№26, 14.06.2012 Пазанда маслаҳати
ШИФОБАХШ АТАЛА
Керакли масаллиқлар: 200 гр. қўй ёғи, 100 гр. ўсимлик ёғи, 150 гр. ун, 200 гр. мол гўштидан қийма, бир дона пиёз, бир боғ кашнич, 1 л. сув, туз.
Тайёрланиши: Қўй ёғини майда тўртбурчак шаклда тўғраб, қиздирилган қозонга соласиз, тилларанг тусга киргач, унга ўсимлик ёғини қуясиз ва қиймани қовурасиз. Пиёз ҳамда кўкатни майдароқ қилиб тўғраб, бирин-кетин ун билан қозонга соласиз ва қовуришда давом этасиз. Кейин сувни оҳиста қуйиб, қайнатасиз. Сўнг 15 дақиқа давомида паст оловда милдиратиб пиширасиз.
Атала тайёр бўлгач, косаларга қуйиб, дастурхонга тортасиз.
Ушбу таомни бир ойда бир марта истеъмол қилиб туриш киши организмига катта фойда беради.
ОЛМАЛИ ПИРОГ
Керакли масаллиқлар: Уч стакан ун, 5 та тухум, 100 гр. сариёғ, 4 дона олма, 150 гр. шакар, бир чой қошиқда кавартма.
Тайёрланиши: Унни элаб олинг ва сариёғни унга булаб қирғичдан ўтказинг. Тухум сариғи ва кавартма солиб, аралаштиринг. Қорилган хамирни салафанга ўраб, 30 дақиқа давомида тиндиринг.
Миксер ёрдамида тухум оқини яхшилаб кўпиртиринг. Бироз қотишга келиб қолганда шакарни оз-оздан солиб, кўпиртиришда давом этинг. Олмани пўстини арчиб, юпқа қилиб тилимлаб тўғранг. Тинган хамир юмшоқ ва уваланувчан бўлгани учун ёғ суртилган товага қўйиб, қўл ёрдамида ёйиб чиқинг. Устига олмаларни бир қатор қилиб териб, устидан бизени бир текис қилиб қошиқда солиб чиқинг. Сўнг 180 даражагача қиздирилган газ печида 25 дақиқа давомида пиширинг.
Тайёр бўлган пирогни олиб, асталик билан кесасиз ва ликопларга жойлаштириб, дастурхонга тортасиз.
"Таомнома" китоби асосида ГУЛИ тайёрлади.
|