Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Сиёсат ва хаёт

№29, 14.07.2016

Мулоҳаза

ЎЗЛИГИМИЗНИ УНУТМАЙЛИК

ЁХУД НИКОҲ ТЎЙИ БИЛАН БОҒЛИҚ ЯНГИЧА АНЪАНА ВА УРФЛАР ХУСУСИДА

Тўй - инсон ҳаётидаги энг муҳим маросим. Никоҳ - икки қалбни бир-бирига боғловчи муқаддас ришта. Мана шу саодатга эришганларни энг бахтли инсонлар дейиш мумкин.

Маълумки, ҳар бир миллат ўзининг турли маросимларига эга. Уларнинг ҳеч бири иккинчисини такрорламайди. Айниқса, ўзбек халқининг миллий анъана ва урф-одатларга бой тўй маросимлари азал-азалдан ўзига хослиги билан ажралиб туради.

Аммо кейинги пайтларда айрим юртдошларимиз томонидан тўйлар миллий анъана ва урф-одатларимизга, диний қадриятларимизга ёт тарзда ўтказилаётганлиги кўнгилларимизни хира қилади. Ўзбек халқида тўйдан олдин бир удум бор: маслаҳат, баъзи жойларда маслаҳат оши, дейилади. Тўй эгаси ўзи юриб, маҳалладаги нуронийларни, ёши улуғ яқин қариндошларини таклиф этади. Тўйни қандай ўтказиш кераклиги ҳақида маслаҳат олади.

Бугунги кунга келиб, бу урф йўқолиб бормоқда ёки ўзгача кўриниш олмоқда. Яъни тўй бошчи ёши улуғ инсонларни телефон орқали чақириб қўймоқда. Тўғри, кимдир телефоннинг қулайлиги шунда-да дейиши мумкин. Лекин бу нуронийларга ҳурмат, эҳтиром деган тушунчаларга оз бўлса-да, путур етказиши аниқ.

Никоҳ тўйи ҳақида гап кетганда, оила қуриш арафасида турган ёшлар орасида халқимизнинг одоб-аҳлоқ мезонларига у қадар тўғри келмайдиган бир ҳолат тобора урф бўлиб бормоқда. Яъни, усти бежирим конверт ичидаги таклифномаларни келин бўлмиш дугона ва яқинларига куёвбола билан биргаликда тарқатаётганлиги, менинг назаримда "оммавий маданият"нинг бир кўринишидир. Бу андишасизлик, ҳаё-ибонинг кўтарилиб бораётганлигидан далолат эмасмикан? Ахир қиз бола турмушга чиқаётганини барчага овоза қилиши, яна куёв билан бирга юриши тўғримикан?

Кейинги пайтларда яна бир янгича одат намойишларига тез-тез гувоҳ бўляпмиз. Айрим "замонавий" бўлажак келин ва куёвлар тўйдан бир-икки кун аввал, меҳмонхоналарнинг, ресторанларнинг заллари, боғларда биргаликда суратга тушишни алоҳида маросимга айлантираётганликларига қандай изоҳ беришни билмайман. Олинаётган расмлар ҳам жуда замонавийлашиб кетган. Келин ва куёв ошна-оғайнилари, дугоналари ёнида бир-бирларининг елка ва белларидан қучиб ёки қўлларини ушлаб тушган кўринишдаги суратларга нима дейиш мумкин? Бу ҳолатдаги суратларни кейин ота-оналар, қайнона-қайноталар кўриб, бунга қандай фикр билдиради?

Бу каби фотосессия аслида халқимизга ёт, четдан кириб келган, "оммавий маданият"нинг бир кўриниши эмасми? Бу ҳолатни урфга айлантиришдан, менимча, ўзбек ёшлари уялишлари керак!

Тўйларимизда учраётган яна бир "янги одат" келин-куёв жуфтлигидаги рақсдир. Уларнинг хорижий мусиқага ҳамоҳанг бўлиб "валс"га тушишини, тўйхонага йиғилганлар қўллаб-қувватлашларини қандай тушуниш мумкин? Бу бахтиёрликни ҳаммага кўз-кўз қилиш намойиши эмасми?

Юқоридаги фикрлардан ҳар ким турлича хулоса чиқариши табиий. Демоқчи бўлганимиз, у нарса яхши, буниси ёмон дейиш эмас. Муҳими, айтган фикрларимиз орқали юртдошларимизни мулоҳаза юритишга чорлаш. Зотан, ўз фикрига эга, миллий қадрият ва анъаналарини ҳурмат қилган, қадрига етган халқ ҳеч қачон таназзулга учрамайди. Фикримни мухтасар қилиб айтмоқчиманки, миллий қадриятларимизни асраб-авайлайлик, ўзбек қиз-аёлларига хос шарм-ҳаёни пок сақлайлик ва кейинги авлодларга борича мерос бўлиб қолишига замин яратайлик.

Шаҳноза РАЙИМОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди