№35, 25.08.2016 Ифтихор
ИСТИҚЛОЛ БЕРГАН ИМКОНИЯТ
Мустақиллик шарофати билан мамлакатимиз ижтимоий ҳаётининг барча соҳаларида янгиланишлар юз бермоқда. Бугун қайси йўналишда бўлмасин, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган юртдошларимиз ўзларига яратилаётган имкониятлардан кенг фойдаланмоқдалар. Мамлакатимиз иқтисодиётининг ривожланишида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг улуши йилдан-йилга ортиб бормоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 15 майдаги "Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони айни соҳада изчил амалга оширилаётган ислоҳотларни яна бир поғона юқорига кўтарди. Шу билан бирга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича яратилган кенг кўламли имтиёз ва перференциялар тизими уларнинг янада тараққий этишига хизмат қилаётгани қувонарлидир.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига солиқ юкини камайтириш, молиявий жиҳатдан кўмаклашиш мақсадида ягона солиқ тўлови ставкаси 2005 йилдаги 13 фоиздан 2016 йилга келиб 5 фоизгача пасайтирилди. Бу ишбилармонларимиз даромадининг асосий қисми солиқ тўлашга эмас, фаолиятини янада кенгайтиришга сарфланишига замин яратади. Шунингдек, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, молия, статистика ҳисоботлари тизимини янада соддалаштириш ва уларни электрон шаклда тақдим этиш каби механизмлар орқали ортиқча оворагарчиликларнинг олди олинди.
Юртимизда тадбиркорлик фаолиятини ишончли ҳимоя қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар натижасида тадбиркорлик фаолияти кенг қулоч ёзиб, ишбилармонлар сафи йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бундай ютуқ ва марраларни кўриб, диёримизда ҳукм сураётган тинчлик, хотиржамлик, истиқлолга шукрона айтамиз. Зеро, озод юртдагина юксалиш, тараққиёт бўлади.
М. ҲАЙДАРОВ,
Асака тумани, 4-сонли давлат нотариал идораси нотариуси.
М.ҚУРБОНОВА,
Асака тумани, 4-сонли давлат нотариал идораси котибаси.
|