Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Сиёсат ва хаёт

№17, 28.04.2016

Мулоҳаза

ТЎҒРИ ЙЎЛДАН АДАШМАЙЛИК!

Билим даргоҳларида таҳсил олаётган фарзандларимизнинг нурли юзларига боқар экансан, уларнинг илм олишга, касб-ҳунар ўрганишга меҳр-муҳаббати баланд эканлигининг, ҳамиша олға интилишларининг гувоҳи бўламиз.

Бугун ана шу ёшларимизнинг барчаси ҳам тўғри йўлдан боряптими? Уларнинг маънавияти, миллий қадриятларимизга муносабати қай даражада? Бу каби савол айни кунда юртимиздаги ҳар бир зиёлини ўйлантиради. Ҳаётий кузатув ва таҳлилларимиздан келиб чиқиб, ушбу саволларга ижобий жавоб топиш учун буюк алломалар асарлари, уларнинг ибратли ҳаётини, тарихимизни чуқур ўрганиш ва ёшларга оддий, содда равон тилда ўргатиш зарурлигини ҳаётнинг ўзи тақазо этмоқда.

Ёшлар даврасида уларни қизиқтирган масалаларни муҳокама этишда "Она", "опа", "сингил" бўлиб уларни ҳаёли, одоб-аҳлоқли бўлишларини таъминлаш, ҳар бир ҳаракатини ижобий томонга ўзгартириш, ибратли жиҳатларини ўрганиш, ўргатиш оналар ва устозлар олдида турган муҳим вазифадир.

Афсуслар бўлсинки, аёлларимиз ўртасида инсоний қиёфани йўқотган, беҳаёликни касб қилиб олаётган, нопок инсонларни хийлаларига алданаётган, "Она" деган улуғ номга доғ тушираётган аёлларнинг борлиги барчамизни ташвишга солади. Имом Ғаззолийнинг "Қирқ ҳадиси Қудсий" ривоятида "Ўзингизга раҳмингиз келсин, эй бандаларим! Чунки, баданлар заиф, сафар узоқ, юк оғир, кўприк нозик, кузатувчи ўткир, хакам бутун оламлар Парвардигоридир" деган сўзлари инсон ҳаётининг интиҳосида имтиҳоннинг қаттиқлигидан далолат эканлигини ана шу кимсалар англаб етмаётганликлари янада анчлидир. Шу боис ҳам, бугунги кунда аёллар ўртасида ислом дини ва диний ақидапарастлик тушунчаларини фарқлаш, Ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш масалалари долзарб бўлиб қолмоқда.

Ёшлар ўртасида замонавийлик, бир неча тилларда суҳбатлашиш, интернет тармоғи янгиликлардан бохабар бўлиш имкониятларининг мавжудлиги, уларнинг дунёқараши, билимини кенгаётганидан далолатдир. Бу албатта, ижобий жараён. Ҳозирги глобаллашув жараёнида, "бузғунчи оқимлар" томонидан ёшлар онгига бузғунчи ғояларни сингдиришга уринишлар кучаяётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Шунинг учун ҳам аҳоли, айниқса, ёшларимизда яхшини ёмондан фарқлаш, интернет маълумотларидан тўғри фойдаланиш кўникмалари шаклланган бўлиши муҳимдир.

Баъзи бир хотин-қизларнинг турли оқимлар таъсирига тушиб қолиши, турли ноқонуний хатти-ҳаракатлар иштирокчисига айланиб қолаётганлиги, уларнинг соддалиги, ишонувчанлиги, турли ҳиссиётларга берилувчанлигидан, аксар қисмида диний билимларни эгаллашга бўлган қизиқишнинг кучлилиги, аммо дин ҳақидаги билим ва тушунчалари етарли эмаслигидан келиб чиқмоқда. Ушбу жиҳатларни яхши билган диний экстремистик ҳаракатлар аёллардаги руҳий холатларни инобатга олиб, аёлларни қизиқтирадиган йўллар ва воситалар орқали уларнинг онгини захарлашга уринмоқдалар. Буни интернетдан ўрин олган модалар, макияжлар, беҳаёлик кўринишларига оид веб-сайтлар шаклида кўриш мумкин.

Кийим, кийиниш маданияти инсонни ички ва ташқи одобини, ҳаёсини белгилайдиган муҳим омиллардан бири. Ўта калта кийимлар кийиш, сочни ёзиб юриш, қулоққа ортиқча зираклар тақиш, юзга ортиқча пардоз қилиш европача "оммавий маданият"нинг, юзни беркитиб рўмол ўраш, ерга тегадиган даражада узун кўйлак кийиш, хижоб, ортиқча пардоз-андозлар эса турк ва араб халқларига иқтибос қилишдир. Иккала кўринишда ҳам одамларни эътиборини ўзига қаратиш, кўпчиликдан ажралиб туришга ҳаракат қилишдек миллатимизга хос бўлмаган урфлар ўз аксини топади. Яхши билиб олайлик ундай кийиниш, ўзга миллатларга тақлид қилиш охир-оқибат инсонни ўзлигини йўқотишга олиб келади. Инсонни камтарлик, ўзига хос ва мос либос, ақл-заковат, одоб-аҳлоқ безашлигини асло унутмаслигимиз керак.

Аёлларимиз энг аввало, мустаҳкам оилани барпо этиш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлайдиган хусни-хулқли, илм ва ҳунарли комил фарзандларни тарбиялаш, айниқса, қизларимизга оила сир-асрорларини мукаммал ўргатиш, келажакда уларни "Яхши одамнинг фарзанди-да" деган номга сазовор бўладиган даражада тарбия бериш ҳақида қайғуришари лозим. Биз тарбиялаган фарзандлар келажакда ҳаётда ўз ўрнини топа оладиган, юртга фидойи, унинг равнақи учун хизмат қиладиган комил инсон бўлиб улғайсин.

Саодатхон РАСУЛОВА,

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Андижон вилоят вакиллиги хотин-қизлар ишлари бўйича вилоят бош имом-хатиби ёрдамчиси.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди