МАМЛАКАТИМИЗ БИРИНЧИ ПРЕЗИДЕНТИ ИСЛОМ КАРИМОВ ХОТИРАСИГА
СИЗ ҲАМИША БИЗ БИЛАН БИРГАСИЗ
Халқимиз бошига тушган оғир жудоликни хали-хали унута олмаяпти. Мана неча кундирки, мен ҳам шу юртнинг оддий бир фуқароси сифатида миллатимиз отасининг вафоти учун дил нолаларимни айтиб, ёзиб тугата олмаяпман.
Она юрт -Ўзбекистоним буюк сардоридан, йўлбошчисидан айрилди, шу юртнинг ҳар бир фуқароси фироқдан нола чекади. Бугун ёзаётганларим қалб сиёҳи билан битилмоқда, қуёш сўнгандек гўё.
Буюк даҳоларга бешик бўлган ўзбек тупроғида даҳоларнинг давомчиси сифатида Ислом бобомиз яшаб ўтди. Унинг ҳаёт йўли ёруғ юлдуз каби халқи, юрти йўлини нафақат ёритди, балки янада нурафшон йўлларга бошлади. Шу боис ҳам у улуғ зот қалбимиз тўридан, юрагимиз тубидан жой олди. Бу инсон, у киши амалга оширган улуғвор ишлар ҳақида шунчаки гапириш мумкин эмас. Ул зотнинг уммондек қалби, теран тафаккури, гўзал ва такрорланмас нотиқлик санати бугун барча-барчанинг онг-шуурига сингиб кетган. Юртбошимиз ҳар соҳанинг раҳнамоси, ҳар бир оиланинг ғамхўри, ҳар бир боланинг меҳрибон отаси, ҳар бир инсоннинг суянган, ишонган дўсти эди.
Қанийди, ҳозир ҳаёт бўлганингизда эди озод, обод, гўзал ва бетакрор муқаддас ватаним ҳақида мадҳия ёзиб сизга юборган бўлардим. Сизга ўқувчилармизнинг ютуқларини айтиб мақтанар эдим. Азиз юртбошим! Биз педагогларга, ёш авлодга яратиб берган кенг имкониятларингиз учун Сизга раҳматлар айтаман, Сиздан умрбод миннатдорман.
"Дунё иморатлари ичида энг буюги мактаб бўлса, касблар ичида энг улуғи, энг шарафлиси ўқитувчилик, мураббийликдир" деган пурҳикмат сўзларингизга жавобан , сиз шу мактабларнинг энг гўзали, энг мукаррами бўлмиш мазмунли умр, ибрат мактабини яратганингизни, шу мактабнинг энг ардоқли, билимдон, меҳриуммон устози эканлигингизни сизга такрор ва такрор айтаман.
Юрти учун, халқи учун
Меҳнат қилди тиним билмай.
Улар тузган мустақил юрт
Озод, обод замин бўлди.
Ўз дардидан халқ дардини
Устун қўйган инсон учун
Жаннатнинг боғларидан
Гўзал жойлар тайин бўлди.
Улуғ юртбошим! Сизга алвидо дея олмаймиз, чунки сиз ҳамиша биз билан биргасиз, кўзлари порлаб, юраги ҳапқириб турган ўзбекнинг ҳар бир боласи, менинг болаларим деган фарзандларингиз билан биргасиз. Сиздан айрилиш, сизни йўқотиш бахтимизни кемтик қилди. Сиздек доно, донишманд, фидоий юртбошимизнинг борлиги, сиз бошлаб берган нурафшон йўлнинг борлиги бахтимиз эди...
Азиз юртбошим! Сизга ваъда берамиз: "Фарзандларимиз биздан кўра билимли, кучли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари шарт " деган ўгитларингиз дилга тугиб, мактаб остонасига қадам қўяр эканмиз, сизнинг ҳар бир ўгитингиз, пурмаъно сўзларингизга амал қиламиз, ният ва орзу-умидларингиз рўёби учун астойдил меҳнат қиламиз. Ишонамизки, ўзбек ёшлари Сиз айтганингиздай, дунёдаги энг бахтли, доно ва билимдон ёшлар бўлади.
Зулфизар ЭШОНОВА,
Марҳамат туманидаги 27-умумтаълим мактабининг
она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси.
|