Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№25 дан: 16.06.2016

ШЕЪРИЯТ САҲИФАСИ

ВАТАН

Ватан!

Бағрингдаги бахтли боламиз,

Сен сабаб шижоатга тўла юраклар.

Бугун ва эртамиз кўрамиз ёруғ,

Осмонлардай баланд орзу, тилаклар.

Дўстим!

Қара, қандай муродбаҳш бу кун,

Зафарлар ҳамиша бизларга ташна.

Ҳар чашма, ҳар гўшанг бунча файзиёб,

Жаннатга қиёсим гуллайвер - яшна.

Юртдошим!

Бугун елкамизда улкан масъулият,

Кел, қуллуқ қилайлик, бахтли бўстонга.

Бизлардек довюрак фарзандлар керак,

Кўкларга бўй чўзган Ўзбекистонга!

Феруза ФОЗИЛОВА.

ЮРТ МАДҲИ

Барча учун тинчлик - азиз неъматдур,

Барча учун, аввало, вақт ғаниматдур.

Омон бўлсак бу - энг олий бахтдур,

Ватан - сен йўлимизни ёритган нур.

Пештоқига тинчлик номин илиб қўйганмиз,

Ватан дея кўксимизни кериб қўйганмиз,

Уни ардоқлаймиз, жондек суямиз,

Ватан - сен йўлимизни ёритган нур.

Юртдошим Ватанга ўзинг қуллуқ қил,

Озод ва бахтиёр эрур ҳар кўнгил.

Сенинг бағрингда бахтиёр ҳар дил,

Ватан - сен йўлимизни ёритган нур.

Озода МАШРАПОВА,

Балиқчи тумани.

ҚАЛБИМДАГИ ОРЗУ

Қалбим тўла орзулар,

Қачон рўёбга чиқар?

Балки омадим келиб,

Юлдузлар порлаб кетар.

Ўша кун келар албат,

Қиламан сабр-тоқат.

Орзуларим лиммо-лим,

Етар узун қўлларим.

Қалбимда истакларим,

Чаман-чаман гул эрур.

Мақсад сари бораман,

Бу ишим омад берур.

Бахтихон ИНОМЖОНОВА,

Жалақудуқ тумани.

ОРЗУДАГИ БАХТ

Ҳаётимдан хурсандман жуда,

Ўз танамга сиғмай кетяпман.

Толеимга бахт битилгандур,

Чин дилимдан буни сезяпман.

Учгим келар кўм-кўк самога,

Қуёш бағрин қучиб келсамми?

Бу дунёда энг ёмонларни,

Ғурбат томон ташлаб елсамми?

Қадрлайман умрим етгунча,

Ҳаёт деган азиз неъматни.

Гулга тўлар ҳар босган жойим,

Сўнг тополмам бундай фурсатни.

Мен танамга сиғмай кетяпман,

Бунча ширин азизсан, ҳаёт.

Яшаяпман масрур, озод қуш,

Гўзал бахтлар бўлсин барҳаёт.

Сурайё ЁРДАМОВА,

Андижон тиббиёт коллежи ўқувчиси.

СЕН КЕЛДИНГ

Сен келдинг, ҳаётим дафтарин очиб,

Оппоқ вароғини ҳар ёққа сочиб.

Юрагим чўққига олиб чиққани,

Сен келдинг ёнимга шамолдан қочиб.

Сен келдинг, оламга баҳор ҳам келди,

Сочларим шаббода куйида елди.

Юр дея, қўлимдан тортдинг негадир,

Сўзимни сўзларинг кетма-кет енгди.

Сен келдинг, қўлингда қизил лолалар,

Шеър битар ўйноқлаб сочим товланар.

Кўзинга боқолмай кўзлар уятда,

Киприклар айтади тинмай ёр-ёрлар.

Сен келдинг, юрагим сезмайин қолди,

Ўйлайвериб ўйлар йўлларда қолди.

Майли, дедим мени энди олиб кет,

Хаёллар кўнглимни азобга солди.

Дилдора ТОЖИБОЕВА.

БЕДОР ТУЙҒУЛАР

Меҳр қора либос кийиб эгнига,

Қора пардаларнинг ортига қочди.

Сулув париларни чорлаб қошига,

Соғинч садоқат эшигин очди.

Лола каби алвон бўлди юзларим,

Инсон ўз "қадр"ини бозорда сотди.

Аламларга тўлган беун юрагим,

Сени ким топтади, кимлар тош отди.

Дарднинг панасида бахт бўлди бахтсиз,

Қадр оёқости бўлди тупроқда.

Армондан чарчаган юрагим шаҳдсиз,

Соғинч қотиб қолди мунгли қароқда.

Қаҳр қаҳратонда совқотиб бироз,

Умиднинг дилини қийнайди тиғлар.

Одамлар юрагин музлатиб аёз,

Меҳр остонадан киролмай йиғлар.

Шодиябегим МАҲКАМБОЕВА.

ШАМОЛ

Шамол аста сочим эркалаб,

Юзларимни ювар ёмғирда.

Уйғотарди ҳар тонг эрталаб,

Шивирларди ойнам олдида.

Аста чертиб қўяр эшигим,

"Келдим", дерди яна пичирлаб.

Келмаса-да мен уни кўргим,

Келганлигин айтар шивирлаб.

Бирдан ғазаб отига миниб,

Ғувиллади, бермади уйқу.

Деразани очган заҳотим,

Олиб кетди рўмолимни у.

Эҳ, рўмолим учиб самода,

Қушдек парвоз айлаб кетди-я.

Ул шамол ҳам мени эркалаб,

Алдаб туриб ташлаб кетди-я.

Мадинабону

АСЛИДДИНОВА.

САБР

Унутмоқчи бўлдим дунёни,

Кўз ёшларга ювилиб кетдим.

Қайғу билан безаб дунёни,

Армон билан қоришиб кетдим.

Хаёлларим варақлаб шу чоғ,

Хотиралар қасрига етдим.

Қаҳратонга айланди юрак,

Баҳор билан уришиб кетдим.

Тақдиримга бўйсунмадим ҳеч,

Шамолларга бердим бағримни.

Лек бир куни мен кўриб қолдим,

Кўнгилдаги митти сабримни.

Умидларга тўлди бу таним,

Порлаб кетди жисмим қуёши.

Агар дард-ла бўлсам юзма-юз,

Сабр бўлар умрим йўлдоши.

Мухлиса

МИРЗААБДУЛЛАЕВА,

Андижон шаҳри.

КИТОБ НОЛАСИ

Оддийгина эртак китобман,

Ижод завқи ила яралдим.

Йиллар ичра чекиб заҳматлар,

Аста дунё юзини кўрдим.

Дерлар: китоб нон каби улуғ,

Аммо мени авайлашмади.

Ўқимайин вароқларимни,

Парча-парча қилиб ташлашди.

Бугун яна юрак ғашланган,

Кераксизман, чангларда қолдим.

Афсус энди четга ташланган,

Бир китобман, буни тан олдим.

Мубина ОРТИҚБОЕВА.

МУҲАББАТ

Севги шундай сеҳрли туйғу,

Қалбинг аро кирар бесўроқ.

Кечалари бермайди уйқу,

Сўнмас сира у ёққан чироқ.

Кириб келар бўлиб бир учқун,

Олов бўлиб ёнади юрак.

Питирлайди мисоли тутқун,

Ақл турар доимо сергак.

Бир нуқтага тикилар кўзинг,

Ҳеч нарсани сезмайсан гўё.

Порлар олис йўлчи юлдузинг,

Сароб каби алдайди рўё .

Ҳавас ила муҳаббат бошқа,

Ўртасидан чизиқ тортиб ол.

Урилмасдан бошинг бир тошга,

Муҳаббатнинг тарафида, қол.

Лолахон ШОКИРЖОН қизи,

Андижон педагогика коллежи ўқувчиси.

ЁШЛИК

Ёшлигим ҳақида кўп шеърлар ёзиб,

Сизга қўшиқ қилиб айтгим келади.

Шартта қадамларим орқага босиб,

Яна ёшлигимга қайтгим келади.

Шўх шодон эканман, ғамим йўқ экан,

Бирон бир нарсадан камим йўқ экан.

Билсам, ундай гўзал дамим йўқ экан,

Яна ёшлигимга қайтгим келади.

Ажин ҳам тушмаган эди юзимга,

Дунёлар бошқача эди кўзимга.

Ҳар кун хат ёзардим севган қизимга,

Яна ёшлигимга қайтгим келади.

Тўполончи эдим, салгина шўҳроқ,

Сўкиш, насиҳатга илмасдим қулоқ.

Имкон йўқлигини билсам-да, бироқ,

Яна ёшлигимга қайтгим келади.

Ойбек ЗОИТОВ.

НАБИРАМ ДИЛШОДАХОНГА

Дилшодахон дилбандим,

Сўзлари асал, қандим.

Дона-дона сўзларинг,

Ҳушёр боқар кўзларинг.

Шеър ўқисанг сен шошиб,

Завқимиз кетар тошиб.

Руҳинг тетик, бақувват,

Дилларни этар хушвақт.

Камол топиб албатта,

Илм олиб бўл катта.

Зўр шифокор бўларсан,

Қувончларга тўларсан.

Изланиб бўл олима,

Ё бўлгин муаллима.

Билимларинг юксалсин,

Орзуларинг ушалсин.

Бувинг дер: "У саришта,

Кўмакчидир ҳар ишда".

Ҳар юмушга сен тайёр,

Ота-онангга дастёр.

Толеинг нурдек порлоқ,

Тану жонинг бўлсин соғ.

Униб-ўсгин, яйрагин,

Эл корига ярагин!

Ойбек ЭСОНОВ,

Булоқбоши тумани.

ХАЙР, МАКТАБИМ

Хайр, мактабим,

Жонажон уйим.

Билимларга кон,

Чароғон уйим.

Сенинг бағрингда,

Яйраб ўқидик.

Ақлимиз ўсиб,

Камолга етдик.

Она - мактабим,

Сени севамиз.

Бир кун соғиниб,

Қайтиб келамиз.

Мадина РАҲМИДДИНОВА,

Асака туманидаги 55- умум-

таълим мактаби ўқувчиси.

САРАТОН

Ёз, бўлақол сен менга хамроҳ,

Қўлларингни қўлларимга бер.

Юрагимдек оловсан қайноқ,

Бағринг иссиқ, куяр она ер.

Деҳқонларинг иш бошлар ҳар тонг,

Қайноқ тафтинг қилар жизғанак.

Онам қучоғидек меҳринг бўлакча,

Қуёш ҳам нурини сочар жонсарак.

Мадинабону ИБРОҲИМОВА,

Шаҳрихон тумани.

ЁЗ

Оташин юрагим замин кафтида,

Кўкларда барқ урар, оппоқ орзулар.

Юзлари иссиқ, меҳри бепаён,

Деҳқон даласида умидлар унар.

Осмондан таралар қуёш учқуни,

Аллалар юракни хузурбахш ором.

Илҳом туғилади ойдин кечада,

Бундай мўъжизалар бизларга инъом.

Деҳқонни тарк этар яна ҳаловат,

Жўшқинлик шўнғийди азиз меҳнатга.

Англаймиз умрнинг асл мазмунин,

Энг гўзал ҳисларни берсак Ватанга.

Зуҳра АЛИЖОНОВА,

Андижон педагогика коллежи ўқувчиси.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди