№26, 26.03.2015 Ҳикоя
ИФОР
Ўшанда улар шаҳарга кўчишадиган бўлишди. Отаси "Орзуларим саробга айланишини хоҳламайман" деганди. Бу гапларни унчалик тушунмаган бўлса-да, негадир яшаб турган ҳовлиларини тарк этгиси келмасди.
Айниқса, маҳалладаги яқин ўртоқларидан ажралиш у учун катта йўқотиш эди. Янаям тўғрироғи қўшни қиз - Ифорга ўрганиб қолганди. Буни ҳеч кимга айтолмаса ҳам, мурғак қалби исён қиларди. Аниқ эсида. Воқеалар кўз ўнгида бугунгидек жонланаверади...
...Йўл тараддуди кўрилганди. Жўнаб кетиш олдидан атрофга бирма-бир термулди. Қадрдон уй уларни қўйворгиси келмаётгандек эди гўё. У югургилаб Ифорларникига чиқиб кетди. Ортидан ота-онаси ҳам кириб келишди. Ифор алланечук хомуш бўлиб йўлакда турарди. У баридан хабардор эди. Унинг онаси ошхонада нималардир тайёрлар, яна алланарсаларни қоғозга ўраб ғижимларди.
Уларни кўриб:
- Ҳозир чиқиб бормоқчийдим, - деди қўшни аёл Нозима опа.
- Биздан рози бўлинг. Яхши-ёмон гап ўтган бўлса, ёмонликка йўймайсиз, - деди онаси ҳам.
- Қизиқмисиз? Бу нима деганингиз? Ахир яхши қўшниларимдан айриляпман-ку. Ҳозир йиғлавораман, - деди Нозима опа.
Аммо бу гаплардан нима фойда. Ҳаммаси кўнгил учун қилинаётган мулозаматга ўхшайди. У Ифорнинг олдига борди.
- Кетяпсанми? - деб сўради пичирлаб қиз.
Истар-истамас бошини қимирлатди у.
- Қайтиб келасанми?
- Билмадим, - деб жим бўлиб қолди. Бироздан кейин чўнтагидан унга атаб олиб қўйган қип-қизил олмани чиқариб ўйнай бошлади. Буни қандай беришни билмай каловланарди.
- Катта бўлсам, ёнингга келаман, - деди худди бир нарса эсига тушгандай шошиб.
- Бу менгами, - деди Ифор шарт унинг қўлидаги қирмизи мевани тортиб олиб, унинг сўзларини эшитмаганга солиб, бепарволарча тураркан.
У гапиришга улгурмади. Уй томондан уларни чақириб қолишди. Ота-онаси апил-тапил ўринларидан туриб, хайрлашишди. Онаси келиб унинг қўлидан тортди ва:
- Ифор билан хайрлаш, -деди табассум билан.
- Яхши қолинглар. Шаҳарга ҳам боринглар, - деди отаси.
- Йўл узоқ. Буни қорнинг очганда еб оласан, - деб Ифорнинг онаси қоғозга ўроғлик егулик тутқазди.
У индамади. Кўчага чиққунча лом-мим демади. Ҳудди бир нимадан хафа бўлгандек қовоқларини уйиб олганди. Йиғламсираб, борган сари тўлиб кетяпти. Йўлда ўзини тутиб туролмади. Кўзларидан ёш сизиб, йиғлаб юборди. Нимага бундай қилганини ўзи ҳам тушунмасди. Онаси бу ҳолни кўриб:
- Нега йиғлайсан? Ўлиб кетмаяпмиз-ку, ахир! - деди жеркиб.
- Унгамас!
- Нимага унда?
- Ифор олмамни қўлимдан тортиб олди, - деди хиққиллаб. Онаси ўғлининг бошини силади. Отаси уларга қараб кулди.
- Ўз ҳолига қўй уни, - деди онасига.
Ўша-ўша Ифорни кўрмади. Вақт кутиб турмас экан. Йиллар ўз ҳукмини ўтказди. Бугун тонгда-ўн беш йилдан сўнг рўпарасида Ифорнинг анграйиб туришини ҳатто тасаввур ҳам қилмаганди.
...Кичкина қизи кўчада нарса сотиб юрган аёлнинг овозини эшитиб хархаша қилмаганда, бу гапларни эсламаган ҳам бўларди. Қаршисида шууридаги каби шўх-шаддод, ерга урса осмонга сапчийдиган чайиргина ўн ёшлар чамасидаги қизалоқ эмас, жувонлардек тўлишиб, ҳаётнинг заҳматлари кўзига ина бошлаган муштипаргина Ифор турарди.
- Холам яхшими? - деди секин хижолат бўлиб, уч яшар қизини қўлчаларидан маҳкам ушлаб.
- Ўтган баҳор қайтиш қилдилар, - деди ва жим қолди. У сўраганидан пушаймон еди. Ярасига туз сепиб, дардини янгилагани учун ўзини ич-ичидан койий бошлади. Шундай бўлса ҳам одоб юзасидан отасининг аҳволини сўраши лозим эди.
Шундай ҳам қилди. Ифор оиласидаги кенжа қиз эди. Опалари ҳақида сўрашга ботинолмади. Улар турмушга чиқиб оила қуришган бўлса керак. Қолган гапларни ўзича тасаввур қилди. Сўрамай қўя қолди.
Ифор шаҳарга тирикчиликка тушган. Ҳар кун тонг саҳар боғларидаги мевалардан олиб келарди. Сотиб у-бу ҳарид қилиб, уйларига қайтарди. Ҳаммасини икир-чикиригача унга айтиши шарт эмас. Муҳими, бошқа. Миясида фақат бир савол айланарди. Минг истиҳола билан охири:
- Болаларинг яхшими? - деди жиддий.
Ифор ярқ этиб қаради. Бундай саволни кутмаган шекилли. Истеҳзо билан мийиғида кулди. Оёқларига суйкалиб, бир нималар деб чуғурлаётган қизчани даст кўтариб олди. У ёқ-бу ёқдан гапириб эркалаган бўлди. Сўнгра қизчани ерга тушириб:
- Энди отангнинг олдига бор, - деди зўрға жилмайиб. Сўнг уларникига кўтариб кирган вазминроқ қутидан бир дона қирмизи олмани олиб қизчага узатди. Бу ўша кунгидек - унинг қўлидан тортиб олган олмага жуда ўхшарди.
Бахтиёр НУРИДДИНОВ.
|