Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Сиёсат ва хаёт

№38, 15.09.2016

Юртимизнинг обод гўшалари

КУНДАН КУНГА ЧИРОЙ ОЧАЁТГАН ҚИШЛОҚ

УШБУ САҲИФАДА АНДИЖОН ТУМАНИДАГИ БЎТАҚОРА ҚИШЛОҒИДА ОЛИБ БОРИЛАЁТГАН ИБРАТЛИ ИШЛАР ХУСУСИДА СЎЗ ЮРИТИЛАДИ.

Мамлакатимизда кучли давлатдан кучли фуқаролик жамиятига ўтиш жараёни кечаётган бугунги кунда маҳалла тизимининг жамиятимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни ва роли ниҳоятда катта. Маҳалла - фуқаролик жамиятининг муҳим бўғини, қолаверса, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш институти сифатида ҳам алоҳида мавқега эга.

Истиқлол шарофати билан маҳаллаларимиз кундан кунга обод бўлиб бормоқда. Ушбу муқаддас масканда олиб борилаётган эзгу ва хайрли ишлар одамлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарини, қалбларида эса она Ватанга хизмат қилиш, истиқлол ғояларига ҳурмат туйғуларини мустаҳкамламоқда.

Бугун ўзларининг ибратли ишлари билан нафақат туман, балки вилоят миқиёсида алоҳида эътибор топаётган маҳалла ва қишлоқларимиз жуда кўп. Ана шундай қишлоқлардан бири Андижон туманидаги Бўтақора қишлоқ фуқаролар йиғинидир. Айни кунда қишлоқ ўрамида 139 та фермер хўжалиги, 4 та умумтаълим мактаби, 3 та мактабгача таълим муассасаси, 1 та коллеж, 3 та қишлоқ врачлик пункти, шунингдек, шифохона, болалар мусиқа ва санъат мактаби, мурувват уйи, 50 дан ортиқ савдо ва маиший хизмат шохобчалари фаолият кўрсатмоқда.

Бўтақоранинг табиати ҳам ўзгача, атрофи қир-адирлар билан ўралган, ҳавоси мусаффо, сувлари булоқ сувидек ширин, одамлари меҳнаткаш, танти ва меҳмондўст. Қишлоқда турли жабҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, Давлат дастурлари ижросини таъминлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини ва маънавиятини юксалтириш, бандлик, тадбиркорлик, оилаларни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбияси борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

- Айни кунда қишлоғимиздаги 8 та - Деҳқон, Наврўз, Март, Оқровот, Намуна, Мустақиллик, Беш паҳлавон, Маориф маҳалла фуқаролар йиғинлардаги 5300 дан зиёд оила таркибида 20 минг нафар аҳоли истиқомат қилади, - дейди Бўтақора қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Адҳамжон Тўхтаматов. - Ҳудудимиздаги ҳар бир маҳалла ўзининг ободлиги, айниқса, меҳнаткаш ва сахий одамлари билан билан ажралиб туради. Қай бир маҳалланинг қай бир хонадонига кирманг, ободликдан, ҳамқишлоқларимизнинг хуш муомаласи, меҳр-оқибатидан кўнглингиз тоғдай кўтарилади. Улар билан суҳбатлашсангиз, яратувчанлик, бунёдкорлик иштиёқи билан яшаётганликларини, нигоҳларидан эса бугунги тинч ва осойишта ҳаётимизга шукроналикни уқиб оласиз.

Дарҳақиқат, бугун бўтақораликлар турли жабҳаларда юрт ободонлиги йўлида астойдил меҳнат қилмоқдалар.

Бўтақора азал-азалдан миришкор деҳқонлари билан донг таратган. Қишлоқнинг уста деҳқонлари доимо ер билан тиллашиб, мўл ризқ-рўз яратиб, эл дастурхони тўкинлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшиб келганлар. Бугун қишлоқ ҳудудида фаолият олиб бораётган 139 та фермер хўжалиги пахтачилик, ғаллачилик, пиллачилик, боғдорчилик, чорвачилик йўналишларида иш олиб бормоқда. Айниқса, Ҳуршидбек Сайназаров раҳбарлигидаги "Ҳосилдор ғолиб", Носиржон Режапов раҳбарлигидаги "Нурафшон боғи", Шокиржон Йўлдошев раҳбарлигидаги "Абдуқаҳҳор ворислари", Баҳодир Рустамов раҳбарлигидаги "Муқимий" номли фермер хўжаликлари намунали фаолият юритаётган тумандаги илғор хўжаликлардан ҳисобланади. Шу ўринда таъкидлаш керакки, фермер хўжаликларимиз томонидан маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, ободонлаштириш, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш борасида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Масалан, биргина жорий йилнинг ўзида коллежларни тамомлаган 50 нафар ёшларимиз фермер хўжаликларига ишга жойлашди.

Боғбонларнинг машаққатли меҳнатлари эвазига қишлоқ ҳудудидаги боғларда етиштирилаётган шириндан-ширин мева ва узумлар тилни ёради.

- Шу кунларда ғарқ пишган мева ва узумлар элимиз дастурхонига етказиб берилмоқда, - дейди Бўтақоранинг тажрибали боғбонлардан бири "Абу Бакр нурли обод боғи" боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжалиги раҳбари Хотамжон Қурбонов. - Мўл ҳосил ортидан даромадимиз ҳам ёмон бўлаётгани йўқ. Уй-жойлар соляпмиз, тўйлар қилаяпмиз.

Истиқлол берган кенг имкониятлар, юртимизда тадбиркорлик фаолиятининг доимий қўллаб-қувватланаётганлиги туфайли қишлоқда тадбиркор, ҳунармандлар ҳамда тадбиркорлик фаолиятини ташкил этаётган оилалар сафи ҳам йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Март маҳалласида истиқомат қилувчи Баҳодиржон Юнусов ҳам қишлоқнинг изланувчан тадбиркорларидан бири, шу билан бирга, намунали оила бошлиғидир.

- Баҳодиржон турмуш ўртоғи Мунаввархон билан тотув ҳаёт кечириб, 4 нафар фарзандларини ўқмишли, ҳунарли, юрт корига ярайдиган инсонлар қилиб вояга етказдилар, учта келин туширишди, - дейди маҳалла маслаҳатчиси Гулнорахон Бозорова. - Оиладаги чиройли муҳит, аҳилликка кўпчилик ҳавас қилади. Чунончи оиланинг учинчи фарзанди Бахтиёржон маҳалламизда "Ботирбек" номли чойхона қурди. Кенг, ёруғ, замонавий кўринишга эга ушбу чойхона маҳалламиз кўркига кўрк қўшди, халқимизга чиройли хизмат қилмоқда, қолаверса, 9 нафар маҳалламиз ёшлари бу ерда доимий иш ўрнига эга бўлди.

Мазкур маҳаллада яшовчи Олимжон Рашидов ҳам савдогарлик ҳунарини эъзозлаб, қишлоқ аҳлига нафи тегаётган инсонлардан. У Наврўз маҳалласида мўъжаз савдо шохобчаси ташкил этиб, аҳолига қулайлик яратмоқда, маҳалладошлари турмуш фаровонлигини оширишга ҳисса қўшмоқда, ёшларни иш билан таъминламоқда. Меҳнаткаш, изланувчан тадбиркорлардан бири Абдураҳмон ака Сайназаровнинг ташаббуси билан маҳалла ҳудудида болалар футбол майдончасининг барпо этилганлигидан барча мамнун. Умуман, кўча ва гузарларни ободонлаштириш, аҳолига қулай шарт-шароитлар яратиш, ижтимоий муҳофазага муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида Шавкатбек Раҳимов, Қудратбек Ғанибоев, Баҳодир Рустамов, Шокиржон Йўлдошев, Биродаржон Юсупов, Хуршидбек Сайназаров сингари тадбиркор ва фермерлардан қишлоқ аҳли чексиз миннатдор.

Қишлоқдаги турли маҳаллаларда чеварлик, дўппидўзлик, ҳунармандлик йўналишларида фаолият юритаётган Шавкатбек Раҳимов, Наргизахон Абдурашидова, Муҳаммадсодиқ Розиқов, Марғуба Солиева, Нилуфар Мамажонова сингари ҳунармандлар ўзлари тайёрлаётган турли либослар, кўрпа-тўшаклар ва бошқа ҳунармандчилик маҳсулотлари билан бозорларимизни тўлдираётганлиги, одамларга чиройли хизмат кўрсатаётганлиги, қолаверса, "устоз-шогирд" анъанаси асосида ёшларга ҳунар ўргатаётганликлари таҳсинга муносибдир.

Қишлоқдаги маҳаллаларда бунёдкорлик, ободонлаштириш борасида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Ўтган йиллар давомида қишлоқда қатор савдо ва маиший хизмат шохобчалари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бу ишлар айниқса, Март, Оқровот, Беш пахлавон маҳаллаларда намунали ташкил этилди.

Эътироф этиш керакки, қишлоқдаги маҳаллаларда шахсий томорқадан унумли фойдаланиш борасида ҳам ҳавас қилса арзийдиган ишлар олиб борилмоқда. Томорқанинг ҳар бир қаричидан самарали фойдаланиш, йилда икки, ҳатто, уч марта ҳосил олишга эришаётган миришкорлар талайгина.

- Томорқамизда 4 сотих ерга иссиқхона қурганмиз, - дейди "Мустақиллик" маҳалласида яшовчи уй бекаси Муқаддамхон Каримова. - Бир неча йилдирки, помидор, карам кўчатлари етиштирамиз, оиламиз бундан ҳар йили қарийиб 5-6 миллион сўм атрофида даромад олади. Иссиқхонанинг бир қисмига редиска, кашнич, укроп сингари зиравор кўкатлар экканмиз. Бундан нафақат оиламиз, балки қўни-қўшнилар ҳам баҳраманд бўлади. Эҳтиёжимиздан ортганини эса бозорда сотамиз.

Маҳалла фуқаролар йиғини қошида ташкил этилган "Саломатлик сектори" фаоллари ҳамда тиббиёт ходимлари ҳамкорлигида "Соғлом она ва бола" йили Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, айниқса, оналар ва болалар соғлигини муҳофаза қилиш борасида ибратли ишлар олиб борилмоқда. Тиббий кўриклар, тарғибот тадбирлари орқали аҳолининг тиббий саводхонлиги, соғлом турмуш тарзи борасидаги тушунчалари бойитиб борилмоқда. Бунинг натижасида аҳолининг турли хасталиклар билан касалланиш ҳолатлари кескин қисқармоқда.

Қишлоқ маҳаллаларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, ёшлар тарбияси, айниқса, ёшларнинг турли иллатлар, диний ақидапарастлик ғоялари, "оммавий маданият" кўринишлари таъсирига тушишнинг олдини олишга қаратилган тадбир ва мулоқотлар ҳам мунтазам ўтказиб келинмоқда. Бу борадаги ишларни ташкил этишда маҳаллаларнинг диний-маърифат ва маънавий-аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари, отинойилар, ички ишлар профилактика инспекторларининг хизматлари ниҳоятда катта.

Хиромон Сиддиқова, Давлатхон Абдуллаева, Маърифатхон Асқарова сингари маслаҳатчи, отинойи ҳамда фаолларнинг ибратли фаолиятини алоҳида эътироф этиш ўринлидир.

- Маҳалламизда ўтказилаётган "Қайнонам онам менинг", "Маҳалламиз маликаси", "Энг намунали оила" сингари тадбир ва танловлар, эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор топган нуронийларнинг ёшлар билан учрашувлари оилалар мустаҳкамлигини таъминлашга хизмат қилмоқда, - дейди "Деҳқон" маҳалласи маслаҳатчиси Гавҳархон Нуриддинова. - Хусусан, қишлоқ миқёсида ўтказилган "Энг намунали оила" танловида маҳалламиздаги илғор оилалардан бўлган Солижон Абдураҳимов оиласи ғолиб деб топилди. Умуман, бу каби тадбирлар аҳоли, айниқса,ёшлар қалбида оилани муқаддас билиш, миллий қадриятларимизга ҳурмат туйғуларни мустаҳкамламоқда.

Маҳаллаларда бошланғич хотин-қизлар ташкилотлари раислари ташаббуси билан "Ораста қизлар давраси" тўгараклари машғулотлари ҳам мунтазам ўтказиб келинмоқда.

- Тўгарак маҳалладаги қизларимизни бирлаштириб, уларнинг фаоллигини оширишга яқиндан ёрдам бермоқда, - дейди Бўтақора қишлоқ фуқаролар йиғини бошанғич хотин-қизлар ташкилоти раиси Ҳабибахон опа Бозорбоева. - Машғулотларда қизларимизни турмушга тайёрлаш, айниқса, пазандалик, орасталик борасидаги билим ва кўникмаларини бойитишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундан ташқари, "маҳалла - таълим муассасаси - оила" ҳамкорлиги ҳам яхши йўлга қўйилган. Бу эса таълим муассасаларида давоматни яхшилаш, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш борасидаги ишларни самарали олиб бориш имконини бермоқда.

Мухтасар айтганда, қишлоқ фуқаролар йиғини раиси - Ад-ҳамжон Тўхтаматов, котиби Собиржон Каримов атрофига уюшган Бўтақора қишлоғи фаоллари томонидан олиб борилаётган ибратли ишлар хусусида кўп гапириш мумкин. Маҳалла деб аталувчи қутлуғ масканда яшовчилар бир-бирларининг қувончу ташвишларига шерик. Маҳалла, ундаги ҳар бир оила тинч ва обод бўлса, ҳаётимизга файзу барака инади, жамиятимизда меҳр-оқибат, аҳиллик ва бағрикенглик мустаҳкамланади, ҳаётимиз янада фаровон бўлади. Бугун ишонч билан айта оламизки, бўтақораликлар озод ва обод Ватанимизнинг равнақи ва ободлиги учун муносиб ҳисса қўшиб келмоқда, бундан буён ҳам улар бу йўлда бор имкониятларини ишга солиб меҳнат қиладилар. Тинч ва осойишта ҳаётимизга асло кўз тегмасин. Тўйларимиз тўйларга улансин. Мана шу обод юртни, тинч ва фаровон ҳаётимизни ҳар қадамда асраб-авайлайлик.

Саҳифани Жанона РАҲИМОВА тайёрлади.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди