Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Сиёсат ва хаёт

№27, 02.07.2015

МУЛОҲАЗА

СУВ - БУ ҲАЁТ, ПОКЛИК РАМЗИДИР

Ҳаёт гўзал, яшаш завқи бўлакча. Табиат ҳусни кўзингизни қувонтирса, тоза ҳаво баҳри дилингизни очади. Ям-яшил дарахтлар, гуллар, майсаларга қараб қувонасиз. Улар инсон учун нақадар улуғ неъматлар. Гоҳо ёлғиз қолиб далаларга, қирларга чиққингиз келади.

Гоҳида анҳор ёқалаб яёв юргингиз, ариқ лабида ўтиргингиз, жилғалар овозини эшитгингиз келади. Ҳа, анҳор, ариқлар тўла гоҳо пишқириб, гоҳо сокин оқаётган сувга тикилганмисиз? Чиройли, ўхшаши йўқ манзара. Дардингиз кетиб, кўнглингиз ёзилганини ҳис қилгансиз.

Шу ўринда поклик, ҳаёт рамзи сув ҳақида фикрлашиш, мулоҳаза юритишни ўринли деб ўйлайман. Чунки сув - ҳаёт манбаи. Усиз ҳаёт йўқ. Фаслнинг ҳар қайси пайти сув асқотади. Тўғрироғи, баҳор, ёз вақтида унинг қадри беқиёс. Оддийгина гулдондаги гул сув билан яшнаб туради. Чанқоғингизга тоза сув роҳат бағишлайди. Экин-тикинингизга сув ҳаёт бўлиб кириб келади, ризқ беришда қувват улашади. Покланишда ҳам сув асқотади. Хуллас, инсон умрига умр бахш этишда, тозаланиб, оқ юриб, туришида сув жуда зарур. Буни ҳамма билади.

Бир куни қўшни маҳаллалардан бирига йўлим тушиб қолди. Шундоққина шифохонанинг олдидаги ариқ лабига чўнқайиб, синглимни кута бошладим. Баҳор фасли эди. Ариқ қирғоқларида ялпизлар ниш урибди. Сув зилолланиб оқяпти. Ширин хаёллар суриб ўтирсам, бир аёл сувга бир уюм ахлат ташлаб юборди. Тўғриси, жаҳлим чиқди. "Нега сувга ахлат ташлайсиз? Уялмайсизми?" десам, "Ҳозир ҳеч ким ариқдан сув ичмайди, оқади, кетади. Сувга ташламасам, қаерга ташлайман?!" дея терс бурилиб кетди. Кайфиятим бузилди. Бу ҳақда маҳалла фуқаролар йиғинига учраб, огоҳлантиришни кўнглимга тугиб, болалигимни эсладим.

Пахта теримига ҳашарга чиққанимизда ҳам ариқ сувларидан тўйиб-тўйиб ичардик. Нон оқизиб, тутиб маза қилиб ердик. Чунки у пайтлар ҳеч ким сувга ахлат ташламасди. Сув ҳам улуғ неъмат, увол бўлади дейишарди. Онамлар бўлса, "Ҳеч қачон ариққа ахлат ташлама, тупурма, гуноҳ бўлади, фаришталар қарғайди", дея уқтирарди. Шунинг учун ҳам бундай номаъқулчиликларни қилишдан қўрқардик. Уй, ҳовли, кўча супурсак, дарров ахлатини пақирга олиб қўярдик.

Мана йиллар ўтди. Ёшимиз улғайди. Онамнинг сўзларини ҳамон эслайман. Сувни ўпиб-ўпиб ичаман, юз-қўлларимни юваман. Беҳуда исроф қилгим келмайди. Чанқоғимизни қондирган, вужудимизни поклаган, таомларимизга жон бағишлаган, мева, ниҳол, гулларимизга қон бўлиб яшнатган оби-ҳаёт борлигига шукроналик келтираман.

Азалдан ҳовлисидан, эшиги олдидан ариқ оққан хонадонларга ҳавасим келади. Уй бекаларининг оғири енгил бўлади-да. Сувни оладию, ишлатади, зориқмайди. Мухбирлигимда бир хонадонга кириб қолдим. Ҳовлисининг ўртасидан ариқ оқиб ўтаркан. Устига сўри қўйиб ўтиришаркан. Ёзнинг иссиқ кунлари роҳатижон экан. Бундоқ қарасангиз, сув буралиб-буралиб оқади, салқин. Ерга сув сепсангиз, тупроқ ҳиди чиқиб, димоғингизга хуш ёқади. Катталар учун ҳам, кичиклар учун ҳам чўмиладиган жой қилишибди. Қишлоқ аҳли бир сўз айтаркан, "Шу сувдан олиб кир ювамиз, мол-қўйларимизни, экин-тикинларимизни суғорамиз, идиш-товоқларимизни ювамиз, тувакдаги гулларимизга сув қуямиз, ҳеч ким ахлат ташламайди. Ким ташласа, кўр бўлади, қарғиш олади", дейишаркан. Бу ҳақда эшитиб, жуда хурсанд бўлганман.

Афсуски, баъзида айрим мансабдор шахслар, ёши улуғ инсонлари, шифокору доно олимлари бор хонадонлардаги шахсларнинг маънавиятсизлигидан ранжийсиз. Нима учун улар ювинди, ахлат, чиқиндиларини шундоқ сойга, ариққа ташлайдилар. Албатта, ўзлари эмас, уларнинг фарзандлари, набиралари, келинлари. Буни кўриб, "ёш-да" дейсизми? Катталар қаерга қараяпти? Нега улар ёшларга сув ҳаёт, поклик рамзи эканлигини уқтирмаяптилар? Тўғри йўлни кўрсатмаяптилар? Ёки улар кўриб кўрмасликка оляптиларми? Ёки сўзи ўтмаяптими? Бу гуноҳку! Сувнинг уволи тутади-ку!

Ифлосланган сув турли юқумли касалликларни келтириб чиқаради. Бу касаллик бугун бўлмаса, эртага унинг ўзига ёки болаларига юқиши, дард тортиши мумкинку! Наҳотки, оддий ҳақиқатни англаш мушкул бўлса?!

Кези келганда айтиб ўтай. Ҳамма эмас, айрим инсонлар кошона, барча шарт-шароитли уйлар, дўконлар, ошхона, офислар қуриб, ювиндихонаси, ҳожатхонаси, ҳатто ҳаммоми тарновини ҳам сой, анҳор, ариқларга туташтириб оляптилар. Бу инсофданмикан? Ошхоналар қуриб, пул топиб бола-чақа боқаётган шахслар, қилаётган иши гуноҳ эканлигини билармикан? Сувни ифлослантириб, топган пулингиз рўзғорингизга барака киритармикан? Бу ҳақда ўйлаганмисиз? Ахир бу сув қаерларга оқиб бормайди, кимлар бу номаъ-қулчилигингизни билмай, шу сувдан фойдаланади, буни биласизми?

Гапнинг тўғриси, баъзан челак-челак ювинди ахлатларни тунда сувга отиб оқизаётганлар ҳам бор. Биров кўрмайди, деб ўйлашади-да. Билиб туриб гуноҳ қилиш ёмон, бунинг жазоси бу дунёда ҳам, охиратда ҳам бор эканлигини билишармикан? Нимани хор қилсанг, ўзинг шунга зор бўласан, деган гап бежиз эмас.

Азиз юртдошлар, дунёга инсон бўлиб келдикми, инсон бўлиб кетайлик. Инсонга хос феълга эга бўлиб, яхши-ёмонни, савоб-гуноҳни фарқлайлик. Энг аввало, кексаларимиз бор экан, ҳар ишда ибрат бўлишсин. Табиат неъматлари бўлган ҳаво тозалиги, сув мусаффолигига бефарқ бўлишмасин.

Ота-онанг - бахт, уфлама, инсон,

Сув - бу ҳаётдир, туфлама, инсон.

Поклик, гўзаллик - ҳаёт неъмати,

Тонгларни соғин, ухлама, инсон...

Мукаррама ҒАНИЖОН қизи.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди