№25, 18.06.2015 Ҳикоя
НОМУС
Юсуфбек хиёл эгилган қаддини тиклаб, ўрнидан турди. Ичидан келаётган ғазабини босиш илинжида ёмғир томчилари урилаётган дераза ёнига келди. Ойна тирқишидан кираётган совуқ эпкиндан сал ўзига келгандай бўлди. Хонадаги сукунатни Ҳурриятнинг "ҳиқ-ҳиқ"игина бузиб турарди.
Орадан ўн дақиқача вақт ўтди. Иккисидан ҳам садо эшитилмади. Ахийри Юсуфбек чидамади, эшикка йўналди.
- Кетманг!
Ҳурриятнинг бўғиқ овози унинг қалбини ларзага солди. Шарт ортига қайтиб, Ҳурриятни бағрига босгиси, эрта оқ оралаган сочларини силаб юпатгиси келди. Томоғига тиқилган йиғини зўр-базўр ичига ютдию, эшикни очиб ташқарига отилди. Ичкаридан Ҳурриятнинг аламли йиғиси эшитилди.
Юсуфбек юриб эмас, югуриб кетди. Ҳуррият ортидан қувиб етиб келиб, осилиб олишидан қўрққандек югурди. Машинасига ўтира солиб, газни босди. Совуқдан дийдираган танасида оғриқ турди. Бор кучини тўплаб, олға интилди. Шу тариқа амаллаб уйига етиб келди. Машинадан зўрға тушиб, дарвозани очди. Бутун бошли ҳовлини айвондаги ягона чироқ ёритиб турарди. Тарақ-туруқни эишитиб, аввал дадаси, кейин онаси чиқди.
- Болалар қани? - Юсуфбек ота-онасига ҳолатни сездирмаслик учун бардам гапирди.
- Катта уйда ухлаб қолишди, безовта қилмай қўя қол, - деди онаси.
Юсуфбек уйга кира солиб, вужудини эзғилаётган толиқишни унутиш учун кўзларини юмди. Бироқ хотира кучли келди, кўзини очиб шифтга тикилди. Гўё у ердан Ҳуррият қараб тургандай бадани жимирлади.
Орадан етти йил ўтиб, уни бу аҳволда кўриш Юсуфбек учун оғир эди, ахир қандай гўзал эди унинг Ҳуррияти... Шу туфайли Юсуфбекка бировнинг ҳаваси келса, бировнинг ҳасади келиб юрарди. Севиб-севилиб турмуш қуришди. Бахтлари қўшалоқ келиб, икки ўғилли бўлишди. Бу шодумонликнинг чегараси йўқдай эди. Нимаям бўлдию, Юсуфбек қандайдир балойи дардга учраб, ҳаммаси чилпарчин синди. У кундан-кун ориқлаб, охири ётиб қолди. Егани ботмас, худди ошқозони қонаётгандай, тинмай қон тупурарди. Уйдан касалхонага, касалхонадан уйга кўчавериб жонидан тўйди. Ҳуррият икки йилгача миқ этмай касалини боқди. Қайнота-қайнонасига, ака-ука, опа-сингилларига ҳам бермади уни. Оқ ювиб, оқ таради. Дурбек билан Ойбекни ҳам ўкситмади. Ўша дамларда Юсуфбек хотинининг меҳру муҳаббати учун ич-ичидан тасанно айтар, унинг оппоқ, чиройли қўлларини юзига босиб, миннатдорчилик билдирарди. Хотинининг қўллаб-қувватлаши туфайли касалликка бўйин эгмасди. Аммо мана шу оғриқли бахт ҳам узоққа чўзилмади. Касалхонада ётганларида Ҳуррият ўзгара бошлади. Тўғри, меҳрибончилик ўша-ўша, бироқ худди биров мажбурлаётгандай муомалада бўларди. Мажбурлик аста-секин совуқликка айланди. Тез-тез йўқолиб қоладиган, ташқарида кимлар биландир соатлаб суҳбатлашадиган одат чиқарди. Юсуфбек хотинидан ҳеч нарса сўролмас, худди ёш боладай жовдирарди. Хотинидаги ўзгариш унга кучли таъсир қилди. Касали зўрайди. Дўхтирлар "уйга олиб кетинглар", дея унга жавоб бериб юборишгач, уйга келиб ҳам вазият ўзгармади. Ҳуррият ҳеч кимдан сўрамай қаёқларгадир кетиб қолар, сўроқларга асабий жавоб берар, ҳатто болаларига ҳам аввалги муносабати йўқолиб бораётгандай эди. Юсуфбек хотинига малол келаётганини англаб етди. Тезроқ бу дунёдан кетгиси келди. Зўрма-зўр қабул қилаётган дорилардан ҳам, ов¬қатдан ҳам юз ўгирди. Икки фарзандининг тақдирини ота-онасига топшириб, сўнгги кунларини кута бошлади. Ана шундай кунларнинг бирида Ҳуррият қаёққадир кетиб, қайтиб келмади. Бир кун, бир ҳафта, бир ой... Юсуфбек ҳаммасини англади, ҳеч кимни сўроққа тутмади. Фақат аяларини соғиниб ичикаётган ўғилларига қараб юраги эзилди.
Юсуфбек тирик мурдага айланди. Муштипар она сочларини ёйиб дод солди:
- Жон болам, жоним болам, сен ўлгунча мен ўлай! Болаларингни кимга ташлаб кетасан? Онасиз қолгани етар, отасиз қолдирмагин! Менга раҳминг келсин, онангга ичинг оғрисин, болам!...
Онасининг қучоғида тебранаётган Юсуфбек ғалати ҳолга тушди. Ичига худди ўткир тиғ ботаётгандек қаттиқ азобланди. Туйқусдан дод деганча кучсиз гавдасини илк бор адл кўтарди. Онаси қўрқиб кетди, дадаси шошиб келиб, унинг елкасидан босиб жойига ётқизди. Юзини тер босди, кўз олди эса ажиб нурга тўлди. Ажабо, онанинг ноласи уни ҳаётга қайтарганди. Энди у ички ўжарлик билан касалликка қарши исён кўтарди, яшаш учун курашни бошлади.
Бу орада яна бир йил ўтди. Асталик билан беморлик тўшагини тарк этди. Аввалги Юсуфбекка, гўзал Ҳурриятнинг севимли Юсуфбегига айланди. Афсус, энди ёнида Ҳуррияти йўқ эди...
Ишга қайтди, дўстлари қаторига қўшилди. Аммо хотини ҳақида ҳеч кимдан сўрамади. Ҳурриятни қоралашни, уни "ёмон хотин" деган тасаввурга боришни истамасди. Нимагадир унинг қилмишини хиёнат деб қабул қилмасди.
У яқинда Ҳурриятни ота уйига қайтибди, лекин ота-онаси, яқинлари уни кечиришмабди, уйга ҳам киргизишмабди, ҳозир қишлоқнинг четидаги ёлғиз кампирнинг уйида ётиб юрганмиш, деган гапни эшитдию, ичига ўт тушди. Шу кунгача юрагини кемираётган саволларга жавоб топгиси келди. Шунинг учун излаб топди. Уни кўриб Ҳуррият ҳайкалдек қотиб қолди. Балки соппа-соғ эканига ҳайратлангандир?! Юсуфбек уни дафъатан таний олмади, аввалги гўзал чеҳрадан ном-нишон йўқ, фақат кўзлари ўша-ўша эди.
У ўзини оқламади, пушаймон эканини сездирмади.
- Болаларимни менга беринг, сиз уйлансангиз, яна болали бўласиз, - деди ҳиссиз, илтижосиз.
Юсуфбекнинг юзига қон юрди. Қилмишидан уялиш ўрнига талаб қилгани унга оғир ботди.
- Етти йил бурун қаерда эдинг, шу аҳволга тушишингни ўйлаганмидинг? Сен оналикка нолойиқсан! - дея аччиқ-аччиқ гапирмоқчи бўлдию, аммо гапиролмади. Аслида Ҳуррият астойдил тавба қилса, кечиришни бугунгача умид қиларди. Бироқ илк бора Ҳурриятни бутунлай йўқотганини ҳис қилди. Йиғиси юзини юваётган Ҳурриятдан нафратланди.
Юсуфбек ўтган кунларини ўйлай-ўйлай уйқуга кетди. Уйғонганида шов-қин-сурон қулоғига чалинди. Ўрнидан туриб, апил-тапил кийинди-да, ташқарига югурди. Ҳовлининг ўртасида Ҳуррият икки ўғлини дарвоза томон судрар, онаси уларнинг йўлини тўсиб, фарёд урарди. Юсуфбек отилиб бориб, Ҳурриятнинг қаршисидан чиқди. Ўғилларини шартта кўтарди-да, икки қўлтиғига қисиб, уй томон юрди.
- Жон Юсуф ака... менга беринг уларни, мен ёлғиз қолмай, ҳеч бўлмаса, сизнинг раҳмингиз келсин менга...
Юсуфбек таққа тўхтади. Ўғилларига:
- Боринглар аянгизга, у сизларни яхши кўради, - деди лабларини қаттиқ тишлаганча. Онаси дод деб Юсуфбекка ташланди. У илк бор онасини ўзидан нари итарди. Ўғиллари аяларига қарамади ҳам, унинг оёқларига ёпишиб:
- Дадажон, кетмаймиз ҳеч қаёққа! - деб бўзлашди.
Юсуфбекнинг кўзларига ёш тўлди. Чўкка тушиб, болаларини бағрига босди. Йиғлаётганини кўрсатмаслик учун юзини уларнинг пинжига яширди.
Ҳуррият бир дақиқа серрайиб турди-да, афтодоҳол аҳволда ортига қайтди. У тобора узоқлашар, Юсуфбек икки ўт орасида ёнар, уни қайтаргиси, кечиргиси келар, аммо нимадир йўл бермасди.
Матлуба ЮСУФ ОХУН.
|