Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Сиёсат ва хаёт

№20, 14.05.2015

ЛАНДШАФТ ДИЗАЙНИ:

ГЎЗАЛЛИК, ЗАМОНАВИЙЛИК ВА МИЛЛИЙЛИК УЙҒУНЛИГИ

Ландшафт (немисча Land - ер, schaft - манзара) - типологик табиий комплексларни умумлаштирувчи тушунча: геологик замини, рельефи, иқлими, тупроқлари, ўсимлик туркуми, ҳайвонот дунёси, гидрологик режимининг бир хиллиги билан ажралиб турадиган ва табиий чегарага эга бўлган ҳудуд. Ўзбекистонда ландшафтшунослик билан 1960 йиллардан бошлаб шуғулланила бошланган.

Ўзбекистон Миллий Энциклопедиясидан.

Тарихий маълумотларга кўра, бундан 2000 йил аввал Қадимги Рим боғларида самшит ва кипарис ўсимликлари ўстирилиб, уларга сунъий шакллар берилган. Ўша даврда Топиар исмли боғбон бўлиб, у дунёда илк бор дарахт ва буталарни кузаган ҳамда уларга сунъий шакллар беришни жорий қилган. Бу анъана Европада "топиар санъати" номи билан шуҳрат қозонган.

"ТОПИАР" - ҚАЙТА ТИКЛАНГАН ТАРИХ

Европа тарихида кейинги нотинч ўтган илк ўрта асрлар даврида "топиар" санъати боғ-парк амалиётида деярли унут бўлди. Европада фақат Италия ва Франциядаги Уйғониш даврига келиб "топиар" санъати ҳақида ва умуман антик даврлар санъати ғояларини янгидан қайта тиклаш ва амалиётга киритиш ҳаракатлари жонланган ва Уйғониш даври боғларини яратишда ундан кенг қўлланилган.

Маълумотларга кўра, бу санъат, яъни ўсимликларга сунъий шакл бериш санъати, Европада "барокко" меъморчилиги услубида қурилган маҳобатли қаср ва қўрғонлар қошидаги боғларда ўзининг юксак ривожини топади. Аммо XVIII асрга келиб Европанинг "романтизм" усулидаги илғор ғояларига асосланган инглизча ландшафт боғ-истироҳатчилик қурилиши "топиар" санъатининг амалиётда узоқ давр тўхтаб қолишига сабаб бўлди.

"ШАҲАРЛАРНИ ЯЁВ КЕЗГАНДА..."

Инсон борки, янада яхши яшашга, завқли ҳаёт кечиришга интилади. Эътибор берсангиз, юртимизда ҳам кўпчилик ҳовлисида турфа хил гуллар экади, тартиб билан кўчат ўтқазади, бежирим йўлаклар ҳосил қилади. Қолаверса, уйлар, кўча ва хиёбонлар, сайилгоҳу маҳобатли иншоотлар атрофидаги ландшафт дизайнининг ўзига хос гўзал манзаралари каттаю кичикнинг баҳри-дилини очиб, хуш кайфият бағишлайди. Замонавийлик ва миллийлик уйғунлашган шаҳару қишлоқларимиз кундан-кунга чирой очиб бормоқда. Бу жараёнда оддий кўкаламзорлаштириш ёки ободонлаштиришдан фарқли ўлароқ, юқори дид, ўзига хос маъно-мазмун касб этадиган ландшафт дизайнини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

ҲАР МИЛЛАТНИНГ САНЪАТИ БЎЛАК, ДИДИ БЎЛАК

Бугунги кунда дунёнинг турли мамлакатларида (Европа ва Осиё қитъаларида) "топиар" санъати қўлланилиб келаётган бўлса-да, у оммавий тус олгани йўқ. Бу санъат, айниқса, Марказий Осиё республикаларида ҳанузгача кенг ёйилган эмас. Бироқ бу санъатга қизиқиш ниҳоятда катта.

Ҳозирда дунёдаги аксарият боғ-парк-ларда яшил шакллар ва ҳайкаллар билан бирга, Япония боғ-паркларидаги каби "бансай" услубида яратилган турли сунъий яшил шакллар катта роль ўйнамоқда. Яратилаётган боғ-паркларда Япония боғини яратиш одат тусига кирган. Бу ҳодиса бутун дунёда Япон боғларининг катта мавқега эга эканлигидан далолатдир. Бироқ ҳар бир мамлакат, ҳар бир халқ ўзининг миллий боғларини яратиш ва уларни Япон боғлари каби умуминсоний, умужаҳон санъати даражасига етказишга ҳаракат қилмоқда.

ЮРТИМИЗДА ЛАНДШАФТ ДИЗАЙНИ МУТАХАССИСЛАРИ ТАЙЁРЛАНМОҚДА

Республикамизда ландшафт дизайнини янада ривожлантириш, аҳоли пунктлари ва қишлоқлараро ҳудудларнинг архитектуравий-бадиий қиёфасини яхшилаш, ландшафт дизайни мутахассисларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2013 йил 13 августда "Ўзбекистон Республикасида ландшафт дизайнини ривожлантириш дастурини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарор қабул қилинган.

Қарор ижроси доирасида ҳудудий ободонлаштириш бошқармалари ва лойиҳалаш ташкилотларини шу соҳа бўйича олий ўқув юртлари ва коллежларни битирган ландшафт дизайни бўйича малакали кадрлар билан бойитиш кўзда тутилган.

Айни кунга келиб, Тошкент архитектура-қурилиш ва Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтларида ландшафт дизайни бўйича кадрлар тайёрланади. Мазкур таълим муассасаларида "Ландшафт дизайни ва интерьери" кафедралари ташкил этилган. Ана шу олий ўқув юртларида "Ландшафт дизайни" ва "Интерьер дизайни" йўналишида талабалар ўқишга қабул қилинади.

ЮРТИМИЗ ГЎЗАЛ ВА МУСАФФО БЎЛИБ БОРМОҚДА

Ландшафт дизайни буйича мутахассис, нафақат, дизайнни, эстетикани, балки у ҳудуд тупроқ шароитини, ўсимлик ҳолатини яхши билиши ва энг муҳими, ишга ижодий ёндашиши зарур. Тарихий тажрибаларга таяниш, ҳар бир детални моҳиятан чуқур ўйлаб жойлаштириш, иқлим-шароитни ҳисобга олиш муҳим. Ана шунда кўзланган натижага эришилади. Ҳозирда лойиҳачилар шаҳарларимизнинг замонавийлик ва миллийликни уйғунлаштирган ҳолда қайта чирой очишига алоҳида эътибор қаратишмоқда.

Кейинги йилларда республикамизнинг барча ҳудудларига турли-туман манзарали дарахт кўчатлари экилмоқдаки, улар яна 5-10 йилдан сўнг шаҳарларимиз қиёфасини қанчалар ўзгартириб юборишини тасаввур қилиш қийин эмас. Мутахассисларнинг фикрича, дов-дарахтлар, майсалар-у гулзорлар қанчалик кўп бўлса, иқлим, ҳавонинг ҳарорати ўзгаради. Шунингдек, экилаётган манзарали ўсимликлар, инсон саломатлиги учун ҳам фойдалидир.

Инсон ҳаётини табиатдан айри тасаввур қилиб бўлмайди. Биз бу тенгсиз бойликдан завқланибгина қолмай, уни асраб-авайлаш ва ўз ўрнида парваришлаб боришни ҳам унутмаслигимиз зарур.

Умида АДИЗОВА тайёрлади.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2023 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди