БИТИРУВЧИЛАРГА КЕНГ ИМКОНИЯТЛАР
Моҳидилхон Мусаева - олий тоифали ўқитувчи, 36 йилдан буён ёшларга касб маҳоратидан таълим бериб келади, қариийб 20 йилдан буён коллеж директорининг касбий таълим бўйича ўринбосари. Самарали меҳнатлари учун 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг "Таълим аълочиси", 2016 йилда "Ўзбекистон Респубикаси мустақиллигининг 25 йиллиги" кўкрак нишонлари билан тақдирланган. Оилали, турмуш ўртоғи Дилмурод ака Мусаев билан 5 фарзандни тарбиялаб, юртга қўшди.
Кейинги йилларда касб-ҳунар коллежларида таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, коллежларнинг ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, 9 та мутахассислик бўйича 1500 нафарга яқин йигит-қиз таҳсил олаётган бизнинг Андижон саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежида ўқувчиларга пухта касбий таълим бериш, ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш, битирувчиларни ишга жойлаштириш, айниқса, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагидаги битирувчиларни қўллаб-қувватлаш, уларга имтиёзли кредитлар ажратиш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.
Коллежда ўқувчиларнинг бугунги кун талаби даражасида билим олишлари, касбий малака эгаллашлари учун зарур барча шароитлар яратилган. Яъни, бу ерда тикувчилик, чилангарлик, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш бўйича ўқув устахоналари мавжуд. Дарсларнинг амалий машғулотлар билан узвий равишда ўтказилиши ўқувчиларнинг таълим ва касбга бўлган қизиқишини оширмоқда.
Ўтган ўқув йилида коллежимизни тамомлаган 348 нафар ўқувчининг бандлигини таъминлаш бўйича зарур барча ишлар олиб борилди. Улар тўрт томонлама шартнома асосида вилоятдаги мулкчилик шакли турлича бўлган корхона ва ташкилотларда амалиёт ўтади. Бугунги кунга келиб битирувчиларимизнинг 10 нафари олий ўқув юртида таҳсилни давом эттирмоқда, 338 нафари эса ишга жойлаштирилди. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган 10 дан ортиқ битирувчининг бизнес-лойиҳалари кўриб чиқилиб, имтиёзли кредитлар ажратилиши учун тегишли банкларга тақдим этилди.
Коллежимизда касбий таълим йўналишидаги ишларни самарали ташкил этиш ҳамда эришилаётган муваффаққиятларда касбий таълим бўйича ўқитувчи ва усталардан Гулнора Хусанова, Шерзод Абдураҳимов, Ёқубжон Қаюмов, Барно Абдураҳмонова, Фотима Саидаҳмедова, Дилноза Абдураҳмоноваларнинг меҳнатлари таҳсинга сазовор.
Мухтасар айтганда, коллежимизда ўқувчиларга касб-ҳунар ўргатиш, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар изчил олиб борилмоқда. Жорий ўқув йилида ҳам жамоамизнинг ҳар бир аъзоси эртанги кунимиз эгалари бўлган ёш авлоднинг етук шахс, ўз соҳасининг малакали мутахассиси, энг муҳими, жамиятимиз равнақи йўлида самарали меҳнат қиладиган комил инсонлар бўлиб камол топишлари учун бор имкониятларини ишга солиб меҳнат қилади.
Моҳидилхон МУСАЕВА,
коллеж директорининг касбий таълим бўйича ўринбосари.
|