Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Сиёсат ва хаёт

№9, 25.02.2016

Бугуннинг гапи

АВТОБУСЛАРДАН "ҲАЙДАЛАЁТГАН" БОЛАЛАР

Ёхуд мактаб ўқувчиларини йўлкира тўлашга мажбур қилаётган айрим кишилар хусусида

Мустақиллик шарофати билан юртимизда инсон ва унинг манфаати масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, келажагимиз эгалари бўлган ёш авлодга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик ҳақида ҳар қанча гапирсак камлик қилади. Бироқ... Камдан кам бўлса-да, қуйидаги сингари ҳолатлар рўй бераётгани эзгу мақсадлар йўлида олиб бораётган ибратли ишларимизга соя солиши табиий.

"Автобуснинг билет сотувчиси мактабга кетаётган болаларнинг пули йўқлигини билгач, уларни сўкиб, автобусдан тушириб юборди. Ноинсоф, наҳотки, ўзининг фарзанди бўлмаса? Унинг: "Йўл кирага пулинг бўлмаса, пиёда кетавермайсанми? Нима қиласан битта ўринни банд қилиб? Бундан кейин пулинг бўлсагина, автобусга чиқишни ўрган!" деган гапларидан бечора болажонлар гуноҳкордай автобусдан тушиб кетди".

Бу воқеани яқин таниш аёлдан эшитиб, жаҳлим чиқди. Очиғи, бир сафар бундай ҳолатга ўзим ҳам гувоҳ бўлгандим. Биз барибир аёлмиз, фарзандларимизга раҳмимиз келади, уларни қийналмасин деймиз.

- Қишнинг совуқ кунларида болаларни мактабларга етказиб қўйиш савоб бўлади, - деган гапим учун билет сотувчи "Биз ҳам план топширамиз, автобус текинга юрмайди" деган иддаоларни айтиб мен билан анча тортишганди. Ёши катта йўловчиларнинг гапиришларига қарамасдан унинг уялмасдан ўқувчилардан йўл кира ҳаққини сўраши, "сенларнинг ишинг бўлмасин" қабилида иш тутиши барчанинг асабига теккани аниқ.

Билет сотувчининг қўрс муомаласи, ўқувчиларни ноўрин тушириб юборгани, табиийки, бошқа йўловчиларнинг ғазабини келтирган. Автобусдаги ёши катта одамлар уни инсофга чақиришган, бу иши яхши эмаслигини тушунтиришга уринишган. Бироқ калтабин кимса уларни ҳам силтаб ташлаган, "бировга ақл ўргатгунча, ўзларини билишларини" писанда қилган. Арзимаган пул олдида одамгарчилик ҳам, инсоф ҳам, мавжуд қоидалар ҳам четда қолган.

Вилоятимиз ҳокимига раҳмат, кейинги йилларда унинг ташаббуси билан кўплаб автобуслар келтирилиб, шаҳар ичи ва шаҳарлараро йўналишларга автобуслар қатнови йўлга қўйилди. Бу албатта, аҳоли ва йўловчиларга, айниқса, мактаб ўқувчиларига катта қулайлик яратмоқда. Лекин юқоридаги каби ҳолатлар болажонларимизнинг мактабларга бориб келишларида қийинчиликлар туғдираётганлиги кўпчиликни ташвишга солади.

Хўш, шу ўринда савол туғилади? Мактаб ўқувчиларидан йўлкира хақи олиш ўринлими? Олинмаслиги ҳам мумкинми? Қуйида ана шу ва мазкур масалага оид қатор саволлар хусусида мулоҳаза юритамиз.

Энг аввало, саволларга жавоб топиш мақсадида "Ўзавтодарётранс" агентлиги Андижон ҳудудий бўлими раҳбари Муроджон Ҳайдаровга мурожаат қилдик.

- Аслида автобусларда етти ёшгача бўлган болалардан йўл ҳақи олинмаслиги керак. Бундан ташқари, вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги комиссиясининг 2013 йил 23 ноябрдаги йиғилишида юртимизда ёш авлоднинг камолоти учун кўрсатилаётган эътиборни ҳисобга олиб, қатор йўловчи ташиш корхоналари раҳбарлари мактаб ўқувчиларининг мактабга бепул бориб келишларини таъминлаш ҳамда коллеж ва лицей ўқувчиларини 50 фоизлик имтиёзли йўл кира нархида ташиш ҳақидаги ташаббус билан чиққан. Ушбу ташаббусни вилоятдаги аҳолига транспорт хизмати кўрсатаётган барча автокорхона раҳбарлари бир овоздан мақуллаган.

Келажагимиз эгалари бўлган ёшларга, фарзандларимизга қулайлик яратиш, қаратилган ана шу ташаббусни кенг тарғиб этиш мақсадида йўловчи ташишга ихтисослашган корхоналар, жамиятлар раҳбарлари томонидан ўз ишчи-хизматчилари, ҳайдовчилари ўртасида ҳозирга қадар тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Бу борада йўловчи ташувчи жамоат транспорт воситаларига эълонлар ўрнатилган.

Мутасадди ташкилот раҳбари билан суҳбатлашгач, мавжуд қоидалар чиндан ҳам борлиги ҳақида аниқ маълумотга эга бўлдик. Аммо оддий фуқаро, йўловчи билган ва кенг тарғиб этилаётган ана шу қоидаларни қайсидир автобус ҳайдовчиси ёки билет сотувчиси билмаслиги мумкин эмас. Майли, уларни кенг жамоатчилик томонидан қабул қилинган ана шу тартибни билмасин ҳам дейлик, лекин инсоф, одамгарчилик қоидаларини ҳам унутишлари инсофданмикан?

Дейлик, бу каби кимсалар бекатларда мактабига кеч қолмаслик илинжида автобусни интиқ кутиб турган болакайларнинг ўрнига ҳам йўл ҳақи тўловчи катталарни оладилар. Эҳтимол, улар топшириладиган пулнинг маълум қисмини "йўловчиларнинг фалончаси болалар эди..." қабилидаги гап билан пулнинг маълум қисмини ўз чўнтакларига урмайди, деб ҳам ҳеч ким кафолат бермайди. Нима бўлганда ҳам ўзларига инсоф берсин.

* * *

Шу ўринда яна бир муаммони ўртага ташлашни жоиз топдик. Бу ҳолат ҳам кўпчиликка яхши таниш. Яъни, баъзи "Дамас", "Форд" ва автобус ҳайдовчиларининг йўловчи ташиш баробарида салонда бемалол сигарета чекиш ҳолатидир. Бу менинг назаримда йўловчиларга, қолаверса, мавжуд қонунларимизга нисбатан ҳурматсизликнинг бир кўринишидир. Чунки "Алкогол ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунига асосан жамоат жойларида сигарет чекиш таъқиқланган. Аслида тамаки чекаётган одамдан кўра унинг тутунига "қалқон" - атрофдагилар кўпроқ зарар кўришини ҳаммамиз биламиз.

Гапим қуруқ бўлмаслиги учун ўзим гувоҳ бўлган бир ҳолатни келтирмоқчиман. Киракаш машинада кетаётгандим. Бир бекатдан ёши каттароқ аёл чиқди. Ҳайдовчи сигарета тутата бошлади ҳамки йўловчи аёлни йўтал тутди. Маълум бўлишича, аёлни астма касаллиги безовта қиларкан. Ҳайдовчи дарҳол сигаретасини ташқарига улоқтирди. Минг хижолатлик билан узр сўради. Бироқ анчагача аёл йўталдан қийналди. Яхшики, дорисини ўзи билан бирга олиб юраркан...

Баъзан машинада сигарета чекиш, телефонда гаплашиш, мусиқани баланд тинглаш каби салбий воқеаларга дуч келамиз, аммо уларга у қадар эътибор бермаймиз. Чунки "менга нима" қабилида иш тутамиз. Аслида ана шундай ўзини, ўзгаларни, қонунларимизни ҳурмат қилмайдиган кишиларни тартибга чақириш сизу бизнинг, кенг жамоатчиликнинг зиммасидаги ишдир. Мен айтмасам, сиз гапирмасангиз, қонун ижроси қандай таъминланади? Мана шу ишга мутасаддилар ҳамма жойда ҳам ҳозиру нозир бўлмайдику! Айтиш жоизки, ҳар қандай қонун, тартиб, одоб-аҳлоқ меъёрлари, энг аввало, кенг жамоатчилик, фуқароларимизнинг бевосита иштироки билан ҳаётимизга чуқур сингиб боради.

* * *

Бугун вилоятимизнинг қайси ҳудудларига қараманг, автобус қатнови йўлга қўйилганининг гувоҳи бўласиз. Бу ўз навбатида аҳоли учун катта қулайликлар туғдирди. Кўчаларимизда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, тирбандликларнинг олдини олиш, йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йўналишларда автобуслар ҳаракати ташкил этилгани барчамизни мамнун этади. Йўналишлар бўйича қатнаётган автобусларнинг йўл ҳақи ҳам йўловчиларни оринтирмайди.

Қатор йўналишлар бўйича автобуслар қатновини йўлга қўйилганлигига қарамай, лицензиясиз одам ташиётган "Дамас"ларнинг ҳаракатланаётганлиги, улар йўлларда тирбанд-ликларни, авария ҳолатларини юзага келтираётганлигини, албатта, оқлаб бўлмайди.

- Бундай ҳолатлар содир бўлаётгани ҳақида аҳолидан эшитяпмиз, - дейди "Ўзавтодарётранс" агент-лиги Андижон ҳудудий бўлими раҳбари Муроджон Ҳайдаров. - Бу каби ҳолатларга қарши чора-тадбирлар олиб борганимизда, уларнинг кўпчилиги ҳақиқатан ҳам лицензияси бўлмаган ёш, ҳаваскор ҳайдовчилар бўлиб чиқмоқда. Кунлик техник ва тиббий кўрикдан ўтиш ҳақида эса улар ҳатто ўйлаб ҳам кўришмайди. Уларнинг мақсади, фақат пул топиш, тартиб-қоидалар, йўловчи ҳавфсизлиги масалалари уларни асло қизиқтирмайди. Бундай ҳолатларга йўл қўймаслик борасида зарур ишлар изчил олиб борилишига эришишимиз зарур.

* * *

Мавзу доирасида ўз мулоҳазаларимизни айтиб ўтдик, мақсадимиз Андижонда йўловчи ташиш борасидаги ишлар сифати ва савияси ўсишига, ҳам ҳайдовчилар, ҳам йўловчиларнинг хизмат кўрсатувчи ва йўловчи сифатидаги маданияти юксалишига эришиш, энг муҳими, фарзандларимиз, фуқароларимиз бехатар, юқорида келтирганимиз сингари асаббузарликларсиз ўз манзилларига етиб олсин. Бу ҳақда азиз муштарийларимизда, мутасаддиларда таклиф, фикр ва мулоҳазалар бўлса, бизга албатта, ёзиб юборишларини сўраб қоламиз.

Зилола РАҲМОНОВА,"Иқбол" мухбири.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди