Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Сиёсат ва хаёт

№24, 09.06.2016

Ифтихор

ҚАДАМЛАРИ ҚУТЛУҒ, КЕЛАЖАГИ БУЮК ЮРТ БУ

Давлатимиз раҳбари Ислом Каримовнинг жорий йил 2 июндаги "Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги қарори билан танишиб, мустақил тараққиёт йиллари юртимиз равнақи, халқимиз тақдирида туб бурилишларга асос солганлиги билан тарих зарварақларига муҳрланганлигини яна бир бор ҳис этамиз.

Ўзбекистонда тарихан қисқа давр - 25 йил давомида асрларга татигулик ютуқлар қўлга киритилди, халқимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш, маънавиятини юксалтириш, ўзлигини англаш борасида катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди. Кўплаб мамлакатлар жаҳон иқтисодий инқирози таъсиридан азият чекаётган бир даврда юртимизда кейинги ўн йил ичида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръати 8 фоиздан камаймаётганлиги, аҳолининг турмуш даражаси юксалиб бораётганлиги мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятининг, олиб борилаётган оқилона сиёсатнинг мевасидир.

Ўтган йилларни сарҳисоб қилган ҳар бир юртдошимиз "Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?" деган саволга ҳеч иккиланмасдан фахр ва шукроналик билан жавоб бера олади. Чунки ўтган ва ўтаётган йиллар мамлакатимизни дунёдаги жадал ривожланиб бораётган мамлакатлар қаторига қўшаётганини, иқтисодиёт, саноат, қишлоқ хўжалиги, спорт, санъат, маданият, қўйин-ки, барча соҳаларда эришилаётган ютуқлар ҳамюртларимиз қалбига фахр-ифтихор, шукроналик туйғуларини муҳрлаётгани айни ҳақиқатдир.

Ўзбекистон ана шу йиллар давомида нафақат Марказий Осиё минтақасида, балки дунёда тинчлик ва барқарорликни таъминловчи, юксак иқтисодий салоҳиятга эга етакчи давлатлардан бири сифатида жаҳон ҳамжамияти орасида ҳурмат-эътибор топди. Юртимиз автомобиль ишлаб чиқарувчи дунёдаги саноқли давлатлар қаторидан жой олди. Улкан қурилиш, ободонлаштириш ишлари ҳақида ҳар қанча гапирсак камлик қилади.

Узоққа бормайлик, юртбошимиз ташаббуси билан 2013 йилнинг ўрталарида Фарғона водийсини пойтахтимиз Тошкент шаҳри билан боғловчи умумий узунлиги 123,1 км.ни ташкил этувчи Ангрен - Поп темир йўли қурилиши якунига етмоқда. Унинг ўзига хос жиҳати шундаки, янги термир йўл баландлиги 2200 метр бўлган "Қамчиқ" довони орқали ўтди. Узунлиги 19 км. бўлган туннел қурилиб битказилмоқда, туннелдан ташқари, мазкур линияда 22 кўприк, 6 темир йўл бекати ва икки вокзал барпо этилди. Мухтасар айтганда, ишга тушганидан кейин бир йил давомида 600 минг йўловчи ва 4,6 миллион тонна юк ташилиши кўзда тутилган ушбу йўл "Европа - Марказий Осиё - Хитой халқаро темир йўл коридори"нинг бир қисмига айланади. Мана шундай оламшумул қурилиш бугун сизу бизнинг кўз олдимизда якунига етказилаётганлиги барчамизнинг қалбимизни фахрга тўлдиради.

Тан олиб айтишимиз керакки, вилоятимизнинг барча туманлари марказлари, шаҳарларимиз қиёфаси кейинги йилларда таниб бўлмас даражада ўзгарди. Барпо этилган янги-янги корхоналар, мактаб, лицей, касб-ҳунар коллежлари, шифохоналар, кенг ва равон йўллар шаҳар ва қишлоқларимиз кўркига кўрк қўшмоқда.

Куни кеча вилоятимиз марказида вилоят қўғирчоқ театрининг муҳташам биноси фойдаланишга топширилди. Халқимиз, айниқса, болажонларимиз учун байрам совғаси бўлган ушбу объект очилишига бағишланган тадбирда ким билан суҳбатлашмайлик, қувонч ва ҳайратини яшира олмади.

- Ёшим саксонга яқинлашмоқда, - дейди Андижон шаҳридаги Ғайрат маҳалласида яшовчи, меҳнат фахрийси Қобилжон ота Суярбеков. - Очиғи, шаҳардаги ўзгаришлардан, бунёдкорлик ишларидан ақлим шошиб қолмоқда. Ҳар қадамда ўзгариш, янги қурилиш. Бугунги тадбирда қатнашиб, қисқа муддада барпо этилган вилоят қўғирчоқ театрининг муҳташам биносини кўриб, бу каби улуғвор ишлар ташаббускори, ёш авлод камолоти учун фидойи юртбошимизга, қолаверса, шижоатли, меҳнаткаш халқимизга раҳмат айтмаслик мумкин эмас.

Қурилиш ва ободонлаштириш ишлари хусусида гап кетганда намунали лойиҳалар асосида барпо этилаётган уйлар қишлоқ аҳолисининг асрий орзулари рўёби, десак асло муболаға бўлмайди. 2009-2015 йиллар давомида вилоятимиздаги қатор қишлоқларда 5 мингдан зиёд ана шундай уйлар қурилиб, фойдаланишга топширилди. Барпо этилаётган, замонавий, кўркам ва чиройли намунали уйлар аҳолининг яшаш шароитларини юксалтирмоқда.

- Ўтган йили янги уйга кўчиб ўтганмиз, - дейди Асака тумани Файзобод маҳалласида яшовчи Тамарахон Жўраева. - Авваллари маҳалламиздаги аксарият уйлар пастқам, кўримсиз бўлиб, алоҳида ошхона, ҳаммом сингари қулайликлар бўлмаган. Шаҳардаги каби шароитларда яшашни фақат орзу қилардик. Мана, энди биз ҳам барча қулайликларга эга, чиройли ва кўркам уйларда яшаяпмиз. Қариндош-уруғлар, меҳмонлар уйимизга ҳавас қилмоқда.

Озод ва обод Ватанимизда хотин-қизларга яратиб берилаётган кенг имкониятлар самараси ўлароқ, бугун улар фарзанд тарбияси, оиласи ташвишларидан ортиб, жамиятимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча жабҳаларида самарали меҳнатлари билан фаол иштирок этмоқда. Вилоятимиздаги 5 минг нафардан зиёд тадбиркор опа-сингилларимиз, 315 нафар фермер, 20 минг нафардан зиёд ҳунарманд аёлларимизнинг самарали фаолият олиб бораётганлигини алоҳида эътироф этиш жоиз. Кейинги йилларда юртимиз аёлларининг ўртача умр кўриши узайганлиги, оналар ва болалар ўлими ҳамда ногиронлик ҳолатларининг кескин камайиши тиббий хизмат сифатини юксалтириш, оналар ва болалар соғлигини муҳофаза қилиш масалаларига қаратилаётган эътибор ва ғам-хўрликнинг амалий натижасидир.

Ёшлар - эртамиз эгалари, бизнинг келажагимиз. Шу боис ҳам ёш авлод тарбияси, уларнинг пухта билим олиши, касб-ҳунар ўрганиши, ҳар жиҳатдан етук ва баркамол вояга етиши давлатимиз сиёсатининг устивор йўналишларидан бири сифатида белгиланган.

- Бугунги ёшларга ҳар қанча ҳавас қилса арзийди, - дейди Андижон тумани ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Нодирахон Зокирова. - Биз ўқиган пайтларда спорт, санъат соҳасида йил давомида саноқли танловлар ўтарди. Уларда истаган бола қатнаша олмасди. Бугун эса ҳар йили Зулфия номидаги, "Ниҳол" давлат мукофоти танловлари, фан олимпиадаси, билимлар синови ва яна кўплаб йўналишлардаги кўрик-танлов ва фестиваллар, юзлаб спорт мусобақалари ёшларнинг ўз имконият ва истеъдодларини юзага чиқаришга хизмат қилмоқда.

Ҳа, ҳаётимиздаги бу каби ўзгаришлар ҳақида ҳар қанча гапириш мумкин. Таъкидлаш жоизки, халқимизнинг энг катта бахти - юртимиздаги тинчлик-осойишталикдир. Бугун ҳар биримиз ана шу улуғ неъматга шукроналар қилиб яшашимиз лозим. Зотан, тинчлик ва осойишталик барқарор бўлсагина, эзгу мақсадаримиз сари дадил интилаверамиз. Қадамлари қутлуғ, келажаги буюк юртимиз эса янада гуллаб-яшнайверади.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди