№12, 19.03.2015 Бадиа
ТАШРИФИНГДАН КЎНГИЛЛАР МАСРУР...
Кўкламнинг илк шодиёналари бир-бирининг қўлидан тутиб, заминга гулчамбарлар тақиб кириб келгани дилларни яйратади. Майсалар лабидаги ханда, анҳорлар юзидаги табассум, куртаклар кўзидаги қувонч кимни завққа ошино этмайди?!
Минг-минг йиллар этагида бизни кутиб олган Наврўзим, хуш келдинг! Миллийлигимиз қадларини юксакларга кўтариб, олтин тарихнинг суронларидан омон келган хуш айёмим, қадаминг қутлуғ, шаънинг улуғ... Қадим юртим қадрини осмонларга менгзаганим, қадриятлар бешигида камол топганим, ўлкамга хуш келдинг!
Дошқозонларда қайнаётган сумалакнинг бўйлари димоғни қитиқлайди. Атрофида парвона момоларнинг, кайвони онахонларнинг дуоларида, муборак айёмга етказганига айтаётган шукрида истаклар ижобати бор. Миллион йиллар қаъридан таралаётган Наврўз шукуҳида шукрона бор, ташаккур бисёр. Беқиёс бахтнинг овозлари садо беради бунда...
Заминнинг юзида қувончнинг
акси,
Майсалар қалбида ажиб
тантана.
Хаёлни ўғирлар қизғалдоқ
рақси,
Табиат Наврўзни алқайди яна.
Сумалак пишгунча тилаклар
бисёр,
Кўкламий таомлар юракка
дармон.
Айёмин бағрига босар
ҳур диёр,
Наврўз келди, сен кет
дилдаги армон...
Нуронийларнинг чеҳрасида зиё, ёшларнинг қалбида шижоат... Орзиқиб кутилган Наврўз ташрифидан кўнгиллар шод, ниятлар обод...
Кўчаларнинг саришталиги, маҳаллаларнинг ободлиги, одамларнинг бир-бирларига меҳр-оқибати юз очган палла бу... Дарвоқе, атрофимиздагилардан, яқинларимиздан, инсонлардан меҳримизни аямайлик. Қаранг, чуғур-чуғур қилаётган қушлар-да бир-бирига меҳр улашишади. Уларда бор оқибатнинг минг чандон ортиқроғи одамзодда эмасми?! Наврўзи олам ҳадяси - меҳрни, оқибатни, муҳаббатни қизғонмайлик...
Наврўзим, хуш феълим,
хуш қадамимсан,
Байтларимда кулган
қадим тантанам.
Сен таърифга сиғмас ҳур
оламимсан,
Миллатим кўксида
мағрур анъанам...
Хуш келдинг, хуш кўрдик,
Наврўзи олам!...
Зилола РАҲМОНОВА.
|