Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Янгиликлар

№20, 12.05.2016

Ёшлар фестивали

ХОНОБОДДА - ЁШЛАР ФЕСТИВАЛИ

Гўзал ва сўлим Хонобод шаҳрида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган "Хонобод таровати" ёшлар фестивали бўлиб ўтди. Фестиваль тадбирлари хонободликлар, шаҳар меҳмонлари, айниқса, ёшларга хушнудлик улашди.

Вилоят ва Хонобод шаҳар ҳокимликлари, "Камолот" ЁИҲ вилоят кенгаши ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 6 февралдаги "Ўзбекистон Республикаси ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилган фестивалнинг очилиш маросимида сўз олган вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари М. Нишонов ва бошқалар мамлакатимизда президентимиз Ислом Каримовнинг ташаббуси билан ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик, бунёдкорлик, ободонлаштириш, шунингдек, юртдошларимиз маънавияти, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, қишлоқ ва шаҳарларимиз қиёфаси кундан кунга гўзаллашиб бораётганлиги, ўтказилаётган бу каби тадбир ва фестиваллар халқимиз кайфиятини, руҳиятини кўтаришга, юртдошларимиз қалбида эртанги кунга умид, ғурур ва шижоат туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилаётганлиги хусусида гапирдилар.

Шундан сўнг шаҳарнинг Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғида фестиваль доирасидаги қатор тадбирлар бошланди. Қизиқарли ва кўтаринки руҳда ўтган миллий ўйинлар мусобақалари, турли кўрик-танловлар, айниқса, пойтахтдан ташриф буюрган таниқли телережиссёр Мели Маҳкамов, Ўзбекистон халқ артистлари Одина Ғозиева, Наима Пўлатова ва бошқа санъаткорлар билан учрашувлар барчада катта таассурот қолдирди.

- Ушбу фестиваль халқимизнинг тинч, осойишта ва фаровон ҳаётини акс эттиради, - дейди тадбир иштирокчиси, Андижон миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Муслима Комилова. - Айниқса, биз ёшларга шижоат, келажакка умид бахш этиш билан бирга, фаолликка, фидойиликка ундайди.

Халқимизнинг ардоқли санъаткори, Ўзбекистон халқ артисти Сойиб Хўжаев хотирасига бағишланган Фарғона водийсининг аскиячи ва қизиқчиларининг чиқишлари барчага хушнудлик бахш этди.

Вилоятдаги мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчиларининг бадиий дастурлари, шунингдек, лицей, коллеж ва олий ўқув юртларининг иқтидорли ўқувчи ва талабалари томонидан намо-йиш этилган мусаввирлик, ҳайкалтарошлик, миллий ҳунармандчилик ва қўл меҳнати маҳсулотлари кўргазмалари вилоятимиз ёшларининг истеъдод ва имкониятлари нечоғли юқори эканлигини кўрсатди.

Фестиваль доирасида вилоят хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан ўтказилган "Оилам - бахтим менинг" деб номланган ёш оилалар кўрик-танловида вилоятимиз туман ва шаҳарларидан намунали ёш оилалар иштирок этиб, халқимиз турмуш тарзига хос илғор тажрибалар, миллий анъана ва удумларимизни тарғиб этиш, маънавияти, қайнона-келин муносабатлари, оиланинг маҳалла ҳаётидаги иштироки, рўзғор тутими сингари қатор жиҳатларни ўзларининг ҳаётида қай даражада шакллантира олганликларини намойиш этдилар.

Якунда "Ҳунарманд оила", "Санъаткор оила", "Отам, онам ва мен - спортчилар оиласи", "Меҳрибон қайнона", "Намунали оила" ва "Энг ёш намунали оила" сингари номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди.

- Танловда "Отам, онам ва мен - спортчилар оиласи" номинацияси бўйича ғолиб бўлдик, - дейди Хонобод шаҳридаги Янгиобод маҳалласида яшовчи Кумушхон Комилова. - Очиғи, бугунги танлов ёш оилалар орасида миллий қадриятларимизнинг, соғлом турмуш тарзининг чин маънодаги тарғиботи бўлди. Мана шу жараёнга қайсидир даражада ҳисса қўшганлигимиздан беҳад мамнунмиз.

Бундан ташқари, "ош сайли" тадбирида вилоятимиз туман ва шаҳарлардан келган моҳир ошпазлар иштирок этиб, миллий таомимиз - палов тайёрлаш бўйича ўзаро беллашдилар.

Якунда турли танловлар ғолиблари ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди. Фестиваль тадбирлари таниқли санъаткорлар, бадиий жамоалар иштирокидаги концерт дастури билан якунланди.

Мазкур фестиваль шаҳар аҳолиси, меҳмонлар, айниқса, ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига ҳурмат, миллий ғурур ва ифтихор, ўзликни англаш, эртанги кунга умид туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ,

Зилола РАҲМОНОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди