Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№25, 18.06.2015

Ҳаёт - ибрат мактаби

МАКТУБДАГИ КЎНГИЛ ФАРЁДИ...

Касбимиз тақазоси билан турли жойларда бўлишга, турли тоифадаги одамлар билан суҳбатлашишга тўғри келади. Яқинда туманимиздаги маҳаллалардан бирида ёш бир аёл билан суҳбатлашдим. Хали йигирма бешга тўлмаган бу аёлнинг юз-кўзларидан қалби изтиробга тўла эканлигини англаб олиш қийин эмасди.

У билан суҳбатимиз узоқ бўлмади. У менга бир нечта дафтар варағига ёзилган хатни бериб, бу битикларимни ўқиб кўрсангиз, агар маъқул топсангиз газетада чоп этинг. Зора, менинг аянчли ҳаётим кимларгадир сабоқ бўлса, ушбу мактубни ўқиган айрим эътиборсиз ота-оналар қизларининг тақдирига бефарқлик, уларни бахтсиз қилиб қўйишлигини англаб етсалар, дея гапни қисқа қилди.

Мактубга кўз югуртирдим. Анча саводли, мулоҳаза билан ёзилган. Мактубни бир кўнгилнинг фарёди, деб аташ мумкин. Чунки мактуб кишини ҳушёр торт¬тиради, мулоҳаза юритишга, огоҳ бўлишга ундайди. Шунинг учун ҳам ушбу мактубни борича сиз азиз муштарийлар эътиборига ҳавола этишга жазм қилдик.

" ... Коллежни битиришим арафасида уйимиздан совчилар аримай қолди. Ҳаммасига рад жавобини бердим. Чунки олийгоҳга кириб ўқиш ниятим бор эди. Ота-онам менга шарт қўйишди: "Шу йил ўқишга кирсанг, кирдинг, агар киролмасанг, биз айтган йигитга турмушга чиқасан", Мен рози бўлдим. Негаки, албатта, ўқишга кираман, деб ўзимга ишонардим.

... Афсус, ўқишга кира олмадим. Ота-онам мени узатиш тараддудига тушишди. Уларнинг қистови билан куёв бўлмиш йигит билан учрашувга чиқдим. Тўғриси, куёвни кўриб, ҳеч йўқ ўқишга кира олмаганимга яраша турмушга чиқсам, бахтли бўларман, деган умидим ҳам пучга чиқди. Унинг қизариб кетган, одамга маъносиз боқувчи кўзлари, ҳар бир сўзни чўзиб гапириши ғашимни келтирарди. Икки марта учрасак-да, ҳеч гапимиз қовушмасди. Уйдагиларга йиғлаб "тўйни тўхтатинглар", бу йигит ғалатироқ экан, дедим. Бироқ ота-онам менга қулоқ солишмади. Оиласи, ота-онаси яхши одамлар экан. Сўз бериб қўйишган эмиш.

Хуллас, тўй бўлиб ўтди. Тўйдан бир ҳафта ўтгач, умр йўлдошимнинг ғужанак ҳолда ётганини кўриб, "дарди бор экан" деб қўрқиб кетдим. У оғрияпман деди-ю, кечгача шу алфозда ётди. Кечқурун қаёққадир кетди. Эрталабга яқин кўзлари сузилиб қайтиб келди. Уйдагиларга индаманг деди-ю, ётиб ухлаб қолди. Шунда ўйланиб қолдим, тўйдан олдин ҳамма келин-куёвлар тиббий кўрикдан ўтар эди. Нега биз ўтмадик. Ота-онам, ҳеч ким бу ҳақда гапирмади ҳам. Кейинроқ эримдан бу ҳақда сўраганимда, онам таниш шифокор билан гаплашиб, ҳамма қоғозларни тўғрилаб қўйган, деди.

* * *

Қисқаси, турмуш ўртоғим юқоридаги каби ҳолатга тез-тез тушиб қолар, уйдан чиқиб кетиб, туни билан қайтмас эди. Суриштирсам, жаҳли чиқарди. Охири қайнонамга айтдим. "Ҳа энди, йигитчиликда" дея у ҳам гапимга эътибор бермади. Унинг кўзларини олиб қочишидан бир нарсани билишини сездиму, сўрай олмадим.

Бир куни яна ғужанак бўлиб ётганича мендан пул сўради. "Ёмон оғрияпман, дори олиб келишим керак", деди. "Уйда дорилар борку, қаерингиз оғрияпти?" десам, " менга керакли дори уйда йўқ, тез бориб уйингдан пул олиб кел", деди. Қайнонам ҳам уйда йўқ эди. Шошилиб уйимизга бориб онамдан пул олиб келиб бердим.

Бу каби пул сўрашлар яна такрорланавергач, дадам шубҳаланиб сўради.

- Куёвинг қанақа касал ўзи? Тинмай дори ичадими?

Мен унинг ҳолатини айтгандим, дадам бошини чангаллаганига ўтириб қолдида, "Гиёҳванд эканда ҳароми", - деди.

Дадамнинг сўзини эшитиб қотиб қолдим. Наҳотки, мен бутун орзуларимни шу нашавандга алмаштириб яшаб юрган бўлсам?! Менинг эртанги куним қандай кечади?

Шу кундан бошлаб эримдан, оиламдан, умуман ҳамма нарсадан нафратланиб яшай бошладим. Ҳаётга бўлган қизиқишим, орзуларим ҳам сўнди.

Мен тирик мурда бўлиб қолгандим. Эримнинг эса парвойи палак, пул топишни, чекиб кайфини суришни ўйлайди.

Бир куни пул топиб бер деб қаттиқ калтаклади. Қўлидан чиқиб қочаман, дегандим орқамдан тепиб юборди. ..тубан ҳолда цементга йиқилдим. Кейин нима бўлганини билмайман. Ўзимга келганимда касалхонада ётардим. Вужудимдаги, айниқса, қорнимдаги оғриқдан сездимки, менга нимадир бўлган.

Бошимда йиғлаб ўтирган онам анчадан кейин айтди. Ўша куни йиқилганимда ҳомилам нобуд бўлган экан. Жарроҳлик йўли билан олишибди.

Касалхонада анча ётдим. Эрим ҳам, қайнонам ҳам бирор марта бўлсин хабар олишмади. Қайтанга қайнонам бехуш бўлиб ётганимда "Уйидан тинмай пул олиб келиб бериб, ўғлимни шу йўлга ўзи бошлади", деб мени айбдор қилиб, онам билан уришибди.

Тузалиб чиққач, ота-онамнинг маслаҳати билан юкларимни олгани келинлик уйимга бордим. Ишонсангиз, уйим ҳувиллаб ётибди. Мебелларим, ишлатилмаган пар болиш, кўрпа-тўшаклар, гиламларим йўқ эди. Дардим ичимда қолди. Бизни келишимиздан хабар топган қайнонам қайёққадир кетибди, анча кутдик келмади. Ўғли эса тошдек қотиб ухларди, уни уйғотишнинг иложи ҳам, фойдаси ҳам йўқ эди. Йиғлаб-йиғлаб, беш-олтита кўрпа-тўшак ҳамда кийимларимни олиб ота уйимга қайтиб келдим.

Аввал бошиданоқ ёлғон, кўнгилсизлик билан бошланган турмушнинг охири вой, деганлари рост экан. Тўйдан олдин эримни бир фирмада ишлар экан, топарман экан, дейишганди. Ота-онам танишларининг гапларига ишониб, ҳатто мен тўйни тўхтатинглар, деганимда ҳам уни суриштириб кўришмаган эди.

Кейин билдимки, эрим ҳеч қаерда ишламас, фақат чекиб, ичиб, уйидаги турли буюмларни сотиб, гаровга қўйиб, устидан пул олиб юришини бутун маҳалла яхши билар экан.

Дадам бирга ишлайдиган яқин танишининг жияни бўлган эримнинг қилмишларидан қаттиқ изтироб чекди. Менинг олдимда ўзини айбдор ҳисоблаб, кўзимга қарай олмасди. Оғир хасталикка чалиниб қолгани эса ўлганнинг устига тепган бўлди. Дадамнинг дориларига ҳам пул йўқ. Чунки онам ишламайди, сингилларим эса хали ёш. Менинг ҳам қўлимда бирор ҳунарим йўқ эди. Эримни судга бериб, нарсаларимни ундириб олай, дейман-у, яна ўйланаман. Отасиз ўсган, онаси нафақада бўлса, ўзи ишламаса, қандай қилиб ҳам тўлайди? Ўйлайвериб бошим қотди. Онам бечоранинг сиқилаверганидан тез-тез қон босими кўтарилиб туради.

Гоҳида бошимни олиб бир жойларга қочиб кетгим келади. Лекин қаерга ҳам бораман? Ғўрлигим туфайли бир гиёҳванд¬нинг қурбони бўлдим. Ота-онам, қайнонам эса лоқайд¬лик қилишди. Оқибатда эрим жар ёқасида, мен эса аросатдаман. Фарзандим нобуд бўлди. Хуллас, менинг ёзганларим одамларга сабоқ бўлсин. Ҳеч бир қизнинг бошига менинг куним тушмасин".

Мактубни оққа кўчирувчи Раҳима АБДУРАҲМОНОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди