмасдим, бўғзимни куйдираётган йиғини ичга ютиб давом этдим: - Биласизми, у стипендиясининг бир қисмини жамғариб юрибди. Бир куни "Кам-кўстинга ишлатсанг бўлмайдими, ўғлим, нега йиғиб юрибсан?" десам "Сизни Ҳаж зиёратига олиб бораман" деди...

Чидаёлмадим. Йиғлаб юбордим. Алоқа узилди. Отаси ҳам кўз ёшларини тиёлмагани учун суҳбатни давом эттиролмади. Бу кўз ёшлар биримиз учун шукроналик, севинч ёшлари, биримиз учун пушаймонлик ва алам оби дийдалари эди...

Аёлнинг дил сўзларини

Умида АДИЗОВА оққа кўчирди.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2020 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди