№51, 19.12.2013 Турмуш чоррахаларида
Устоз
Уйда ўтириб зериккан Азимжон ака кўчага отланди. Чўнтагида пули ҳам озроқ эди, қаерга борса экан? Нафақага чиққанига бир-икки йил бўлди. Аммо уйда ўтиришга ҳам кўникиш қийин бўларкан. Айтмоқчи, кеча ўғли "Ота, ишхонангизда битмаётган юмушим бор эди, ёрдам бероласизми?" деганди. Биринчи ишни ўша ердан бошлагани маъқул.
Анча йиллар хизмат қилган қадрдон ишхонасига етиб келганида кўнгли тоғдек кўтарилди. Уни таниган, билган ҳамкасблари илиқ қарши олишди. Аммо негадир кўнглининг бир чеккаси хижилдай эди. Нега бундай бўлаётганлигини ўзи ҳам билмасди. "Қариб қолибман-да", ўйлади у. "Ростдан ҳам уйда ўтирадиган вақтим келган, шекилли, кўчага чиқиш малол келиб қолибди". Шундай хаёллар билан ўзини овутиб, кириш эшиги олдида турганди. Эшик оғаси янги келган чоғи, уни танимади ва дағал овозда гапирди:
- Ҳов, отахон, нари туринг, тасвирга тушиб қоласиз. Камерани шахсан бошлиқнинг ўзи кузатади, эшик олдида ўралашганини-чи. Ўзи кимни кутяпсиз?
- Катта бошлиқни кутаяпман, болам.
- Ана, бошлиқ келди.
Устоз ўгирилиб қаради. Ёнгинасига янги оқ машина келиб тўхтади. Не кўз билан кўрсинки, машинадан ўзи хизматнинг ҳамма қирраларини ўргатган, узоқ йиллар ёнма-ён хонада бирга ўтириб ишлаган йигит тушиб келарди. Бошлиқни ён-атрофда турган йигитлар қўлларини кўксига қўйиб кутиб олишди. Хизматдошларини саломига бош ирғаб жавоб қайтарган бошлиқ кўз қирини устоз томонга ташлаб қўйди-да, шитоб билан қадам ташлаб дарвозадан кириб кетди. Унинг орқасидан оғир темир дарвоза шарақлаб ёпилди...
- Наҳотки, у мени кўрмади? Ростдан ҳам кўрмагандир. Атрофида одамлар гирдикапалак, юқорининг топшириқлари кўп. Уни ҳам тўғри тушунишим керак. Ахир у менга ўхшаб нафақадамиди, бўш вақти бўлгани.
Устоз ўзини-ўзи овутиб, секин бориб бошлиқ қабулига ёзилди.
- Бошлиқнинг вақти йўқ экан. Бугун вазир ўринбосари келади, - деди қабулхонада ўтирган йигит.
Унинг ёлғон гапираётгани шундоққина кўриниб турарди, чунки гапираётганида устознинг кўзига эмас, ерга қараб гапирди.
Устоз ноумид бўлиб, уйига қайтаркан, ўйлади: "Ишқилиб, ҳеч кимга у менинг шогирдим бўлган деб айтганим йўқмиди?". У олдинга қадам ташлар, оёқлари юришни истамаётгандай эди. Бу бечора оёқлар уятдан зил-замбил бўлиб кетган вужудини кўтараолмаётгандек эди гўё...
Умида ҚАҲҲОР.
|