Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№24, 11.06.2015

Турмуш чорраҳаларида

БОЛАГА АЧЧИҚ ҚИЛМАНГ...

Бундан ўн икки йил аввал катта хатога йўл қўйганман. Натижада, ўйламай қилган ишимнинг жабрини тортяпман. Ўша воқеанинг жабрдийдаси Гулсевар қизим яқинда ўн олтига тўлади. Ҳар сафар унинг кўзларига қараганимда, юрагим симиллайди. Қизимнинг бўйи етиб қолди, аммо келгусида ҳаёти қандай кечишини билмайман.

Ўша пайтларда қайнонам билан бирга яшардим. Ёш ва қизиққон бўлганман. Мулоҳазали эмасдим. Қайнонам рўзғор ишларини ўргатмоқчи бўлиб насиҳат қилса, "Қилдан қийиқ қидириб, жанжал чиқармоқчи", деб ўйлабман. Бугун ёшим қирқдан ўтгач, турмушнинг паст-баландини тушунганимда, ўйласам, қайнонам ўз ишига пухта, пазанда аёл бўлган экан. Шунинг учун ҳам унга пала-партиш, шошқалоқлик билан қилинган ишлар ёқмасди. Овқатни ҳам танлаб ерди.

Уйимдагилар мени мактабни тамомлашим билан турмушга узатиб юборишганди. Қайнонам камчиликларимни айтса, осмонга сапчиб кетаверган бўлсам керакки, уйимизда тез-тез жанжал чиқиб турарди.

- Нега ҳамма ишимдан айб топаверасиз, бошқа келинларга ўхшаб хизматингизни қиляпман-ку, яна нима истайсиз, - дердим асабийлашиб.

- Рўзғор ишига янаям пишиқроқ бўлинг-да, бу аҳволда хадемай уйингизни бўлаклаб қўйсам, маҳаллага масхара бўласиз-ку, - деб мени гап билан "узиб" оларди қайнонам.

"Қайнона-келин нега бир-бирига душмандек қилиб яратилган экан", деб ўйлардим. Уйимдагиларни қойил қолдириш учун қанчалик уринмай, ишларим чаппасига кетарди. Асабийлашганимдан овқатни гоҳида шўр қилиб қўйсам, баъзан хамирга туз солишни унутардим.

Уйда мен тенги, бўй етган қайнисинг-лим ҳам бор эди. Аммо супир-сидир, кир-чирга сира ҳам қарашмасди. Кир ювиб, нон ёпаётганимда, уйда телевизор кўриб ўтирарди. Бундан икки ҳисса асабийлашардим. Шундай кезларда ўзимни келин бўлиб тушган уйимнинг хизматкоридек ҳис қилардим.

Шу тариқа катта қизим Гулсевар туғилди. У икки ёшдан ошмай туриб, укаси Фарҳод дунёга келди. Икки боланинг инжиқликлари, рўзғордаги юмушлар мени шу қадар чарчатардики, баъзан уйдан қочиб кетгим келарди. Қайнонам билан қайнисинглим эса ўша-ўша, менга совуқ муомалада эдилар.

Бугун ўйлаб кўрсам, ўша пайтларда қайнонамнинг насиҳатларини тўғри қабул қилмабман. "Нега жанжал учун баҳона қидираверади", деб ўйлабману, бу уйдагиларга меҳр қўймабман. Ҳозирги ақлим ўша пайтларда бўлганда эди, қайнонамнинг ҳар бир сўзини тарозига солиб кўрардим. Насиҳатларига амал қилардим...

Қайнисинглимни узатганимиздан кейин, уйдаги юмушлар яна ҳам кўпайди. Қайнисинглим жуда бўлмаганда сигир-бузоқларни, томорқа ишларини эплаб турган экан. Буни тўй ўтгандан кейин тушундим. Мен бўлсам ош-овқатга қарашмаяпти, деб қайнисинглимга аччиқ-чучук гаплар айтиб, бир неча марта зарда қилиб улгургандим. Шу сабаб у билан орамиз анча совуқлашиб қолганди. Қайнонам мени хушламай қолганига ҳам балки, ёлғизгина қизига яхши муомала қилмаганим сабаб бўлгандир...

Бир куни эрталабдан нон ёпиб, кир ювдим. Ҳовлидаги супир-сидирларни саранжомладим. Тушга яқинлашганда жуда чарчаб, ҳолдан тойдим.

Шу пайт қайнисинглим кириб келди. Қайнонам қизини кўриб, севиниб кетди. Менинг эса елкамга яна битта тоғ қулагандек бўлди. Ахир меҳмонга бирорта таом пишириш керак эди-да. Қайнисинг-лим билан хушламайгина кўришдим. Дастурхон ёзиб, чой қўйдим.

- Нафиса, ўтиринг, ўзингиз ҳам чой ичиб олинг, бугун анчагина чарчадингиз, - деди қайнонам. - Кейин Зулфия билан бирорта овқатга уринасизлар...

- Сизлар ичаверинглар, мен овқатнинг ҳаракатини қилай, - дедим, қовоғимни осилтириб.

- Қўйинг, овора бўлманг келинойи, келинг биз билан ўтиринг, - деб ёнидан жой кўрсатди қайнисинглим. Мен ҳеч нарса демай, ошхонага бурилдим. Шу пайтда она-бола кўзимга балодай кўринишаётганди.

Ошхонага кириб, қозонни газга қўйишим билан ортимда ўғлим Фарҳод кириб келди.

- Ойи, сув ичаман, - деди у қўлчаларини менга чўзиб.

- Бор-е, ўйнаб тур, - деб ўғлимни нари сурдим.

У хархашасини қўймай этагимга ёпишди. Бу вақтда Гулсевар қизим бувиси билан аммасининг ёнида эди.

- Гулсевар! Укангга қара! - дедим дераза оша, ташқарига юзланиб.

- Бор, Зулфия, Фарҳодни олиб тургин, келинойинг бугун жуда чарчади, - деди қайнонам қайнисинглимга.

- Ҳозир шу овқат шарт эмасди, ойи, ўзи кейинги пайтларда ҳеч нарса егим келмай юрибман, - деб норози тўнғиллади Зулфия. Шу гап юрагимни тилиб ўтди.

- Гулсевар! - деб бақирдим. Қизим чўчиб мен томонга юзланди-ю, аммо дарров ёнимга чопиб келмади. "Аммангга ўхшамай ўлгур", деб ўйларканман, асабийлашганимдан қўлларим титраб кетди.

- Нега чақирганда келмайсан, ҳайвон! - дея бақирдим-у, мен тарафга юзланган қизимга олдимда турган санчқини отиб юбордим...

Гулсевар чинқириб йиғлаб қолди. Ҳушимни йиғиб ташқарига отилдим. Чиққанимда боламнинг кўзидан қон оқаётганди. Зулфия "Тез ёрдам"га қўнғироқ қилди. Қайнонам калишини ҳам киймай, машинаси бор қўшнининг уйига югурди. Қизим касалхонага етиб боргунча оғриқдан ҳушини йўқотди.

Врачлар югуриб-елиб қўлларидан келганча ҳаракат қилишди. Аммо Гулсеварнинг кўзига зарб билан теккан санчқи кўз гавҳарига шикаст етказиб бўлган экан...

Ўз қўлим билан боламни битта кўзидан жудо қилгандим... Дадаси иккимиз қанчалик куюнмайлик, энди қизимнинг кўзини жойига қайтара олмасдик. Қизимни операция қилиб, шиша қорачиқ қўйиб беришди.

Мана ўн икки йилдирки, "ўша куни нега қайнонам билан қайнисинглимга аччиқ қилдим, нега аламимни боламдан олмоқчи бўлдим", деб ўзимни тинимсиз койиб яшаяпман. Аммо фойдаси йўқ...

Қизимнинг бўйи етгани сайин, кўзларига тик қарай олмаяпман. Турмушга узатадиган вақтимиз ҳам яқинлашяпти. Қизим рўзғор ишига пишиқ-пухта бўлиб ўсди. Аммо кўзи нуқсонли бўлиб қолди... Шу ўкинч юрагимни кемиради. Эҳтимол Гулсеварнинг ўзи ҳам ич-ичидан сиқилса керак, лекин билдирмасликка ҳаракат қилади.

Газета ўқувчиларига бу воқеани ҳикоя қилишимдан мақсад, ёш оналарга ва келинларга бир гапни айтмоқчи эдим: бировдан аччиқланиб, болангизга заҳрингизни сочманг. Акс ҳолда менга ўхшаб бир умр азобда яшашингизга тўғри келиши мумкин.

Онанинг изтиробларини Чаманой ёзиб олди.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди