Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Сиёсат ва хаёт

№26, 26.03.2015

Балоғат остонаси

ЎЙЛАМАЙ БОСИЛГАН ҚАДАМ

Қизларнинг балоғат ёшига етгани турмуш қуришга тайёр дегани эмас. Бу ёшдаги қизлар ҳали жисмонан ўсмирлик даврини бошидан кечираётган, ўта таъсирчан, руҳий ҳолати барқарорлашмаган бўлади.

Ёддан чиқармаслик керакки, оила олдидаги масъулиятини тўлиқ англаб етмаган, турмушдаги вазифаларга тайёр бўлмаган қиз бахтиёр оила қўрғонининг саодатли аъзосига айланиши қийин кечади. У зарурий кўникмаларни эгалламай, билим олмай туриб турмушга чиқса аёл, рафиқа, она ва бека бўлишнинг уддасидан чиқа олмайди.

Яқинда ҳузуримга ана шундай аянчли қисмат соҳибаси афсус-надоматга лиммо-лим мактубини ташлаб кетди.

"Салом, доктор опа!

Мен ўша сизнинг сўзларингизга амал қилмаган, берган маслаҳатларингизга бефарқ қараган бахтиқаро, аниқроғи, бахтиқаролик йўлини ўзи танлаган, ҳали очилмай туриб узиб ташланган, оёқ-остида қолган гул - ... бўламан.

Ёшим 16 да эди. Ўша воқеадан кейин мен бу жойларда қолишга, одамларга кўринишга тоқат қила олмай, вужудимда бевақт пайдо бўлган, ҳали гўдак ҳам деб аталишга улгурмаган, бу бир парча этдан ҳалос бўлиш учун олдингизга борган эдим. Сиз кўрсатган йўлдан бормай, бошимни олиб холам билан бошқа шаҳарга кетдим. У жойга, бир аёлнинг уйига назаримда менга ортиқчадек туюлган жисмимда энди улғайишни бошлаган ҳомилани олдириб ташлаш учун олиб боришди. Не азоблар билан уни юлқаб олишди. Аммо бунга ўзим розилик бергандим. Гўё шу дарддан қутулсам, ҳаммаси яхши бўладигандек эди.

Шундан сўнг ўн беш кунгача яхши бўлмай, кундан кунга иситмам кўтарилиб, танамда кучли оғриқ билан азоб тортдим. Дориларнинг ҳеч бири таъсир қилмай қўйди. Олий мақомли шифокорлар ҳузурига боришга мажбур бўлдик. У ерда уч кун эс-ҳушимдан айрилиб ётиб қолдим. Холамнинг айтишича, мени операция қилишга тўғри келибди. "Бачадонинг чириб кетибди, олиб ташланмаса, ўлиб қолар эдинг", деб айтди. Ўн беш кун ўша ерда ҳушсиз ётдим.

Орадан вақтлар ўтгач, ўн тўққиз ёшга тўлганимда, ўша операция натижасига ақлим етди - мен қайтиб она бўла олмаслигимни билдим! Дунё менга аввалгидан ҳам қоронғу кўриниб кетди. Дугоналарим бирин-кетин тўйларига айтиб кела бошлашди. Уларнинг бахтидан қувониш ўрнига, юрагим ачишарди, эски ярам янгиланарди. Карнай-сурнай овозларини эшитсам, кўнглимда бир олам армонлар қўзғаларди. Тунлари ҳам йиғлаб чиқардим. Кундан кунга эса танамда янги-янги оғриқлар пайдо бўла бошлаяпди.

Сиз ўшанда менга куйиниб, жонимга қасд қилишдан қайтарган эди: "Шундай чиройли қиз қандай қилиб ўзингизни нобуд қиласиз? Вақти келса, бир хонадоннинг бекаси бўласиз, битта гуноҳни иккитага айлантирманг! Ҳали булар унут бўлиб кетади. Сабрли бўлинг", деб юпатган эдингиз. Ўзимни нобуд қилиш фикридан қайтдим-у, бироқ ҳали туғилмаган гўдакни нобуд қилишдан чўчимадим. Ҳозир қаттиқ афсусланяпман. Гўё вақт тўхтаб қолгандек. Еру кўкка сиғмайман. Хатоларимнинг азобини тортаяпман. Айниқса, кўча-кўйда ёш ота-оналар фарзандининг қўлларидан етаклаб олганларини кўрсам, қалбимдаги азоб бутун борлиғимни тилка-пора қилади. Мени ўйламай босган қадамим, икки гўзал сингилларимнинг ҳам бахтига тўғаноқ бўлаётганим бундан-да азобли.

Менинг бошим эгик, олдингизга кира олмадим. Менга сизнинг маслаҳатингиз керак. Илтимос, менга жавоб йўлланг, мактубингизни кутаман!"

Азиз муштарий, сизнинг бу ҳақдаги фикр-мулоҳазангиз қандай? Билиб-билмай қилган хотоси учун жабрланаётган бу синглимизга қандай маслаҳат берасиз?

Робияхон МАМАЖОНОВА,Қорасув шаҳар тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли

марказий поликлиникаси дояси.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди