Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Сиёсат ва хаёт

№32, 06.08.2015

МУТАХАССИС ТАВСИЯЛАРИ

ФАРЗАНДИМИЗНИ МЕҲНАТГА ЎРГАТАЙЛИК

"Эрим билан севишиб, синашиб турмуш қурганмиз. Касбим - ўқитувчи. Эримнинг тайинли бир иши йўқ. Дам бозорда савдо қилса, дам уч-тўртта шериги билан хорижга ишлагани кетиб, тузукроқ пул топмай қайтиб келади. Ҳаммасига қўл силтаб ажрашай дейману, икки боламни ўйлаб, аҳдимни хаёлимдан узоқлаштираман. Эрим билан ортиқ тортишмай қўйдим. Рўзғорнинг ҳамма оғир-енгили ўзимнинг бўйнимда. Бошқа нарсадан хавотирдаман. Ўғлим борган сари отасига ўхшаб кетяпти. Такасалтанг, ишёқмас, ялқов... Бирор иш буюрсам, минг бир баҳона билан ўша ишни бажармаслик йўлларини ахтаради. Қайси бирига асабийлашиб, қай бирига куйишни ҳам билмайман. Нима қилишга бошим қотган. Наҳотки, ўғлим отасига тортиб, масъулиятсиз бўлиб улғайса? Ўн икки ёшли болани қандай тарбиялашни билмай ҳайронман...

Дилрабо, Андижон тумани".

Таҳририятимизга келган ушбу мактубга вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ўқитувчиси, психология фанлари номзоди, доцент Наргиза Қосимова шундай жавоб беради:

- Ўн икки ёшли бола учун тарбияга кечикдингиз дегани эмас, аммо ҳали эрта дегани ҳам эмас. Урушмай-сўкишмай, имкон даражасида ўғлингизга дўст бўлиб, уни меҳнатга ўргатинг. Ҳамма бало - меҳнатга ўргатилмаганидан! Эрингиз ҳам бола пайти меҳнатга ўргатилмаган. Ота-онаси иш буюрмаган. "Ҳали бола, ҳали ёш, бир кун ўрганади"га ўхшаган гаплар билан болани ўз ҳолига ташлаб қўйишнинг оқибати шундай хунук бўлади. Ўғлингизнинг отасига тортиши эса бор гап! Фарзанд ота-онадан ўзиб қайга борарди? Шунинг учун ҳам психологлар "Фарзандингни тарбиялашга уринма! Аввал ўзингни тарбияла, боланг сенга қараб тарбияланади" дейишади. Меҳнатга бўйин бермайдиган, масъулиятсиз отанинг фарзандини меҳнаткаш одамга айлантириш мумкин. Бу энди она - сизнинг тадбиркорлигингиз ва заковатингизга боғлиқ. Бунинг устига ўқитувчи экансиз, фикримизча, фарзанд тарбияси, инсон дунёқарашини шакллантириш сиз учун қийин юмуш эмас. Фақат бироз мулоҳазали ва мулойимроқ бўлсангиз, кифоя.

Шу ўринда қуйидаги тавсияларимиз ота-оналарга тарбия борасида ёрдам беради, деб умид қиламиз:

* Ўғлингизга ҳар икки гапнинг бирида "Отангга ўхшайсан!" дея маломат қилаверманг! Отаси бўлганидан кейин ўхшайди-да! "Ялқов", "дангаса", "текинхўр" деган сўзлар билан ҳам болани ҳақорат қилманг. Биринчидан, болани ўзингиздан бездирасиз. Иккинчидан, ростдан ҳам фарзандингизда ялқов, текинхўр бўлиб ўсишга мойиллик шаклланади.

* Ўғлингизга у эплаш-эпламаслигига қарамай, уйда эркак киши қиладиган ишларни бажартиринг. Дейлик, ҳовлидаги томорқа ишларини, товуқхонани тозалашни, қўйларга охур қуришни... Бу ишларни у кўнгилдагидек бажармаса, ҳафсаласини совутиб, танбеҳ берманг! Унутманг, сиз меҳнатга ўргатяпсиз!

* Дам олиш кунлари биргаликда боғ ёки полизда фарзандингиз билан ёнма-ён ишланг. Болангизнинг меҳнатини вақт-вақти билан рағбатлантириб туринг. Ширинлик, мазали овқат, борингки, имкониятингиз етса, у анчадан бери орзу қилиб юрган нарсасини ҳам олиб беришингиз мумкин. Албатта, бунга у ўз меҳнати билан эришганини, кишига меҳнат қилиб топгани тотли бўлишини эслатинг.

* Болангизга шундай тарбия берингки, у меҳнат нафақат бойлик, тўкин ва фаровон ҳаёт учун, балки инсоннинг маънавий камолини намоён қилиш учун ҳам зарур эканини англаб етсин. Меҳнат инсонни улуғлаши, жамият ва атрофдагилар олдида ҳурматини, қадр-қийматини оширишини такрор-такрор фарзандингизга уқтиришдан чарчаманг.

* Болангизнинг қизиқишларига эътиборли бўлинг. У нимага қизиқади? Мактабда қайси фанни ўзлаштириши яхши? Бадиий китоблар совға қилинг. Ўқиган китоблари юзасидан фикр алмашинг. Фарзандингизни шифокор назоратига олиб боришни ҳам тавсия қиламиз. Негаки, айрим ҳолларда бирор дарддан азият чекаётган бола ҳафсаласиз, танбал, уйқучан бўлиб қолади. Албатта, бундан Худо асрасин, лекин ана шундай ҳолатни эътибордан четда қолдирмаганингиз маъқул.

* Болаларингизнинг кўз олдида отасини ҳурматсиз қилманг. Балки эрингиз ҳам ота-онасининг лоқайдлиги ёки ҳаддан ортиқ меҳрибонлигининг қурбони бўлгандир? Кўпчилик ота-оналар "мен кўрган қийинчиликларни болам кўрмасин", "Болам болалигида яйраб ўйнаб-кулсин" деган нотўғри қарашлар билан фарзандини ҳаддан зиёд талтайтириб юборади ёки меҳнатга ўргатмайди. Бунинг оқибати болага оғир кечади. Чунки ҳаётнинг ҳар лаҳзаси меҳнат ва ҳаракат билан боғлиқ. Ота-онанинг вазифаси мана шу нарсани фарзандига ўз вақтида ва ўрнида ўргата олишдир.

УМИДАХОН ёзиб олди.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди