№11, 12.03.2015 Ҳикоя
ЎҚИГАН ҚИЗ
Шу кунларда Ойнисанинг фикри-ёди қизининг сепини тўкис қилишда бўлиб қолди. Жойи чиқса-ю, шартта узатиб юборса! Бу борада Зиёданинг фикри бошқача: ўқисам, илмли бўлсам, дейди. Институтга кириш ниятида, китобдан бош кўтармайди. Шу боис, онаси мебель ҳақида гап очганида, айрим тенгдошларидек қувониш ўрнига, қовоғи уюлди.
- Ая, ахир компьютер олишга келишгандик-ку?
- Келишсанг, даданг билан келишгандирсан, менга темир-терсакнинг кераги йўқ. Сенинг келажагингни ўйлаяпман!
- Ўша сиз ўйлаётган келажак учун ҳаракат қиляпман мен ҳам, аяжон! Компьютерим бўлсайди... Хориждаги институтлардан бирига интернет орқали имтиҳон топшириб кўрардим.
- Бас! - қизнинг гапини кесди она. - Компьютеринг мени қизиқтирмайди. Қиз болага интернетдан дунёга бўйлашни ким қўйибди. Ўқишга кирармишлар. Институтда ўқишинг учун ҳам фалон пул кетади. Ўша маблағга битта уйни ярақлатиб ясатиб, гумбурлатиб тўй қиламан. Эй, мунча орзу-ҳаваси йўқ қизсан-а? Худди аммаларингга ўхшайсан!
- Аммаларимдек бўлсам жон дердим. Ҳаммаси олий маълумотли.
- Ҳой қиз, келин бўлиб тушган жойингда сендан биров диплом сўрармиди? Ҳамма сепингга қарайди.
Она барибир "ғолиб" келди. Ҳар ким ўз ҳаракатини қилди. Ойниса сеп йиғди, Зиёда ўқишга кириш ниятида репетиторга қатнади. Устози ҳам унинг хориж тилларига иқтидорини сезди, шекилли, шахсий компьютеридан фойдаланиб, интернетга уланишига рухсат берди.
Қиз орзулардан қанот боғлаб юрган кунларнинг бирида:
- Бошлиғимиз ўғлини уйлантирмоқчи, - дея гап топиб келди қўшниси Зуҳра. - Менга маслаҳат солгандай бўлувди, Зиёдани роса мақтадим. "Ўғлимга айтаман, бир учраштирамиз", деди.
- Ўзи тузуккина оилами? - деб сўради Ойниса орзусидаги жой чиқаётганидан қувониб.
- Вой, нима деяпсиз, "тузуг"ингиз нимаси, шаҳарда битта-ку бу Олимовлар! Ҳаммаси топармон-тутармон, ҳовли-жой, машина, э, қўйинг-ки, нима орзу-ҳавас бўлса, ўшаларда!
- Куёв бўлмиш-чи, шундан гапиринг!
- Неъматжоннинг фирмаси бор. Ўзиям суқсурдек йигит. Топиши зўр, бизнесмен, лекин жуда мўмин-қобил бола.
Ойнисага бу мойдек ёқиб тушди. Қизининг бошида бахт қуши қўнгани рост бўлсин-да. Ойниса кун бўйи хаёлида қизини дабдаба билан узатди, ҳашаматли уйларнинг тўрида ўтирди...
Кечга маҳал эса Зуҳранинг гаплари ялтироқ тасаввурларини тумандек тарқатиб юборди.
- Ўртоқжон, шу десангиз... Бошлиқ тушмагур: "Энг асосийсини сўрамабман-ку, қиз ўзи ўқиганми?" деб сўраб қолса бўладими! Хуллас, уларга олий маълумотли келин керак экан. Ўқимагани керакмас, дейишди...
Бундай талаб Ойнисанинг етти ухлаб тушигаям кирмаган эди. Ичидан зил кетди-ю, аммо ҳеч кимга сездирмади.
- Ҳм, савил, биз ҳам ўлиб турганимиз йўқ эди! Қизим энди ўн еттига кирди, ҳали ёш, муносиби топилар.
Шу-шу икки қўшни "бизнесмен куёв" ҳақида қайтиб гаплашишмади.
***
- Ая, аяжон, суюнчи беринг! - Зиёданинг шодон овози ҳовлини қувончга тўлдириб юборди.
- Ҳай, нима гап, тинчликми ишқилиб? - ҳовлиқиб айвонга чиқди Ойниса.
- Интернет орқали имтиҳон топширувдим, ўқишга кирибман, аяжон! Гарвардда ўқийдиган бўлдим!
- Нима? - капалаги учди онанинг. - Қанақа Гарбар?
- Гарвард деган университетга ўқишга кирдим деяпман!
Ойниса аввалига ҳангу манг бўлиб туриб қолди. Сўнг миясига бир ўй яшиндек урилди-да, қизига дағдаға қила кетди:
- Ҳо-о, дунёнинг бир бурчагидадир ўша Гарваринг, қайси пулга борасан?
Қиз эса ҳовлини гир айланиб хандон отиб кулар, онасининг дашномини эшитадиган ҳолатда эмасди...
***
Зиёданинг хориждаги олий ўқув юртига интернет орқали қабул қилинганидан ўша куниёқ хабар топган Зуҳра ишхонасида бу ҳақда хабар тарқатди-ю, тақдир чархпалагини бошқа томонга айлантириб юборди: уч кун ўтиб бошлиғининг хотини Гавҳарой билан Ойнисаникига совчиликка кириб келишди.
- Қизингизга харидор бўлиб келдик, айланай, - деди Гавҳарой, кутилмаган "ташриф"дан ҳайратда ўтирган Ойнисага илтифот билан.
- Қайдам, - каловланди Ойниса. - Қуда бўлса, сизларчалик бўлар. Аммо бу қизим тушмагур чет элда ўқийман, деб туриб олган, ҳали вақт бор, ўзи билан маслаҳатлашайин...
- Энди мениям эшитинг, бу ёғидан ташвиш тортманг, - қўлини кўксига қўйиб гапни бўлди Гавҳарой. - Биз томонларда ҳам худди шундай гап. Ўғлим ҳам, дадаси ҳам азза-базза олий маълумотли қиз топинг, деб оёқ тираб туришувди. Мен келин ахтариб, ўзимча тўй тадоригини кўриб юрган бир пайтда ўғлим хориждаги офисда иш юритадиган бўпқолди, денг. Роса бошим қотиб турувди. Зиёдахоннинг айнан ўша давлатдаги ўқишга кирганини айтмайсизми. Бу ҳам Яратганнинг инояти бўлса керак-да. Бу орада ўғлим Зиёдахон билан тасодифан учрашиб қолибди. "Жуда яхши қиз экан", деб мақтагани-мақтаган... Хуллас, бизнинг маслаҳат пишиб бўлди. Гапнинг индаллоси шуки, розилик - сизлардан, ўқитиш - биздан!
- Қаранг-а, - дея Ойниса бир муддатлик сукунатдан кейин эндигина гапиришга оғиз жуфтланганида, Гавҳарой гап қотди:
- Қизингизни ақлли-ҳушли қилиб ўстирганингиз, шу ердан туриб хорижнинг манаман деган олий даргоҳига қўли етадиган даражада илмли бўлишига шароитлар яратиб берганингиз учун сизларга раҳмат!
Ойниса беихтиёр нигоҳини ерга қадади. Кўзларига севинч ёшлари келди...
Гулчеҳра АСРОНОВА.
|