Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№38 дан: 15.09.2016

ОИЛАДА ЭРКАКНИНГ ВАЗИФАЛАРИ

Эркаклар оиланинг устунларидир. Уларнинг топгани баракадан дарак, борликлари эса оила мустаҳкамлигининг, бардавомлигининг асосидир. Шу ўринда уларнинг зиммасига ўз оиласи билан боғлиқ қатор вазифалар ҳам юкланган. Улардан бири аҳли аёлига маҳр бермоқликдир.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло "Нисо" сурасида маҳрни совға сифатида кўнгилдан чиқариб беришга буюради: Маҳр - хотиннинг эрнинг зиммасидаги молиявий ҳақи бўлиб, никоҳ ақди боғланиб, эр-хотин шаърий хилвати саҳиҳада бўлганларидан сўнг беришлик вожиб бўлади. Аммо оятнинг давомида баён қилинишича, хотин ўз хоҳиши билан маҳрдан кечса, эркак бемалол истеъмол қилиши мумкин.

Эрнинг яна бир муҳим вазифаси оиланинг моддий таъминотини адо этишдир. Ҳаким ибн Муовияал-Қушайрий (р.а.) отасидан ривоят қилади: "Эй Аллоҳнинг расули, хотинларнинг унда (эрнинг зиммасида) нима ҳақи бор?" деб сўрадим. Жаноб Муҳаммад (с.в.): "Қачон овқатлансанг, унга ҳам едиришинг, қачон кийинсанг, уни ҳам кийинтиришингдир. Юзга урмагин, ҳақорат қилмагин ва уйдан бошқа жойда айро қилма!" дедилар (Абу Довуд айтади: ""Ҳақорат қилмагин" дегани - "Аллоҳ сени қабиҳ қилсин" деб айтмагин демакдир").

Нисо сурасида баён қилинишича, эрга итоат қилмаган аёлга аввал насиҳат қилинади, насиҳат фойда бермаса, жойни аоҳида қилиб ётилади. Уламоларимизнинг шарҳларига кўра, ушбу ҳадиси шарифдаги "уйдан бошқа жойда айро қилма!" дейишдан мурод насиҳат кор қилмаган аёл билан жойни алоҳида қилганда ҳам бир уйдан бошқа уйда бўлмаслиги керак. Аксинча, бу ҳолатда хотинининг ўзини ёлғиз ташлаб, бошқа уйга чиқиб кетишга эрнинг ҳақи йўқ деганидир.

Амр ибн Аҳвас (р.а.)дан ривоят қилинишича, жаноб Расулуллоҳ (с.а.в.) Ҳажжатул Вадоъдаги машҳур хутбаларида жумладан, эркакларга қарата шундай деганлар: "Огоҳ бўлингларки, уларни сизларнинг устингиздаги ҳақлари - уларга кийим-кечак ва озиқ-овқатни чиройли қилиб қўймоқларингиздур!"

Мазкур ҳадиси шарифдан кўринадики, хотинларни нафақат кийим ва овқат билан таъминлаш, балки бу иккисини чиройли қилиб қўйиш керак экан. Аммо бугунги кунда шундай бир-бирига зид ҳолатлар борки, нима дейишга ҳайрон қоласан. Шундай эркаклар бор - аксарият ҳолатда кўчада овқатланади. Бироқ ўзи тансиқ таомларни истеъмол қилиб юрган одам оиласининг ейиш-ичишига у қадар эътибор бермаётган айрим кимсаларнинг борлиги динимиз, миллатимизнинг тартиб-тамойилларига у қадар тўғри келмайди. Ҳар бир киши оиласининг қозонидан ҳам хабар олиб туриши шарт.

Кийимни ҳам шунчаки кийим билан таъминлаш демасдан чиройли қилиш жумласи ишлатилиши ҳам эътиборга молик. Бундан икки маънони тушуниш мумкин. Бири имкон даражасида эл қатори кийинтириш. Иккинчиси эса шариатга, миллатимиз одоб-аҳлоқларига мувофиқ бўлган кийим билан таъминлаш.

Эркак киши оилада бошлиқ экан, ҳар соҳага эътибор бериши керак. Албатта, бу борада жуда бачканалашиб кетиш ҳам эркакнинг ҳурматга путур етказади, аммо бугунги кунда кийим масаласи шунчаки майда-чуйда эмас, балки жамият муаммоси, миллат ташвишидир.

Барча моддий таъминотлар, жумладан, уй-жой билан таъминлаш, бемор бўлганда дори-дармон олиб бериш, шифокорга кўрсатиш кабилар ҳам эрнинг зиммасидаги вазифалардир. Яна "бугунги кун" иборасини ишлатишга мажбур бўламиз. Хуллас, бугунги кунда келин-куёв ота-онанинг уйидан бошқа уйга чиқишига тўғри келса, айрим хонадонларда хотин томон кўпроқ харажат қилгани кўзга ташланади. Албатта, баҳамжиҳатлик ҳам ёмон эмас, лекин эркакнинг тан-жони соғ бўлсин, топганига барака берсин, қайнотасининг маблағи эвазига қурилган уйга муҳтож қилмасин.

Шунингдек, аёли касал бўлса, отасининг уйига олиб бориб қўйиш ҳолатлари ҳам кўпаймоқда. Соғлик пайтида уйдами, томорқадами, даладами ишлатиб, камига бозорга чиқариб, бетоб бўлиб ишга ярамай қолганида, парваришга муҳтож бўлиб турганда, ота уйига олиб бориб қўйиш, ортидан хабар олмаслик, меҳнатга ярайдиган бўлганда, келиб олиб кетишлик - ғурури, орияти бор ўғил боланинг иши эмаслигини унутмаслигимиз керак.

Булардан ташқари, эркак хотинга нисбатан ҳар томонлама эътиборли бўлиши керак. Бир умрлик турмуш ўртоғи сифатида ҳаёт йўлида аёлидан маъқул кўрган ҳолатини ўзи ҳам аёлига раво кўриши лозим. Чунки шариатимиз кундалик ишларга ҳам, шахсий ҳолатларга ҳам беэътибор бўлмаган. Ибн аббос (р.а.) : "Хотиним мен учун қандай зийнатланса, мен ҳам хотиним учун шундай зийнатланаман" деганлар.

Хотинга бепарволик жамиятнинг катта муаммоларига сабаб бўлиши мумкин. Оиладаги жанжалларнинг сабабларидан бири ҳам шу. Чунки аёлнинг эркакда моддий ҳақи бўлганидек, шахсий ҳақлари ҳам мавжуддир. Тажрибалар, ҳаётий исботлар шуни кўрсатадики, эрга итоатсизликнинг катта сабабларидан бири ҳам аёлига бепарволик ортидан келиб чиқади.

Эркакларнинг оила устуни бўлиши билан бирга, моддий ва маънавий таъминотчиси бўлишлигини истаймиз. Уларни бу йўлда Яратганнинг Ўзи собит айласин. Эркакларимиз оиласи олдидаги бурч ва вазифаларини бекаму кўст адо этишларида Яратганнинг ўзи мададкор бўлсин.

Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ,

Асака тумани.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди