Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Сиёсат ва хаёт

№6, 04.02.2016

Мулоҳаза

КИТОБ - УЛКАН ХАЗИНА

Кейинги йилларда инсонларнинг ахборотга, маълумот олишга бўлган эҳтиёжини қондиришнинг турли усул ва воситалари шу қадар ривожландики, натижада одамларда китоб ўқишга бўлган муносабат тубдан ўзгарди. Китоб ўқиш гўё имтиҳон топширишга тайёргарлик кўришдай жараёнга айланиб қолди. Афсуски, айниқса, ёшлар ўртасида китоб ўқишдан кўра, интернетдан маълумот олиш қулайроқ, деган тушунча шаклланди.

Тўғри, бугун китобсевар юртдошларимиз жуда кўп. Китоб - хазина, у инсонга улкан маънавий бойлик беришини тарғиб этаётган зиёлиларимиз ҳам оз эмас. Аммо охирги марта қачон китоб ўқиганини эслай олмайдиган, бирор марта фарзандларига китоб ўқиш кераклигини айтмаган кишилар сони эса улардан ҳам кўпроқни ташкил қилади.

Одамлар, айниқса, аёллар тўпланиб қолсалар, турли муаммолар, машҳурлар ҳаётидаги ўзгаришлар, маош қачон берилиши, уни қандай сарфлаш, тўй, маърака ва бошқа турли тадбирлар, уларни қай тарзда ўтказиш, турли сериаллар киноқаҳрамонлари ҳаёти билан боғлиқ воқеалар ҳақида бир-бирлари билан соатлаб гаплашади ёки телефон орқали суҳбатлашишга истаганларича вақт ажратишади. Бундай охири кўринмайдиган суҳбатлар, қайта-қайта намо-йиш этилаётган сериалларни кўриш учун вақт ажратмиз-у, китоб ўқишга, фарзандимизга эртак айтиб беришга вақт топа олмаймиз.

Тўй-маросимларга, гап-гаштакларга қимматбахо либослар, тақинчоқлар, совға-саломларни харид қиламиз, лекин 5-6 минг сўмга китоб харид қилишга тўғри келганда ёки фарзандимиз китоб сотиб олишни сўраганида ўйланамиз, пулимизни тежаш кераклигини ўйлаб қоламиз.

Китоб билан боғлиқ қандайдир тадбирлар, ижодкор ёки ёзувчилар билан ўтадиган учрашувларни ҳисобга олмаганда, китоб мутолааси, бирор бадиий асарда қандай мавзу тилга олинган, қаҳрамонларининг тақдири қандай кечган, асарнинг ғояси ва мазмуни нимадан иборат, қўйингки, китоб мавзусидаги мулоқотларни жуда кам учратамиз.

Фарзандимизнинг аъло ўқишини хоҳлаймиз, яхши ўқигин, деб талаблар қўямиз. Аммо фарзандимиз бизни бирор марта бўлса ҳам китоб ўқиган ҳолатда кўрганми? Шу ўринда мен фарзандларимизда китобга муҳаббат, китоб мутолаасига бўлган қизиқишни оширишда ўзимиз шахсий намуна кўрсатишимиз керак, деб ҳисоблайман. Доноларимиз "Тарбиянинг таъсирчанлиги сўз ва амал бирлигида" дея бежиз ёзишмаган.

Ҳеч ўйлаб кўрдингизми? Кейинги икки йил давомида қандай китоб ўқидингиз ёки фарзандингизга мана бу китобни ўқигин, жуда яхши экан, деган сўзни айтдингизми? Менимча бу саволга кўпчилик ижобий жавоб бермаслиги аниқ. Чунки фаолиятим, ўзим билган одамлар билан бўлаётган мулоқотлар мени ана шундай хулоса чиқаришга ундайди.

Юқоридаги саволга ижобий жавоб берган инсонларга эса фақат офарин айтмоғимиз жоиз. Ахир уларнинг хонадонига илм, тафаккур, маънавият зиёси нур сочиб турибди. Бундай оилалар қанчалик кўп бўлса, келажакда маърифатли, кенг дунёқарашга эга инсонлар шунчалик кўп етишиб чиқади. Чунки китоб ўқиш инсонни руҳан баркамолликка етиштиради ҳамда гўзал фазилатлар эгасига айлантиради.

Бир куни дарс жараёнида ўқувчиларимга "Кимнинг ота-онаси уйга китоб олиб келади?" дея савол бердим. Синфдаги 5-6 нафар ўқувчигина бу саволга ижобий жавоб берди, холос. Бошқа ўқувчилар эса китобни фақат мактаб кутубхонасидан олиб фойдаланишларини айтишди. Кичик тадқиқот жараёнида бирор китобни охиригача ўқиб тугатишга тоқати етмайдиган ўқувчилар борлиги ҳам аниқланди.

Ҳар қандай тарбия сингари китобга муҳаббат болаликдан бошланади. Фарзандимизга болалигиданоқ китоб ўқиб беришимиз, китобларда берилган расмлар мазмунини тушунтириб борсак, бу шубҳасиз, уларнинг келажагига, интеллектуал салоҳиятининг юксалишига ижобий таъсир кўрсатади. Ана шу масалага қаратган эътиборимиз вақтлар келиб, фарзандларимизнинг ақл-фаросатли, мулоҳазали, билимли бўлиб улғайишларига замин яратади.

Дунё қанчалик шиддат билан тараққий этмасин, технологиялар имкониятлари жадаллик билан ривожланмасин, инсон камолотида китобнинг ўрни ва роли беқиёслигича қолаверади. Инсон маънавиятининг юксалишида китобнинг ўрнини ҳеч қандай восита эгаллай олмайди. Шу боис ҳам фарзандларимизни, ёшларни китоб ўқишга бўлган қизиқишларини оширишдан асло тўхтамайлик. Зеро, жамиятимизнинг бош вазифаси баркамол, юксак маънавиятли авлодни тарбиялаш экан, китобга эътибор масаласини ҳамиша биринчи ўринга қўйишимиз даркор. Бусиз ҳеч қачон ўзимиз истаган натижага эриша олмаймиз.

Рушана РУСТАМОВА,

Жалақудуқ туманидаги

17- давлат ихтисослашган мактаб ўқитувчиси,

Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди