Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№23 дан: 02.06.2016

РАҲМАТ ВА МАҒФИРАТ ОЙИ

Бугун муборак рамазон ойи арафасида турибмиз. Ҳар йили рамазон рўзасини тинчлик-осойишталик, хотиржамлик билан адо этиб келмоқдамиз. Дарҳақиқат, бу ойда иймон-эътиқод билан қилинадиган дуолар мустажоб бўлади. Чунки бу муқаддас ойда Аллоҳ Таоло бандаларига осмон эшикларини очиб, ҳар бир дуо қилгувчининг дуоларини ижобат қилади.

Мустақиллик шарофати билан диёримизда Рамазон ойи рўзасини барча мусулмонларимиз ўзгача завқ ва эркинлик билан тутиб келмоқдалар. Дарҳақиқат, рамазон ойининг рўзасини тутиш биз мўмин бандаларга Аллоҳ фарз қилган ибодатдир. Бу ойнинг фазилати ниҳоятда улуғдир. Аллоҳ таоло ўзининг каломида: "Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди", ("Бақара" сураси, 183- оят). Аллоҳ таоло рўзанинг фарзлигини мўминнинг тақвосига қайд қилгандир. Расулуллоҳ (с.а.в.) айтганларидек, бу ойнинг аввали, яъни биринчи ўн кунлиги раҳмат, иккинчи ўн кунлиги мағфират ва учинчи ўн кунлиги эса дўзаҳдан нажотдир.

Раҳмат - Аллоҳнинг раҳмати тушган қалб эгаси ҳақдан адашмайди, дунёнинг зеб-зийнатларию хою ҳавасларига алданмайди, ҳақиқатга хиёнат қилмайди. Албатта, бундай бўлиш осон эмас, лекин Аллоҳнинг раҳмати ёғилган қалбларга мушкулот йўқ. Шунингдек, бу каби оила барокатли бўлади, бундай оилада меҳр-муҳаббат, ваъдага вафо ҳукмронлик қилади.

Мағфират - фазилатли улуғ ойнинг иккинчи ўн кунида гуноҳлар кечирилади, хатолар авф этилади, тавбалар қабул қилинади, қалблар покланади, инсонлар гўё онадан янги туғилгандек масъум ҳолга келадилар.

Дўзаҳдан нажот - Яратганнинг раҳматига ноил бўлган, гуноҳлари кечирилган бандалар, албатта, дўзахдан нажот топадилар. Охирги ўн кунлик бизларга мана шундай омонликни беради.

Демак, барчаларимиз буюк имкониятлар ойида фақат чин имон ва ихлос билан Аллоҳга ва охират кунига имон келтириб, сидқидилдан рўза тутсак, ибодатимизга риё, таъма ва ихлосга путур етказадиган бошқа ҳолатларни аралаштирмасдан, келажак учун катта бир зоди роҳила тайёрлаган бўламиз.

Ҳар бир ибодат ва амалларда бўлгани каби рўзанинг ҳам шартлари, фарзлари, қоидалари бор. Тонгдан шомгача рўза тутиш нияти билан ейиш, ичиш ва жинсий яқинлик қилишдан сақланиш - рўзанинг фиқхий шартларидир. Аммо салафи солихинлар булардан ташқари яна олти нарсани алоҳида таъкидлайдилар:

1. Кўзни юммоқлик, яъни кўзни гуноҳга олиб борувчи (номашруъ) нарсаларга қарашдан сақлаш. Бу иш, аввало, одамлар ўртасида амалга оширилади. Эркаклар бегона аёлларга, аёллар бегона эркакларга қарашдан сақланишлари лозим. Нафақат бу ойда, балки бошқа ойларда ҳам доимо кўзни эҳтиёт қилиш даркор. Аллоҳ таоло Ўзининг каломида: "(Эй Муҳаммад), мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар" ("Нур" сураси, 30- оят), "Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркаклардан) қуйи тутсинлар" ("Нур" сураси, 31- оят) дея марҳамат қилганлар. Бу хусусда ҳадиси шарифда ҳам қуйидагича баён қилинган: "Номаҳрамга ташланган назар шайтоннинг бир ўқидир. Кимки Мендан қўрқиб, ушбу назарни тарк этса, унинг ўрнига шундай имонни алмаштириб бераманки, қалбида унинг халоватини ҳис қилади". Бошқа бир ҳадисда эса: "Қиёмат куни барча кўзлар йиғлаб туради. Лекин Аллоҳ харом қилган нарсалардан юмилган кўз, Аллоҳ йўлида бедор бўлган кўз ва Аллоҳ таолодан қўрқиб пашшанинг бошичалик ёш чиқарган кўз бундан мустаснодир", дейилади.

2. Тилни асрашлик, яъни беҳуда, ёлғон, ғийбат ва бошқа гуноҳга олиб борувчи сўзларни гапирмаслик. Зеро, тилни бемаъни, бефойда гаплардан тиймаслик рўзанинг мукаммаллигига путур етказади. Ҳадиси шарифда айтилишича, "Кимки (ўзи рўзадор бўла туриб) ёлғон гапиришни ва у билан амал қилишни тарк этмаса, унинг таом ва ичимликни тарк қилишига Аллоҳ муҳтож эмасдир". Яна бир ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: "Қачон бирортангизнинг рўза тутган кунингиз бўлса, бемаъни сўзларни гапирмасин ва овозини баланд қилмасин. Агар бир киши у билан сўкишиб ёки уришиб қолса, "Мен рўзадорман" десин, дедилар".

3. Қулоқни асрашлик, яъни беҳуда ва бемаъни сўзлардан қулоқни эҳтиёт қилишлик. Зеро, гапириш харом қилинган сўзларни эшитиш ва қулоқ солиш ҳам ҳаромдир. Ҳадисларда: "Ғийбат қилувчи билан унга қулоқ солиб ўтирган киши гуноҳда шерикдирлар", деб баён қилинган.

4. Бошқа барча тана аъзоларини гуноҳдан асраш. Масалан, қўл билан бировга озор бермаслик, оёқ билан ёмон жойларга бормаслик, ифторда ҳам, саҳарликда ҳам доимо халқумни покиза, ҳалол тутишлик.

5. Ифторда кўп овқат емаслик ва кундузи кўп ухламаслик. Албатта, бунинг ҳам ҳикмати бор. Чунки рўза инсонларга очлик аламини ҳис қилдириш учун машруъ қилинган. Кундузи бироз оч юриб, ифтордан кейин кўп овқат ейиш солихлар одатига ҳам хилофдир. Бундан ташқари, очлик нафс тарбиясида ва инсон маънавий камолотида ҳам муҳим ўрин тутади.

6. Ифтордан кейин хавф (қўрқинч) ва ражо (умид) ўртасида бўлишлик. Ушбу шарт ҳам рўзанинг қабул бўлишида муҳим ўрин тутади. Инсон қилган амалидан ғурурланиб, тутган рўзасидан фахрланса, ажр-савобдан маҳрум бўлиб қолади. Шунинг учун ҳар биримиз доимо қилган ибодатимизда, тутган рўзларимизда йўл қўйган хато ва камчиликларимизга истиғфор айтиб, Аллоҳ таолога ёлвориб, уни қабул қилишини сўрашлигимиз зарур.

Юқорида санаб ўтилган шартларга амал қилган ҳолда адо этилган рўза мукаммал рўзадир.

Яратган, аввало юртимизни тинч ва осмонимизни мусаффо қилсин. Барчаларимизни Рамазоннинг раҳмат ва баракотидан баҳраманд этсин.

Шаробиддин

МУСАБОЕВ,

Андижон шаҳридаги

"Абу-Ҳурайра" жомеъ масжиди имоми.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди