Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Сиёсат ва хаёт

№35, 27.08.2015

ДИЛ ТУҒЁНИ

ЭНГ УЛУҒ СЎЗЛАРДАН УЛУҒСАН, ВАТАН!

Мустақиллик йилларида юртимизда, хусусан, Андижонимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари ҳар биримизни қувонтиради. Айниқса, Ўзбекистон, Бобуршоҳ, Истиқлол, Амир Темур, Миллий тикланиш кўчаларини, Навоий шоҳкўчасини кўриб, кўнглингиз қувнайди. Барпо этилаётган янги-янги бинолар шаҳримиз кўркига кўрк қўшмоқда.

Узоққа бормайлик, яқиндагина Бобур майдонида барпо этилган мусиқали фаввора, Эски шаҳарда олиб борилаётган қурилишлар, вилоят театри рўпарасида ландшафт дизайни асосида барпо этилган ҳиёбон, буларнинг бари муҳтарам Юртбошимиз раҳнамолигида халқимиз томонидан амалга оширилаётган ҳайрли ва эзгу ишларнинг ёрқин намунасидир.

Туманларимиз марказлари, чекка-чекка қишлоқларимиз кўрки, қиёфаси тубдан янгиланаётганлигини, намунавий лойиҳалар асосида маҳаллаларда барпо этилаётган замонавий уйларни, халқимизнинг турмуш фаровонлиги тобора юксалиб бораётганлигини кўриб, қувонмай бўладими!? Бу каби асрларга татигулик ишлар ҳар бир юртдошимизнинг қалбида чексиз фахр-ифтихор туйғуларини уйғотиши табиий.

Бугун ана шундай хайрли ишлар бутун мамлакатимиз бўйлаб кенг қулоч ёйганлигидан беихтиёр ғурурланамиз. Шукуҳли истиқлол байрами арафасида юрт бўйлаб қилган саёҳатим давомида қалбимдаги ифтихор туйғуси минг чандон ошди десам, асло муболаға бўлмайди.

Она диёр бўйлаб саёҳатга йўл олар эканман, кундан-кун чирой очиб, бир-бири билан ҳусн талашаётган водийнинг уч гўзал вилоятини ортда қолдириб, Тошкент вилоятининг кенг, равон йўлларидан завқланиб ўтарканмиз, беихтиёр хаёлимдан "инсон қўли, заковати нималарга қодир-а," деган фикр ўтди. Борар манзилимиз - Зомин сиҳатгоҳи.

Ўзининг гўзал табиати, мусаффо ҳавоси, меҳнаткаш инсонлари билан ҳар қандай кишида илиқ таассуротлар уйғотадиган Зомин диёри ҳам истиқлол йилларида кенг бунёдкорлик ишлари туфайли юксалиб бораётганлигини, айниқса, сиҳатгоҳнинг ўзгача қиёфасини кўриб, ҳавасингиз келади.

Мустақиллик йилларида Зомин сиҳатгоҳи қайта таъмирланиб, энг замонавий тиббий ускуналар, зарур техника воситалари билан таъминланди. Саломатликларини тиклаш мақсадида юзлаб юртдошларимиз бу ерга ошиқиши бежиз эмас. Айниқса, ёзнинг жазирамасида танга ором бахш этувчи Зомин ҳавосининг ўзи табиат яратган энг улуғ табиб, мўъжиза! Сиҳатгоҳда "Кексаларни эъзозлаш йили" муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фахрийлари учун алоҳида шароит яратилган. Дам олиш соатлари, кўнгилочар томошалар, эътибор ва ғамхўрликлардан отахон ва онахонлар мамнун. Зомин тоғларининг ҳавоси, ундаги сокинлик, софлик, улуғворлик ва виқорни, жозиба ва қудратни фақат ҳис этиш мумкин. Жаннатмонанд Ўзбекистонимизнинг денгиз сатҳидан икки ярим минг метр юксаклигида арчалар ҳидига, тоғ гиёҳларининг ифорига бурканган, тўрт тарафдан сервиқор тоғлар билан бўй талашаётган сиҳатгоҳ яхши инсонларнинг меҳри, бахтиёр болажонларнинг ўйин-кулгуси, нуроний кексаларнинг дуоси билан янада гўзал, янада мафтункор бўлиб кетади!

Бу ерда сиҳатгоҳдан ташқари "Ўриклисой", "Зилола" каби дам олиш масканлари, қатор замонавий кемпинглар ҳам фаолият юритади. Усмонлисой қишлоғида "Истиқлол" болалар оромгоҳи мавжуд. Умуман, бу шифобахш гўша ёз кунларида беш мингдан зиёд юртдошимизни ўз бағрига олади.

Шаршара, Шербулоқ, одамлар таъбирича, минг йиллик арча, охири кўринмас арчазорлар, далачой, гулхайри чаман очилган, ялпиз ҳидлари чексизликка ёйилган тоғ гулзорлари, барча-барчаси ортда қолди.

Машинамиз кўҳна Самарқанд сари борар экан, Жалолиддин Румийнинг "Маънавий-маснавий" асарида келтирилган заргарлар маҳалласи, заргар йигитнинг аччиқ қисмати, улуғ ишқ дардига дучор бўлган қизнинг фироқда кун сайин уришдан тўхтаб бораётган юраги - Самарқанд тилга олингач, жонланиб кетгани хаёлимдан ўтади.

Дунё тарихининг залворли саҳифаларини эгалловчи буюк Амир Темур хоки ётган, фалаккиёт илмининг пешвоси Мирзо Улуғбекка бешик бўлган, Алишер Навоийга илм, Бобур Мирзога қудрат бахш этган Самар-қанд! Не-не улуғ зотларни бердинг, Имом Бухорийдек ислом оламининг алломаси бағрингда асралса, дунё тамаддуни сендан бошланса, мустақил юртга ифтихор, раҳнамо берган бўлсанг, олдингдаги қарзни узиб бўлармикан?!

Шарқ гавҳари аталмиш Регистон майдонида "Шарқ тароналари" халқаро фестивалига тайёргарлик авжида. Майдонда нафақат, санъат ва маданият соҳаси вакиллари, балки замонавий чироқлар ва техник воситалар усталари ҳам ишлашяпти. Юртимиз довруғини дунёга танитишга хизмат қилаётган халқаро санъат фестивалини юксак савияда ўтказиш учун барча ишлар олиб борилаётганлигига гувоҳ бўлдик.

Андижон, Тошкент, Самар-қанду Жиззах, умуман, озод ва обод юртимизнинг қай бир гўшасига бормайлик, бўлаётган ўзгаришлардан, бунёдкор, меҳмондўст, одамийликни ҳар недан устун қўювчи халқнинг бир вакили эканлигимдан беихтиёр фахрландим.

Бугун жонажон Ўзбекистонимиз катта тўй - Мустақиллигимизнинг 24 йиллигини тантана қилиш тараддудида. Тўйга тўёна тайёрлаш - ҳар биримизнинг фарзандлик бурчимиз. Зеро, бу тўй, бу тантана қалбларимизга шу юрт фарзанди сифатида ғурур, ифтихор бағишлайди.

Она муқаддасми,

фарзандми азиз,

Ширин жоннинг қадри

баландми ёки?

Дилга паноҳ қайда,

саждагоҳ қайда,

Беватаннинг қайга

етарди оҳи.

Бетакрор, ягона,

муқаддас, азиз,

Энг улуғ сўзлардан

улуғсан, Ватан!

Сен бор онам бордир,

сен бор болам бор,

Сен бор жоним омон,

ҳур Ўзбекистон!

ХУРШИДАБОНУ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди