№37, 10.09.2015 У қўшиқ энг буюк бир кундир
Болам, бир қўшиқ бор дунёда, болам,
Илк бора отадай айтайин уни.
У қўшиқ энг буюк бир кундир -
Жаҳон шоирларин туғилган куни.
Болам, бир қўшиқ бор дунёда, болам,
Унинг офтобидан руҳингни бойит.
У қўшиқ энг буюк бир ойдир -
Жаҳон халқларининг туғилган ойи.
Болам, бир қўшиқ бор дунёда, болам,
Унинг куйларидан чиқсин-да тилинг.
У қўшиқ энг буюк бир йилдир -
Жаҳон ватанларин туғилган йили.
Болам, бир қўшиқ бор дунёда, болам,
Ҳаёт кўкраклари туради ийиб.
Болам, у қўшиқни аёллар ҳар кун
Қуёшнинг сутига олади чайиб.
Эшқобил ШУКУР.
|