№21, 19.05.2016 Огоҳлик - давр талаби
ГИЁҲВАНДЛИК - ЗУЛМАТ ЙЎЛИ
Бахт, аввало, хотиржамлик ва саломатликда намоён бўлади. Соғликни ҳеч бир бойликка алишиб бўлмайди. Аммо айрим кимсалар бахтини, хотиржамлигини ўз умри заволи бўлган гиёҳвандликка алмашиб, ҳаётларини зулматга айлантираётганликлари аянчлидир.
Бугунги кунда ходимларимиз томонидан қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда таълим муассасалари ҳамда маҳаллаларда аҳоли, айниқса, вояга етмаганлар ўртасида гиёҳвандликнинг олдини олиш борасида кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.
Статистик маълумотларга кўра, гиёҳвандликка чалинганларнинг кўпчилигини ёшлар ташкил этади. Таҳлилларнинг кўрсатишича, уларнинг кўпчилиги кайфу сафога бўлган қизиқиши, баъзи ҳолларда эса бир маротаба "тотиб кўриш" нияти билан қора ажалнинг тузоғига илинишади. Бунинг натижаси эса охир-оқибат оғу қулларининг аксарияти жиноят кўчасига киради ёки бевақт ўлим топади.
Гиёҳвандликка қизиқиш айнан вояга етмаган ўсмирлар орасида кўп кузатилади. Чунки ёшларнинг ҳамма нарсага қизиқиши табиий ҳол. Ана шундан келиб чиқиб, ёшларга гиёҳвандликнинг аянчли оқибатлари ҳақида кенг тушунчалар бериш, хусусан, мавзу доирасида видеолавҳалар намойиш этиш, мутахассислар иштирокида турли тадбирлар, давра суҳбатлари ўтказиш мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Ёшларимиз - келажак эгалари, эртанги кун яратувчиларидир. Шундай экан, улар оғунинг қулига айланмасликлари учун биргаликда курашайлик.
Т. ҲАМДАМОВ,
Фарғона транспорт прокурори ёрдамчиси.
Муҳаммаджон ЖАЛИЛОВ,
Андижон тармоқ ТИИБ ВЕЎН ва ХПГ
инспектори, лейтенант.
|