Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Сиёсат ва хаёт

№19, 05.05.2016

2016 йил - соfлом она ва бола йили

ФАРЗАНДИНГИЗ ТИШЛАРИ НУҚСОНСИЗ БЎЛСИН

Кейинги пайтларда кўпчилик болажонларнинг тишларидаги доғ, уларнинг кулгусига нуқсон бераётгандек туюлади одамга... Оналарга: "Нега болангизнинг тиши қорайиб кетибди?" деб савол берсангиз, "Экологияданми, билмадим, боламнинг тиши қорайиб кетяпти", дея бепарво жавоб қайтаришади.

Аммо мана шу арзимаган деб ўйлаётганимиз - тиш касалликлари туфайли кейинчалик организмда бошқа хасталикларнинг илдиз отишига сабаб бўлиши мумкинлигини кўпчилигимиз яхши билмаймиз.

Вилоят болалар стомология маркази бош шифокори Муталлибжон АҲМЕДОВга болаларда тиш хасталиклари ва уларнинг келиб чиқиш сабаблари ҳақидаги саволлар билан мурожаат этдик.

- Кейинги йилларда нафақат катталар, балки етти ёшгача бўлган болаларнинг жуда кўпчилиги тиш касалликларидан азият чекмоқда. Айтингчи, болаларда учрайдиган тиш касалликларининг келиб чиқиш сабаблари нимада?

- Тиш касалликларининг ўзига хос хусусиятиларидан бири шундаки, у тезда оғриқ бермай, бир неча ой, ҳатто йиллар мобайнида тишни емириб боради. Шу боис кўпчилик тиш касалликларининг бошланғич даврини эътиборсиз ўтказади. Бугунги кунда болалар ўртасида кариес, айниқса, кенг тарқалган. Олти-етти ёшли болаларнинг 80-90 фоизида мазкур касаллик кузатилмоқда.

- Кўпчилик ота-оналар кариесни болаларнинг нотўғри овқатланиши, ширинликларга ўчлиги туфайли пайдо бўлади, деб ўйлашади. Аслида ҳам шундайми?

- Бу - касалликни чақирувчи омиллардан фақат биттаси холос. Кариесни келтириб чиқарувчи сабаблар жуда кўп. Бола она қорнида ривожланаётган вақтлардаёқ болаларнинг тиш касалликларига замин яратилган бўлиши ҳам мумкин. Чунки ҳомила ривожланишининг иккинчи ярмида сут тишларининг минераллашуви амалга ошади. Агар она соғлом бўлса ва тартибли овқатланса, кейинчалик бола туғилгандан кейин сут тишларида ҳеч қандай касаллик кузатилмаслиги мумкин. Агар онанинг токсикози оғир кечса, бола чала туғилса, туғруқ пайтида жароҳатланса, рахит, диспепсия хасталиклари бўлса, тиш касалликлари билан оғришга мойиллик ҳам кучаяди. Шунингдек, ҳомиладорлик пайтида онанинг инфекцион касалликлар билан оғриши ва унга эътибрсизлик ҳам кейинчалик боланинг сут тишлари касалланишига олиб келади. Шунингдек, болани сунъий овқатлантириш, экологик носоғлом муҳит (сув ва ҳавонинг тоза бўлмаслиги) ҳам кариесни чақирувчи омиллардан ҳисобланади. Ҳозирги пайтда бир ярим, икки ёшли болаларнинг 20-30 фоизи, уч ёшдан ўтган болаларнинг 50-60 фоизида кариес учрамоқда.

Бундан ташқари, сўлак ёпишқоқлигининг ошиши, айрим гуруҳ тишларнинг ишлатилмаслиги, (яъни фақат бир тарафда овқат чайнаш), оғиз бўшлиғи гигиенаси бузилиши натижасида ҳам кариес пайдо бўлади.

Айрим ҳолларда бир ярим- икки ёшли болаларда тишнинг бўйин қисмида оқ доғлар учрайди ва аста-секин тишлар ялтироқлигини йўқотади ва у ҳам аста-секин кариесга олиб келади.

Кариесни ўз вақтида илғаб тўғри даволанса, тишга катта нуқсон етказмай, унинг олдини олиш мумкин. Бу касаллик аввал юза босқичда пайдо бўлиб, кейин ўрта босқич, сўнг чуқур кариесга айланади ва шундан кейингина оғриқ бера бошлайди. Табиийки, ота-оналар ҳам тиши касалланган болалар ҳам шундан сўнггина ҳаракатга тушишади. Бундай ҳолларда кўпинча тишни сақлаб қолишнинг имкони бўлмайди.

- Болаларда кариесдан ташқари яна қандай тиш касалликлар учрайди?

- Хомилада тиш тўқималарининг ривожланиш даврида она ёки боланинг организмида туз ва сув алмашинуви бузилиши натижасида гипоплазия касаллиги келиб чиқиши мумкин. Бу касаллик гарчи ҳали бола туғилмасидан олдин бошланган бўлса-да, сут тишлари чиққандан кейингина билинади. Гипоплазияда тишда доғлар, чуқурча, дўмбоқча пайдо бўлиши, ёки аплазия (эмалнинг умуман бўлмаслиги) кузатилади. Агар она ҳушёр бўлса, бола тишидаги мана шу нуқсонларни сезиб, шифокорга мурожаат этади. Аммо кўпчилик бу борада ҳам эътиборсизлик қилади.

Бундан ташқари, флюрроз касаллиги ҳам мавжуд. Бу хасталик тишларда оқ чизиқлар пайдо бўлиши билан характерланади. Хасталик сув таркибида Ғ(фтор) миқдори ошиб кетганда пайдо бўлади.

Гарчи жуда кенг тарқалмаган бўлса-да, тетрациклин хасталигига учраган тишлар ҳам мавжуд. Агар она ҳомиладорлик пайтида тетрациклин қабул қилган бўлса, боланинг тишида кейинчалик сариқ доғлар пайдо бўлади ва секин-аста емирилиб боради.

- Демак, боладаги тиш хасталикларининг олдини олиш учун она қорнида ҳомила ривожланаётган пайтиданоқ эътиборли бўлиш керак экан-да?..

- Албатта. Хомиладор аёлнинг тўғри овқатланиши, мутахассислар билан маслаҳатлашиб, керакли пайтда зарур муолажаларни олиб туриши боланинг ҳар тарафлама соғлом туғилишида муҳим аҳамият касб этади. Шу боис ҳомиладорлик вақтида аёл ўзига ва туғилажак фарзанди саломатлигига қанчалик эътибор билан қараса, кейинчалик келиб чиқиши мумкин бўлган хасталикларнинг олдини олишга эришади.

- Суҳбатингиз учун раҳмат.

ҲАМРОХОН суҳбатлашди.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди