№36, 01.09.2016 Саломатлик сирлари
КЎП МЕВА ЕСАНГИЗ, СОҒЛОМ БЎЛАСИЗ
Мевалар инсон организми учун зарур бўлган асосий витаминларни, дармондориларни сақловчи ва уни етказиб берувчи маҳсулотлар ҳисобланади. Уларни истеъмол қилиш нафақат соғлиқни мустаҳкамлайди, балки тиббий дори-дармонлар ўрнини ҳам босади.
Мевалар инсон организми учун муҳим бўлган С витаминининг табиий манбаи ҳисобланади. Меваларда асосан, калий, кальций, магний, фосфор ва темир каби моддалар мавжуд бўлиб, юрак-қон томир, буйрак ва бошқа хасталикларнинг олдини олади. Қуруқ мевалардан туршак, қора олхўри, майиз ва шафтоли айниқса, ўрик таркибида калий моддаси кўп миқдорда сақланади. Мевалар инсон организмини темир моддаси билан таъминловчи асосий манбаа ҳисобланиб, уларнинг таркибидаги темир моддаси ҳар қандай тиббий дори-дармонга нисбатан инсон организми томонидан осон ва яхши қабул қилинади. Айниқса, шафтоли, анжир, ўрик, олма, олхўри ва хурмо темир моддасига бой мевалардир.
Ўсмир ҳамда ёш болаларнинг меваларни қай тарзда истеъмол қилиши уларни жисмонан куч-қувватга тўлишишида, ақлан ривожланишида муҳим аҳамият касб этади.
Асосан, калий моддасига бой меваларни мунтазам равишда қабул қилиш қон босими кўтарилишининг олдини олади ва инсульт хавфини қисқартиради. Бу борада тузни маълум миқдорда чеклаш мақсадга мувофиқ. Шифокорларнинг фикрича, калий фойдали бўлишига қарамай, меъёрдан ортиқ қабул қилинса, саломатликка салбий таъсир кўрсатади. Албатта, барча нарсада меъёр устун бўлгани каби меваларни истеъмол қилишда ҳам меъёр афзал.
Шунингдек, мевалардан тайёрланган шарбатлар ҳам узоқ умр кўришнинг муҳим воситалардан бири саналади. Анор, узум, апельсин, олма шарбатлари таркибида организм қаришини секинлаштирувчи ҳамда тери ва соч ҳолатини яхшиловчи антиоксидантлар мавжуд. Шарбатдаги витамин ва минераллар организмдаги бутун тизимлар фаолиятини яхшилайди. Анемия ва юрак хасталикларининг олдини олишда ёрдам беради, иммун тизимини мустаҳкамлаши ҳисобига юқумли касалликларни бартараф этади.
Шаҳноза ҒОФУРОВА,
Андижон давлат тиббиёт институти ўқитувчиси.
|