№11, 12.03.2015 ДИЛ ТУҒЁНИ
ХУШ КЕЛИБСАН, БАҲОР
Борлиқни яхшилик нурига чулғаб, дилларга меҳр уруғини қадаб баҳор келди. Хушнасим шамоллар эсиб, дов-дарахтларда куртаклар ниш урмоқда, бодом, ўрик гуллари уялибгина лаб очмоқда. Бутун олам яшил либосга бурканиб, ҳар ёнга муаттар ҳид таратмоқда.
Ҳамма орзиқиб қарши олган бу фаслни мен ҳам интиқиб кутиб оламан. Унда беғубор болаликнинг бахтли дамлари бўй кўрсатиб туради. Эсимда ўша кезлари дугоналарим билан гулу чечаклар ва тол новдаларидан толпопуклар, гулчамбарлар ясаб, сочимизга тақардик. Кўм-кўк далаларни кезиб, чучмомалар, ялпизлар, момақаймоқлар териб, тўйиб-тўйиб ҳидлардик. Мен уларни тўплаб, уйга олиб келардим. Шунда бувижонимга яқин ёрдамчи бўлиб, кўк сомса, кўк чучвара, кўк манти ва шу каби таомларни бирга тайёрлардик.
Ҳамма фаслда ҳам онамнинг мунис чеҳраларида баҳор аксини кўриниб туради. Онамдан гулу райҳоннинг, баҳордан эса онамнинг иси келиб туради гўё. Раҳматли дадам ҳам ҳар кўкламда боғимизга турли мевали кўчатларни ўтқазарди. Биз опа-сингиллар биримиз ниҳол ушласак, биримиз уни суғориб турардик ва шу билан кўнглимиздаги ниятларимиз бажо бўлишини ҳам тилардик. Дадам шукрона келтириб, кўчат илдизига тупроқ тортаркан: "Фарзандларимизнинг ризқи-насибаси улуғ бўлсин, бу вақти келганда биздан бир ёдгорлик бўлиб қолади", деб айтган эдилар. Мана яна боғимизда отам эккан ўрик, бодом, шафтоли гуллаган. Мева тугканида ўзимиз, фарзандларимиз ушбу неъматлардан баҳраманд бўламиз. Отам айтганидек бу дарахтлар отамдан қолган ёдгорлик. Ҳамма кетмон ушлаб далага отлан чоғида, беихтиёр дадам ёдимга тушади. Мана шундай туйғуларни юрагимга олиб кирган баҳор мен учун жуда қадрдон.
Севимли фаслим баҳор билан уйғунликда ўтган бахтиёр лаҳзаларни жуда-жуда соғинаман. Баҳор келиши билан кўнглимдаги соғинчим ҳовури босилади. Соғинчим дардига шифо айлаб хуш келибсан, баҳор!
Ҳамрохон
МАМАТҚУЛОВА,Жалақудуқ тумани.
|