Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Кадриятларимиз

№12, 17.03.2016

Мадҳ

ҲАЁТБАХШ СУРУР

Ҳазрат бобомиз Алишер Навоий ўзининг "Тарих мулуки Ажам" асарида наврўзнинг пайдо бўлишини Ажам подшоҳи Жамшид номи билан боғлайди ва бу шоҳнинг мамлакатни адолат билан бошқарганини ҳикоя қилади. Подшоҳ Истахр шаҳрини кенгайтириб, обод қилибди. "Чихл Минор" (қирқ минора) номли гўзал иншоот қурдириб, барча султонлару улуғ зотларни, жамики аҳолини чорлаб, катта тантана ўтказибди. Ҳар ёнда байрам садолари янграбди. Ўшанда қуёш ҳамал буржига кириб, кун билан тун бараварлик нуқтасига етган ва ўша нуқтадан эътиборан кундуз узая бошлаган экан. Жамшид ул куннинг отини "Наврўз" яъни "Янги кун" деб атабди.

Улуғ ўзбек шоири Лутфий ҳам "Гул ва Наврўз" достонида Наврўз байрамини алоҳида мадҳ этган. Наврўз пайтида "Оламнинг хуррамликка, яъни жонланишга юз ўгирганини, ғир-ғир эсган сабонинг ҳаётбахш сурурини, чаманлар чиройи эса жаннатдан нишон беришини" моҳирона тасвирлаган. Шунинг учун ҳам Лутфий Наврўзни "садафдан чиққан дур" деб таърифлайди.

Соҳибқирон Амир Темур мўғул истилоси оқибатларини тугатишга киришар экан, биринчи навбатда Наврўзни тиклади. Уни давлат миқёсида ўтказиладиган байрамга айлантирди. Чунки жафокаш Мовароуннаҳр ва Хуросон халқларининг руҳини кўтаришда, уларни якдил қилиш ва марказлашган давлатни мустаҳкамлашда Наврўздек қадимий ва беғубор байрамнинг аҳамияти жуда катта эканлигини билар эди.

Ҳусайн Бойқаро замонасида ҳам Наврўз ҳақиқий оммавий халқ сайли тарзида ўтказиб келинган. Ҳусайн Бойқаро давлатининг маънавий устуни ҳисобланган Алишер Навоий ҳазратлари Наврўз байрамига бош-қош бўлиб, байрам асносида кўплаб хайрли ишларни амалга оширган. Шунинг учун ҳам Навоий бобомиз бу тадбирлардан хурсанд бўлиб:

Ҳар тунинг қадр ўлубон

Ҳар кунинг ўлсин Наврўз!

дея самимий лутф қилган.

Наврўзнинг қадимий (олимларнинг айтишича тўрт минг йиллик тарихга эга) ва навқирон айём эканлиги яна кўп мутаффаккирларимиз асарида таърифу тавсиф этилган. Абу Райҳон Беруний "Қадимий халқлардан қолган ёдгорликлар", Умар Ҳайёмнинг "Наврўзнома", Фирдавсийнинг "Шоҳнома" асарларида Наврўз билан боғлиқ урф-одатлар, расм-русумлар анчагина. Бобур, Машраб, Муқимий, Фурқат, Зебунисо, Маҳзуна, Анбар отин каби ўзбек адабиётининг намоёндалари ҳам наврўзни меҳр-мурувват, дўстлик байрами дея тавсиф этганлар.

Бизнинг эса қадимий наврўзимизга муносабат шўролар даврида кескин ўзгарди, таъқиқланди. Шукрлар бўлсинким, мустақиллик шарофати ва Президентимиз ташаббуси билан инсонпарварлик, уйғониш байрами - Наврўз тикланди ва унга мустаҳкам умр бахш этилди!

Мамлакатимизда Наврўз ҳар йили умумхалқ байрами сифатида жуда катта тайёргарлик ва шоду хуррамлик билан тантанали равишда ўтказиб келинмоқда. Янги-янги иншоотларнинг фойдаланишга топширилиши, ям-яшил боғ ва хиёбонларнинг барпо этилиши, инсон саломатлиги йўлида катта-катта ишлар қилиниши, хайрия ва ўзаро меҳр-мурувват кўрсатиш тадбирлари... барча-барчаси байрам ҳуснига ҳусн қўшаяпти. Замонамизга шукроналар айтаётган отахону онахонлар дуоси, ёр муҳаббати, шодлиги кўзларига қалқиб чиққан йигит-қизлар, бир-бирига навбат бермай, қийқириб варрак учираётган болакайлар қувончи, ҳамма-ҳаммаси Наврўзнинг инояти, Наврўзнинг шукронасидир!

Наврўз меҳр-оқибат, иззат-икром ва дўстлик, биродарлик ҳамда муҳаббат байрами. Ёши улуғларни ота-она ва қариндош-уруғларни совға-салом билан йўқлаш, раҳматли бўлганлар қабрини зиёрат қилиш маънавий бурчга айланди. Яна айтгим келади-ки, наврўз - одоб дарсини, ота-боболаримиз расм-русумларини, баҳор таомларини тайёрлаш санъатини намоён этадиган ва бу таомлардан ҳамма-ҳамма баҳраманд бўладиган байрам!

Сумалак сайлини айтинг, ҳамма бир-бирига сидқидилдан ёрдам берган, ҳамма бир-бирига опа-ука, ака-сингил. Улар сумалак учун буғдой майсаси ундириш, уни келида янчиш, бошқа неъматлар билан қозонга солиб, бир кеча-кундуз давомида атрофидан кетмай, ўт ёқиб, қўлма-қўл қилиб, қўзғаб туриш ва бу пайтда дилда туғиладиган яхши ниятлар, айтиладиган қўшиқлар - булар барчаси халқ донишмандлигининг, маънавий тафаккурининг гўзал намойишидир! Сумалак етилгач, нафақат ташкилотчилар балки бутун маҳалла аҳли ундан баҳраманд бўлади. Тинч замонамиз, тўкин дастурхонимиз, соғ-омонлигимиз учун шукроналар айтадилар.

Сумалак ҳуштаъм ва қувватли таом сифатидагина эмас, балки одамларнинг бир-бирига меҳри ифодаси сифатида ҳар бир хонадонга гўзал неъмат бўлиб кириб боради, севиб, тановвул қилинади.

Яна шуни айтиш керакки, қиш охири, кўклам аввали илик узилди пайти ҳисоблангани учун ҳам бу даврда инсон вужудида дори-дармон танқислиги сезилади. Наврўз таомлари тайёрлашда айнан шу жиҳатларга эътибор берилади. Жумладан, ҳалим пиширишда қўй гўштига қўшиб етти хил дон қозонга солинади. Улар қўй гўштига сингишиб кетгунча паст оловда қайнатилади. Бундай тансиқ таом танага дармон дори каби куч-қувват бағишлайди.

Наврўз баҳона халқимизнинг маънавий дунёси, турмуш тарзи, орзу-ҳаваси ва гўзалликка интилишлари намоён бўлади. Наврўз одобномаси, Наврўз таомлари, Наврўз қадриятлари ўзига хос гўзал. Байрам баҳона катта-катта майдонларга жой қилиниб, у ерда сайллар, ўйин-кулгу, аскиябозлик, кураш, кўпкари, қўчқор, хўроз уриштириш, театр томошалари кўрсатиш халқнинг қувончига-қувонч қўшади. Қўлларига хино, қошларига ўсма қўйган қизлар, аёллар арғимчоқларда учишиб, яйраб-яшнайдилар.

Наврўзда одамлар "Йил бўйи сув кўп бўлсин, экин-тикин ҳосилига барака кирсин!" дея бир-бирларига сув сепишиб, ҳурсандчилик қиладилар. Ҳаёт ширин, тинчлик-омонлик бўлсин, деб бир-бирларига ширинлик улашадилар. Барча оилалар, жамиятимиз гуллаб-яшнасин деган ниятда бир-бирларига гуллар тақдим қиладилар... Сумалак сайли, айниқса, қишлоқларда кўпроқ файзли тус олади. Кенжа келиним билан ўғлим Фарғонанинг Қува деган жойида яшашади. Сайёрахон сумалак учун буғдой ундириш ва сумалак пишириш ҳадисини яхши ўрганиб олган. Кечқурун ён қўшни - жон қўшнилар тўпланиб, бири сув ташиган, қозон ковлаган, бири олов ёққан, бири доира чалиб, қўшиқ айтган...

Эрта тонгда сумалак улашишнинг ҳам ўзига яраша гашти бор! Қўшнилар Сайёрахоннинг қўли ширин-да, деб мақтай-мақтай, эслари кетади. Эртасига яна бир қўшниникида сумалак сайли. Хуллас, ўттиз-қирқ кун давомида буларнинг дастурхонида сумалак муҳайё. Бугина эмас, қишлоқ аёллари баҳорнинг ўттиз-қирқ куни давомида кун ора баҳор кўкатларидан ранг-баранг таомлар тайёрлашдан эринмайдилар, бу саломатликка кони фойда эканлигини билишади.

Янги кун ҳар бирингизга муборак, азизлар!

Санъат МАҲМУДОВА,ёзувчи,

"Меҳнат шуҳрати" ордени

соҳибаси.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди