Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Сиёсат ва хаёт

№28, 09.07.2015

Мушоҳада

МУРОСА ВА МУОМАЛАДА ГАП КЎП...

Ишингизни барвақт тугаллаб, уйга қайтдингиз. Энди бола-чақа билан маза қилиб суҳбатлашиб ўтирасиз. Набираларнинг ширин қилиқларидан, бийрон сўзларидан юзингизга табассум югуради. Тўкис дастурхон атрофида ҳордиқ чиқарасиз. Телевизор кўрасиз. Уйқу олдидан оила аъзоларингизга "хайрли тун" тилаб, ширин оромга ётасиз. Демак, оилангиз тинч, кўнглингиз хотиржам экан.

Беш қўл баравар эмас, деганларидек барча оилани ҳам ана шундай тўкис деб бўлмайди. Турли оилада турлича тажрибага, тарбияга, савияга эга ёшу кексалар, эркагу аёллар, соғу беморлар бўлиши мумкин. Айниқса, ота-она, фарзандлар ўртасида келишмовчиликлар бўлса-чи?

Бундай нохушликларнинг олдини олишда ёки ана шундай ҳолатни бартараф этишда муроса ва муомаланинг аҳамияти ниҳоятда катта.

Балоғатга етган фарзандлар тарбияси ниҳоятда нозик. Вақти келса, уларга битта гап кўплик, яримта гап озлик қилади. Бу борада танбеҳидан кўра ён босиб айтилган сўз бехато нишонга тегади. Катта ёшдаги фарзанд билан гаплашганда, унинг нуқсони тилга олинса, у отаси айтганларининг аксини қилади. Ахир, яхши гапга илон инидан чиқади, дейишади-ку! Фарзандининг феъл-атворига қараб яхши муомала қилишса, яхши гап билан йўлга солганга нима етсин! Оила қачон бунёд этилган бўлса, "муросаю мадора" деган сўз ҳам унга ёндош бўлиб келади.

Янги шароит келинни янгича юриш-туришга ўргатади. "Келиннинг аҳволини келин бўлган билади" дейдилар. Кишиларнинг бир-бирларига ўрганиб, аралашиб кетиши, аввало, муроса ва муомаладан бошланади. Муросага қараб ёш оила омонат ёки мустаҳкам бўлиб боради.

Ўтган йили Муҳаббат опа (исмлари ўзгартирилган) келин туширди. Ҳаддан зиёд сармоя сарфлаб тўй қилди. Данғиллама тўйнинг овозаси оғиздан-оғизга кўчди. Қуда томон эса маъзар бериб чарчамади. Орзу-ҳавас билан икки оила ўртасида қариндошлик риштаси боғланди. Лекин орадан икки ой ўтар-ўтмас келинчак ота уйига кетиб қолди. Аён бўлдики, келинчак янги муҳитдаги баъзи уй юмушларини бажаришдан бош тортган. Қайнонага эса бу ҳолат ёқмаган. Агар қайнона ўз вақтида муроса йўлини танлаб, келинни аста-секинлик, юмшоқ феъллик билан билмаганини ўргатиб, рўзғорга қайиштириб борганида эди, балки...

Онаси-чи? Қизини бировнинг эшигига борасан, деб уй юмушларига тайёрлаб, муомала маданиятини ўргатиб борганида, ёш келинчак қайнонасига терс қараб, меҳнатдан бўйин товламаган бўларди. Ота-она берган сеп-сидирғаси билан қизига бахт беролмади.

Шарм-ҳаё, озодалик, меҳнатсеварлик, мулойимлик, қаноат бамисоли сепдек келинни бойитади, унга ярашади ҳам. Буни қиз ўстирган она ҳам, келинлик остонасида турган қиз ҳам билиши керак.

* * *

Қайнона ҳаёт тажрибасига эга бўлиб, "ўғлимнинг бири икки бўлсин" деган мушоҳада билан иш тутади. Шу тарзда келинларни йўлга солиб боради.

Қайнонасининг насиҳатомуз сўзларидан ўпка-гина қилиб юрувчи келинлар ҳам учраб туради. Ҳайри хола бирин-кетин набираларни боқиб, келин ва қизларига қарашиб, улардан ёрдамини аямади. Келини олийгоҳ талабаси бўлгани боис, у ўқишдан қайтгунча овқат ҳам пишириб қўяди. Набирасини оқ ювиб - оқ тараб ўтиради. Қайнонанинг бу самимий хизматига яраша димоғдор келини лоақал бирор марта "раҳмат" ҳам демайди. Доноларнинг айтишича, бундай "қўли косов, сочи супурги" қайнона тарбиясини олган келин тез кунда уддабурон бўлиб кетаркан. Шунинг учун бўлса керак, одамлар бундай келинлар ҳақида "қайнонали келин қарқара келин, қайнонасиз келин масхара келин" дейдилар.

Лекин келиб буни билиши, англаши, ўрни келганда қайнонасига миннатдорчилик билдиришни билиши керак.

* * *

Орамизда шундай қайноналар борки, келиннинг ҳар бир қилган ишидан айб қидирадилар, халқона айтганда, "келинни кўргани кўзи йўқ". Бундай ҳолатда сабр ва муроса катта роль ўйнайди. Ўз ўрнида келиннинг онаси ҳам "ташлаб қўйган болам йўқ" қабилида иш тутса, оила барбод бўлади. Аксинча, "тош келса кемириб, сув келса симириб юр", "ҳой, нега барвақт келдинг, уйингга бор, юмушларинг бордир" каби насиҳатлар оилани мустаҳкамлайди. Бу борада аёлларнинг етти ўлчаб бир кесишлари, оиладаги муҳитни мўътадиллаштириб туришлари ҳеч кимга сир эмас. Улар ҳаракат қилишмаса, қурилган оила барбод бўлиши ҳеч гапмас.

Келин ҳам бошқа оилага қадам қўяётганда, авваламбор, турмуш ўртоғини бахтли қилишни, қайнота-қайнонасининг, ўша оила аъзоларининг ҳурматини жойига қўйиши, борган хонадонидаги ҳар қандай оғиру енгилликларга вазминлик билан ёндашиши керак. Шундагина миннатдор эр, қайнота-қайнона ундан олаётган меҳрини юз чандон ортиқ қилиб қайтаришга ҳаракат қилади. Шундагина кўнгли хотиржам оналар "Худога шукр, ўғил-қизларимиз тинч-тотув яшашяпти" дея дуога қўл очадилар. Демак, қизларимиз "оғир тош" бўлиб, ўз оилалари бағрига, ҳаётига сингиб кетишлари, қайноналар ҳам уларни ўз фарзандидай кўриб, билмаганларини ўргатиб, яхшисини ошириб, ёмонини яшириб, муроса, чиройли муомала йўлини тутиб кетишлари керак.

Бахтли бўлишга ҳамма ҳам ҳақли. Бу эса кўп жиҳатлар биз - аёлларга боғлиқ эканини унутмайлик.

Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди