Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Сиёсат ва хаёт

№35, 25.08.2016

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ 25 ЙИЛЛИГИ ОЛДИДАН

МУСТАҚИЛЛИК - БЕБАҲО НЕЪМАТ

Мустақиллик - бебаҳо неъмат. Бир қарашда бу оддий гапдек туйилади. Лекин ўтган асрнинг 70-80 йилларида эсини таниб, яшаган инсонларнинг кўпчилиги бу неъматнинг нақадар улуғ ва бебаҳо эканлигини яхши биладилар. Мен ҳам ўша даврларда эс таниган бир инсон сифатида бугунги тинч ва осойишта ҳаётимизга, истиқлол берган неъматларга шукроналар келтираман.

Ўша пайтларда ўқувчилик давримни ўтказар эдим. Барча қатори мактаб ўқувчилари бўлган биз ҳам "пахта яккаҳокимлиги"нинг асири эдик. Сентябрь ойининг 10-15 кунидан декабрь ойининг охирларига қадар ўқишни унутиб, пахта йиғим-теримида қатнашар эдик. Бир воқеа ҳеч ёдимдан чиқмайди. 1983 йилнинг 12 декабрь санаси. Ўшанда 6- синф ўқувчиси эдим. Аллақачон қиш кунлари бошланган, гарчи қор ҳали ёғмаган бўлса-да, ҳаво анча совуқ эди. Даладан ғўзапоялар ҳам йиғиштириб олинган, аммо биз ўқувчилар мактабдаги бир соат дарсдан сўнг пахта даласини тозаловга чиқардик. Ўша куни ҳам тушгача тупроқ орасидан қолиб кетган пахталарни териб чиқдик. Ҳар биримиз кўпи билан икки килодан пахта топиб чиққандик. Бригадир тушликка фақат иссиқ чой қайнатиб қўйган экан. Уйдан олиб келган нонимиз ва бир-икки дона оқ қандимиз билан тушлик қилдик. Лекин бу пайтда дала шийпонининг ошхонасидан қайнатма шўрванинг ёқимли ҳиди келиб турар эди. Озгина вақтдан сўнг бизни яна далага жўнатишди. Далада бир соатча пахта излаганимиздан сўнг туман тушиб, атрофни кўриб бўлмай қолди. Шундан сўнг ўқитувчимиз бизни даладан олиб чиқди. Аммо ўз хонасида ҳамтавоқлари билан қайнатма шўрвани, ароққа қўшиб ичиб ўтирган биригадир тоға бизни кўриб ўқитувчимизга ўшқира кетди. Бизни - болаларни далага қайтишимизни талаб қилди. Ўқитувчимиз унга биздан совуқ ўтиб кетганини тушунтирмоқчи бўлдилар, лекин эвазига ширакайф бригадирдан мушт еб, бурни қонаб кетди. Ўқитувчимизнинг ростмона жаҳли чиқди, бизга "уйларингга кетинглар "деб бақирди, биз бугунги қийин кун тугаганини тушуниб тумтарақай бўлиб қочдик. Ўшанда ўқитувчимизга нима бўлганини, у шўрлик яна қанча калтак еганини билмайман, лекин бугун аниқ айта оламанки, у даврда инсон қадр-қиммати жуда паст эди. Телевизорларда бахтли болалик ҳақидаги лавҳаларни кўрсам, лавҳа қаҳрамонлари бўлган болаларга ҳавас билан қарардим, ўзимиз ҳам бахтли бўлишга ҳақли эканлигимизни ўйлаб ҳам кўрмас эдим.

Йиллар ўтди, мактабни тамомлаб олий ўқув юртига ўқишга кирдим. Иккинчи босқичда ўқирдим. Бир кун бир ҳужжат олиш учун деканатга кирдим. Котиба қизнинг миллати рус бўлиб, ўзбек тилини умуман тушунмасди. Мен эса рус тилида яхши гаплаша олмасдим. Хуллас, мен унга мақсадимни уқтира олмадим. Ўшанда Ўзбекистонда яшаб туриб, ўз она тилимизда ишимни битира олмаганимдан тушкунликка тушдим, ўзимни камситилган ҳис этдим. Бугун эса истиқлол шарофати билан тилимиз, эркимиз ўзимизга қайтди. Бир вақтлар ўзбекча гапира олмаган ўша "рус котиба қиз" ҳозир ўзбек тилида бемалол гаплаша олади.

Мустақилликнинг дастабки йилларида олийгоҳни тамомлаб, она қишлоғимдаги мактабда иш бошладим. Ўшанда мактабимизнинг шароити анчагина ачинарли ҳолатда эди. Ҳар куни учинчи соатда дарсга кирсам, давомат жуда паст бўларди. Билардимки, ҳудди ўша соатда дўконга нон келар, ота-оналар болаларини навбатда туриб, нон олиш учун чақирар эди. Нон, ёғ, совун, шакар, ун каби маҳсулотлар муаммосини ўша йилларда мустақил рўзғор тебратган кишилар жуда яхши эслашади. Сотиб олишга пулимиз бўлса ҳам юқоридагиларни топиш мушкул эди. Йиллар ўтди, бугун қайси бир чекка қишлоққа борманг, исталган маҳсулотни истаганча олишингиз мумкин. Истиқлол берган бу неъматни қандай қадрламаслик мумкин?!

Муҳтарам президентимизнинг "Бизнинг энг катта бойлигимиз меҳнаткаш ҳалқимиздир" деган эътирофларини ҳар гал эслаганимда, у кишининг халқини қанчалик севишини, ўз халқи руҳиятини нақадар яхши билишини ҳис қиламан. Биз рўзғордаги камини бировга айтмайдиган, борига қаноат қиладиган, қўшнидан олиб қозон қайнатмайдиган халқмиз. Шунинг учун ҳам юртбошимиз истиқлолнинг илк давридаёқ "ғалла мустақиллиги"га эришишимиз кераклигини таъкидлади ва биз бунга эришдик. Ҳозир бозорлардаги нон расталарини айланар эканман, ўша дарсимга кирмасдан нон олиш учун навбатда турган болалар кўз олдимга келади.

Халқимиз устозни отадек улуғ билгувчи халқдир. Истиқлол туфайли таълим соҳасига эътибор кучайди, бу эртамиз эгалари бўлган ёшларни ҳар жиҳатдан етук, билимдон ва баркамол вояга етишларига мустаҳкам замин бўлди.

Ҳар йили 1 октябрь - анъанавий касб байрамимизда ўқувчиларимнинг менга юборган табриклари, миннатдорлик ҳислари билан тўлиб-тошган қўнғироқларига жавоб берар эканман, касбимга бўлган муҳаббатим янада ортади. Машаққатли, лекин ҳалол касбга эга бўлганимга шукрона келтираман. Мустақиллик биз ўқитувчиларни миллат тарбиячисига айлантирди. Тўй-ҳашамларда, маҳалла тадбирларида иштирок этиб қолсам, атрофимдагилар мендан маслаҳатлар сўрашади, фарзандларининг келажаги ҳақида фикримни олишади. Буларнинг ҳаммаси менда миллат тарбияси учун масъулият ҳиссини уйғотади. Демак, энди мен ўз фанимдан ташқари, ҳаётий, сиёсий, диний билимларга ҳам эга бўлмоғим керак, дея ўз олдимга катта-катта мақсадларни қўяман.

Мен ҳар йили Мустақиллик дарсини зўр иштиёқ билан ўтаман, маънавият дарсларига жиддий тайёргарлик кўраман. Чунки айнан шу дарсларда мен ўқувчиларимни Ватанни севишга, ўзлигимизни англашга, тарихимизни, миллий ва маънавий қадриятларимизни ҳурмат қилишга ўргатаман. Айнан шу дарслар орқали мен миллатимиз эртаси эгаларини тарбиялаётганимни ҳис этаман ва бу ишга катта масъулият билан ёндашаман. Менимча, ҳар бир педагог ана шу масъулиятни ҳис этиб, англаб меҳнат қилиши керак.

Ҳалимахон ҚУРБОНОВА,

АДУ қошидаги 3- академик лицей ўқитувчиси.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2020 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди