Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№12, 19.03.2015

Турмуш чорраҳаларида

НАВРЎЗ МЎЪЖИЗАСИ

Бугун Наврўз. Ўтган куни ёққан ёмғир‚ борлиқдаги ғубору гардларни ювиб, табиатдан қишнинг тушкун кунларидан қолган маҳзунликни аритди гўё. Уч кундан бери ошхонадан бери келмайман. Ҳам овунадиган‚ ҳам нохуш хаёллардан чалғийдиган‚ ҳам болаларимни хушнуд қиладиган жой - ошхонам. Қўлим юмушимда-ю кўзларим дераза ортидаги ажиб манзара аро сайр қилади. Кўчадан одам аримайди. Қийқиришиб ўйнаётган қизчалар, варрак учираётган болакайлар. Рўпарамиздаги кўп қаватли уй ҳовлисида бир гала аёллар ўралашиб сумалак қилишяпти. Бизнинг "дом"да кеча сумалак сайли бўлганди. Болажонлар бирам мазза қилишдики... Ҳамма хурсанд‚ ҳамма шод. Ахир байрам шодиёна‚ бахтиёрлик дегани-да. Қанийди‚ мен ҳам ўзимда ана шу шодлик учқунларини тўлалигича ҳис эта олсам эди. Мен ҳам шу одамлардек қайсидир яқинларимни табриклагани борсам ёки байрамларда мени йўқлаб, эшигимдан кимдир келса. Бу дунёда кимлигини‚ қандай инсоннинг зурриёди эканлигини билмай яшашдан кўра аянчлироқ қисмат бўлмаса керак. Менинг тақдиримда шу ёзуқ бор экан.

Эсимни "Меҳрибонлик уйи"да танидим. Кейин акам ҳам бўлганини‚ уни бефарзанд бир оила асраб олганини айтишди. Таассуфки‚ мен акамни ҳам‚ ота-онамни ҳам эслолмасдим. Қизиқ‚ наҳот ҳеч қандай қариндош-уруғим бўлмаса... Шунча фурсатдан бери ота-онам бизни излаб топмади-ю‚ қариндошлар ўйлармиди? Турмуш ўртоғимга ҳам дардимни айтиб бир наф топмайман.

- ...Гули‚ қўй шунақа гапларни, юрагимни эзаверма. Мана, ота-онамиз бор, мен борман‚ ўғилларимиз бор‚ яна нима керак сенга?

Доимий эшитадиган жавобим бу. Одамнинг бахтли бўлиши учун фақат шулар етмас экан-да. Ота-она‚ опа-сингил‚ ака-ука‚ дегандек‚ қавм-қариндошинг‚ жигаринг бўлмаса, ўзингни кемтик ҳис қилаверасан. Атрофингда етти ёт бегона қўллар биргина қондошинг эътиборичалик бўлолмайди. Буни мана йигирма тўққиз йилдан бери ҳис этиб яшайман. Ўзимча яқинларимни излаб кўришга ҳам уриндим. Аммо натижа бўлмади. Аксига олиб‚ болалар уйига келтирилганимизда, ҳужжатларимиз ҳам бўлмаган экан. Ўн икки ёшимда мени фарзандликка олган қайнона-қайнотам ўзларининг фамилияларига ўтказишди. Тақдирнинг изми экан‚ турмуш ўртоғим билан бир-биримизни ёқтириб қолиб оила қурдик. Ҳозир шаҳарда яшаймиз. Бундай олганда камим йўқ‚ олий маълумотлиман‚ мени тушунадиган‚ қадрлайдиган умр йўлдошим‚ ота-она ўрнида меҳрибонларим - қайнона-қайнотам‚ жондан азиз фарзандларим бор. Аммо айтганимдай‚ инсон ўзининг кимлигини‚ ўзлигини билмагани ёмон экан-да. Ҳатто асл исмимни ҳам билмайман...

- Ойижон‚ менга "Кўкламой" деган торт қилдизми?

Кичик ўғлим энтикиб-энтикиб савол берганди‚ дунёларимни зимистон қилаётган хаёлларим мени буткул тарк этди.

Телефон қўнғироғи Самир ўғлим билан ширин суҳбатимизни бўлиб юборди. Қўл телефонимнинг экранига кўз ташлаган эдим‚ хўжайинимнинг рақамларини кўриб, ҳазил билан жавоб беришга шайландим:

- Абонент ошхонанинг ичида!

- Яхши ўтирибсизларми? - Отабек акам хандон уриб кулиб юбордилар.

- Хўш‚ ўзлари шундай чиройли кунда қаерда юрибдилар? Биласизу, Наврўз байрамини жуда ҳам яхши кўраман. Сиз эса ҳалиям уйда эмассиз.

Ёлғондакам араз билан хўжайиндан ёзғириб қўйдим.

- Гули‚ мен бироз кечроқ бораман. Сен фақат сабабини сўрама. Кези келганда, ҳаммасини билиб оласан. Болалар билан яхши ўтиринглар.

Алоқа узилди. Оёғимдан мадор кетди. Бошим айланиб‚ томоғимни ачимсиқ бир нима куйдира бошлади. Бу нимаси ахир‚ бугун байрам‚ ҳамма оила даврасида‚ фарзандларининг ёнида бўлса... Бу даражадаги кескин ўзгаришнинг сабаби нима бўлиши мумкин? Ё Худойим‚ энди шу кемтик қувончимни ҳам менга кўп кўрсанг-а?! Кўзларим ёшланганини кўриб‚ болаларим ҳам маъюсланиб қолишди. Аммо бола барибир бола-да. Қанча қийинчилик‚ қанча муаммо бўлмасин, уларнинг шодлигини қийишга ҳаққим йўқ‚ шунинг учун дастурхон ёзиғлиқ хонага кирдиму‚ ўғилларимни чақирдим:

- Санжар‚ Самир‚ қани келинглар‚ байрамни бошлаймиз.

- Дадажон-чи‚ дадажон келмайдиларми? - Катта ўғлим секингина сўради.

- Келадилар‚ фақат кейинроқ. Улар келгунча биз байрамни бошлайверамиз.

Болалар ноз-неъмат тўла дастурхон четига ўтиришди. Ҳар қанча уринмай‚ ўзимни шод кўрсатишга тиришмай‚ барибир юрагимдаги ғашлик ва нохушлик юзимга соя солиб‚ кайфиятимни нигоҳларим ошкор этаётганди. Бу ҳолат болаларимга ҳам таъсир қилаётгани яққол сезилаётганди.

...Соат ўнларга яқин турмуш ўртоғим келдилар. Қўлларида бир дунё совға-салом. Негадир кўзларимга қарамасликка уринадилар. Бу эса мени баттар хавотирга солади. Аммо Отабек ака ташвишланганнамо чеҳрамга кўз қирларини ҳам ташламай‚ ўғилларимиз билан ширин суҳбат қуришга киришдилар:

- Хўш, полвонлар‚ ким Наврўз ҳақида шеър айтади?

Кичкина ўғлим югуриб келиб акасидан олдин шеърини айтмоқчи бўлади.

- Яшанг‚ тойчоқ‚ - уни алқаб қўйди‚ дадаси.

Отабек ака ўзини хотиржам тутар‚ болалар билан ҳазиллашиб‚ ўйнаб-кулар, кеч келгани сўрашга менинг юрагим бетламасди...

Эшик қўнғироғи чалинган эди, мендан олдин турмуш ўртоғим шошилди. Эшик очилиб, ўрта ёшлардаги, қош-кўзи қоп-қора киши кириб келди. Кутилмаган меҳмоннинг юзи иссиқ кўринар, уни қайдадир кўргандек эдиму, ҳеч эслолмасдим. У ўғилларимизга варрак, бойчечак улашди. Сўнг қўлидаги бир даста қизғалдоқни менга узатди. Гулни олиш олмасликни билмай, турмуш ўртоғимга қарадим. Отабек акам "олавер" дегандек ишора қилдилар. Болаларимнинг қувончини, қийқириқларини кўриб, ўзимиз ҳам севиниб кетдик. Бири шеър ўқияпти, бири савол беряпти. Негадир нотаниш одамнинг нигоҳлари маъюс, ёшланган. Аммо, унинг менга тикилишидан турмуш ўртоғимнинг олдида ўнғайсизлана бошладим. Қизиқ, нимагадир йиғлагим келяпти...

- Яшанг, болажонлар, сизлар билан яхшигина танишиб ҳам олдим. Жуда ақлли, билимдон болалар экансизлар, мени хурсанд қилдингиз. Энди, онажонингиз билан танишамиз. Майлими?

Юрагим орқага тортиб кетди. Бу одам нима қилмоқчи ўзи?! Яна турмуш ўртоғимнинг олдида! Мен гўё, "айбсизман" дегандай, Отабек акамга қарадим. Улар хотиржам кулимсираб қўйдилар. Гарчи бу ҳаракатларнинг ҳеч бирига тушунмаётган бўлсам-да, барибир ҳозир нимадир содир бўлишини юрагим сезаётганди...

...Мен... бу кундан деярли умидимни узиб бўлгандим. Мўъжизага ишонмасдим. Ўзимни ҳеч ким деб билардим. Кимлигимни билмай армон билан ўтиб кетсам керак, деб ўкинардим, эзилардим. Аммо Аллоҳ бандаларига меҳрибон экан, оҳларни эшитгувчи экан, яна бир бор иймон келтирдим. Мўъжизасига яна бир бор иқрор бўлдим. Ўзига шукр... Беҳисоб...

- Юртимизда фуқаролик уруши авж олган ака-укага, опа-сингилга, она-қизи, ота-ўғлига душман бўлган кезлар, жон сақлаш ниҳоятда қийин эди. Сен у кунларни унча эслолмайсан, отамиз вафот этганида, сен олти ойлик чақалоқ эдинг. Мен боғчадалигимда уйимизга ўт қўйишган экан, онам сени амаллаб олов ичидан қутқариб қолганлар. Хайриятки, сенга ҳеч нарса қилмаган... Ўзлари эса... онамиздан ажраганимизда, сен бир ёшга ҳам тўлмаган эдинг, мен етти ёшлар чамасида эдим, эс-эс хотирлайман. Юртда очарчилик, қийинчилик. Тоғамиз бизни ўзбекистонлик бир танишининг ёрдами билан Самарқанддаги болалар уйига жойлаштирди. Орадан сал ўтмай, мени бир оила фарзандликка олиб кетди. Шундан бери сенинг тақдиринг билан қизиқаман. Сени бир зум бўлсин хаёлимдан фаромуш этмадим. Бизни жойлаштиришган болалар уйи ҳам ўзгариб, бошқа жойга кўчирилган экан. Майли, энди бунақа гапларнинг ҳожати йўқ, муҳими сени топдим. Худога шукр, соғ-омон, бахтли экансан...

Йиғидан шишган кўзларимнинг ёшини арта-арта, дам кулиб, дам йиғлайман. Акам мени излай-излай, болалар уйидан олган манзилларига асосланиб, қишлоқдаги уйимизга борибдилар. Вазиятдан хабар топган қайнона-қайнотам Отабек акамнинг телефон рақамини беришибди. Эрим менга қўнғироқ қилиб, кечроқ келишини айтганида, акаси билан гаплашиб ўтиришган экан. Сўнг икковлашиб бугунги тадбирни ўйлаб топишибди.

Мен ҳануз Наврўз арафасидаги бу узоқ кутилган дийдор онларидан сармаст ва карахт эдим. Баъзан бу хушнуд онлар тушимда кечяпти, деган хаёлга ҳам борардим. Ва ниҳоят, мен ҳам кимлигимни, қариндош-уруғларимни танийдиган бўлдим. Турмуш ўртоғим, ўн кунлардан кейин қўшни юртга - қариндошларимизникига олиб боришга ваъда берди. Бу йилги Наврўз мўъжизасини бир умр унутмасам керак...

Рухшона ФАРРУХ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди