Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Янгиликлар

№37, 08.09.2016

Хотира

МИЛЛАТ ОТАСИ ҚАЛБЛАРДА ЯШАЙДИ

Шу кунларда халқимиз оғир жудолик изтиробини кечирмоқда. Миллат Отаси, юрт йўлбошчиси, мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг вафоти Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир инсоннинг қалбини қақшатди. Бу йўқотиш халқимизни янада жипслаштирмоқда. Миллатимиз, улуғ Юртбошиси амалга оширган хайрли ва эзгу ишларни давом эттиришга камарбаста бўлиши кераклигини дилдан ҳис этмоқда.

Зотан, миллат отаси мерос қолдирган озод ва обод Ватанни бундан-да гуллаб яшнаши, Юртбоши ўзи истаганидай азиз фарзандлари ҳаммадан билимли, доно, кучли ва бахтли бўлишлари учун қилинаётган хайрли ишларни давом эттириш биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир. Бугун халқ ўз йўлбошчисини ғурур ва ифтихор, шараф ва дуо билан тилга олади. Бугун улуғ Юртбоши бошлаган ишлар у севган, жонини фидо қилган ўзбек халқи томонидан давом эттирилмоқда. Ўзбек эли кучли, матонатли халқ. Оғир жудолик юрагини тилкалаган бўлса-да, иродаси букилгани йўқ. Бугун истиқлол шукуҳидан жамоли кундан кун чирой очаётган Ўзбекистонда ҳаёт давом этмоқда. Бугун улуғ йўлбошчи қўйган мустақилликнинг тамал тоши узра улкан бунёдкорлик ишларига бел боғлаган ўзбек халқи бирдам ва аҳил. Зеро Юртбошининг улуғ мақсади ҳам шу эди.

Омина ТОЖИАҲМЕДОВА, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати фаоли:

- Ислом Каримов 1989 йили собиқ иттифоқ республикалари раҳбарлари орасида биринчи бўлиб Президентлик институтини жорий этишни ёқлаб чиқди. Ва ўзининг сиёсий жиҳатдан узоқни кўра билиши, улуғ мақсадлар йўлидаги беқиёс қатьияти билан жаҳон ҳамжамиятини ҳайратга солди.

Ислом Абдуғаниевич Каримов шўролар салтанати ва ўта марказлашган ҳокимият тизимида авжига чиққан вайронкорлик тўлқини ичида дадил ва қўрқмай давлатни бошқарди. Тинчлик, миллатлараро тотувликни сақлаган ҳолда ўз халқини матонат билан ёруғ кунларга олиб чиқди.

Буюк сарбонимизнинг заҳматли меҳнатлари, йўлбошчилиги самараси ўлароқ бугун ҳар соҳада мислсиз ютуқларга эгамиз. Мамлакатни изчил ривожлантириб, миллий давлатчилик ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришда, халқнинг фаровон ҳаётини таъминлашда матонат кўрсатган юртбошимиз танлаган йўлнинг нақадар тўғри ва ҳаққоний эканлигини ҳар қадам, ҳар нафасда англаган ҳолда ирода ва саботимизни мустаҳкам тутайлик. Кучли ирода, теран тафаккур ва ғояларимиз билан йўлда ҳеч оғишмай давом этайлик. Шундагина биз юртбошимиз ишончларини оқлаган бўламиз.

Маликабону МИРЗАЕВА, спорт мураббийи, самбо бўйича Осиё чемпиони:

- Ҳар гал ортда қолаётган умр йилларим тўғрисида ўйласам, тақдиримнинг ҳар қаричи истиқлолга дахлдор эканини англайман. Мен истиқлолнинг илк йилида мактабга чиққанман. Давлатимиз раҳбари ўша йиллардаёқ ўзбек ёшларининг спорт билан шуғулланишлари учун кенг имкониятлар яратиб берди. Яратилган кенг имкониятлардан фойдаланиб, спорт билан шуғулландим. Оддий қишлоқ қизининг Ўзбекистон, Осиё чемпиони, жаҳон чемпионати совриндори бўлиши осон эмас, албатта. Лекин юртбошимиз ташаббуси билан қишлоқ ҳудудларида барпо этилган кўплаб спорт иншоотлари биз ёшларга кенг имкониятлар яратди. Ана шу имконият ва юртбошимизнинг қўллаб-қувватлаши туфайли мана шундай улкан муваффақиятларга эриша олдим. Бунинг учун мамлакатимизнинг биринчи Президентидан бир умр миннатдорман.

Зухриддин УМРЗОҚОВ, "Иқбол" газетаси саҳифаловчиси:

- 2016 йил оиламиз учун энг қувончли йиллардан бири бўлди. Чунки оиламиз ёш оила сифатида Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан барпо этилган "Камолот" уйларидан бирининг соҳиби бўлди. Биз ёшларни ҳар қадамда қўллаб-қувватлаган, бизнинг фаровон яшашимиз учун қайғурган юртбошимиздан миннатдормиз. Ўзбекистон - биринчи президенти Ислом Каримов ташаббуси ва раҳнамолигида чин маънода озод ва обод, фаол, соғлом ва бахтли ёшлар юртига айланди.

Зулфияхон ОРИПОВА, Андижон машинасозлик институти ўқитувчиси:

- Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов ўзининг доно сиёсати, ўзбекка хос ғурури, узоқни кўра билиш қобилияти ва теран тафаккури билан тарихга кирди.

Халқимиз миллий истиқлолга эришувида дастлабки оғир кунларни, ғанимлар миллатлараро низо ва фитна солишга уринаётган таҳликали даврларни бевосита Президентимизнинг мардонаворлиги ва қатъияти билан енгиб ўтди. Яратганнинг марҳамати ва юртбошимизнинг донишмандларча юритган сиёсати туфайли халқимиз бир тану-бир жон бўлиб, тараққиёт сари юксалиб борди.

Бугун Ўзбекистон ривожланишнинг ўзига хос йўли, улкан бунёдкорлик ишлари, тинч-осойишта ҳаёти, барқарор сиёсати ва дўстона муносабатлари билан эришган ютуқлари туфайли халқаро ҳамжамиятда кўпчиликнинг ҳавасини, баъзиларнинг эса ҳасадини келтирадиган даражага етди. Буларнинг барчасига бевосита муҳтарам Президентимизнинг раҳнамолигида эришилди.

Саодатхон РАСУЛОВА, вилоят бош отинойиси:

Ислом Каримов "Аллоҳ қалбимизда, юрагимизда", деб баралла айтадиган, "Муқаддас Ислом дини бизнинг қон-қонимизга сингиб кетган, уни ҳеч қандай куч чиқара олмайди!" дея доимо таъкидлайдиган эътиқодли мусулмон сифатида динимиз равнақи учун улкан ишларни амалга оширди. Жумладан, мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ, муборак Рамазон ва Қурбон ҳайитлари дам олиш куни деб эълон қилинди; мусулмонларга ўз ибодатларини эмин-эркин бажаришлари учун барча шароитлар яратиб берилди, янги масжидлар, мадрасалар қурилди, мавжудлари қайта таъмирланди, кўплари янгидан барпо этилди, Тошкент ислом университети ташкил этилди, ҳар йили минглаб юртдошларимиз ҳаж ва умра ибодатларини бажаришлари учун дунё мусулмонларининг ҳавасини келтирар даражадаги қулай шароитлар яратилди. Ҳозир ҳам минглаб ватандошларимиз муқаддас ҳаж ибодатини адо этмоқдалар. Буларнинг бари доно юртбошимизнинг оқилона сиёсати мевасидир.

* * *

Истиқлол юртдошларимиз қалбида миллий тарих, маънавиятга бўлган ҳурматни, бугунги хотиржамлик ва истиқболга бўлган ишончни уйғотди. Бугун ён-атрофимиздаги давлатларда содир бўлаётган воқеаларни кузатиб, тинч-осуда жамиятнинг фуқароси, сифатида бир ҳақиқатни англаймиз - Яратган уни севган ва ўзи севган элнигина оқил йўлбошчи билан сийлайди. Гарчанд, шундай буюк инсон энди орамизда бўлмаса ҳам, ўз ортида ўзи каби халқпарвар ҳамда доно минглаб, миллионлаб ўғил-қизларни, тинчлик йўли ифодасини топган китобларни, умрбоқий ўгитларни, чексиз меҳр-муҳаббатни қолдириб кетди. Ҳар биримиз Президент бошлаб берган Буюк келажак йўлини давом эттиришни, мерос қолаётган тинч-осуда жамиятни, тараққиётни асраб-авайлашни ўзимизнинг олий бурчимиз деб билмоғимиз керак.

Улуғ инсон бизга бугун азалий ҳақиқатни яна бир бор англатиб кетди: Ватан учун қилинган ҳар бир саъй-ҳаракат, Ватан учун яшалган ҳаёт - энг савобли иш, умрларнинг ва амалларнинг энг гўзалидир. Зеро, бу дунёда одамларга раво кўрилган эзгуликдан бўлак барчаси ўткинчидир. Халқнинг жипслиги - юртбошининг доимий орзуси бўлган. Агар биз ҳукумат раҳбарияти атрофида жипслашсак, азиз инсон таъкидлаб кетганидек, аҳил бўлсак, ўзбек халқини ҳеч ким енга олмайди, Ўзбекистон ўзи танлаган йўлида давом этиб, унга асос солган Президентимизнинг руҳини шод этажак!

Буюк йўлбошчи, миллат Отаси, Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов ўзи "Фарзандларим, болаларим" дея алқаган элнинг юрагида абадий яшайди. Бу Ватан, бу эл Ислом Отасини жуда яхши кўради ва улар бошлаган эзгу ишларни давом эттириб, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаган келажаги буюк давлат сифатида Ўзбекистонни жаҳонга танитади.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ,

Умида АДИЗОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2020 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди