Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№37, 10.09.2015

ҲИКОЯ

Эндер Холиқ ДЕРИНЖЕ.

ҲАҚИҚИЙ МУҲАББАТ

Эрим муҳандис. Унинг хотиржам, мулойим табиатини севганим учун у билан турмуш қургандим. Бу хушфеъл эркакнинг кўксига бош қўйиб қалбим оташда ёнарди. Не ажабки, икки йиллик ошиқ-маъшуқлик ва беш йиллик турмушдан кейин эримнинг мулойим феъли менга ёқмай қолди.

Эримнинг - бир пайтлари мен қаттиқ яхши кўрган хусусияти энди ғашимга тегаётганди. Жуда ҳиссиётга берилувчан аёлман. Шу сабабли ҳам эримнинг "ичимдагини топ" феъли, севгисини изҳор қилмаслиги ва турмушимизга тушган совуқчилик мени муҳаббатдан узоқлаштириб юборди. Охири эримга қароримни очиқ айтдим: мен узил-кесил ажрашишга аҳд қилгандим. Эримнинг ҳайратдан кўзлари қинидан чиқиб кетди.

- Нега?! - деб сўради.

- Бундоқ олганда аниқ бир сабаб йўқ, - дедим ўзимни бепарво тутиб. - Шунчаки бу ишқсиз турмушдан чарчадим.

Тун бўйи бир сўз демади. Ўйлаётганди. Бу ҳоли ҳам тушкунлигимни орттирди. Ҳис-туйғусини, ғам-ташвишларини билинтиришни ожизлик деб тушунадиган одам билан яшардим. Шу пайтгача бирор марта ҳис-туйғусини очиқ ифодаламаган одамдан нима ҳам кутардим?!

Ниҳоят тилга кирди:

- Фикрингдан қайтишинг учун нима қилишим керак?

Ҳа, инсоннинг феъли ҳеч қачон ўзгармайди, деганлари рост экан. Сўнгги илинж-истакларим ҳам сўниб бораётганди.

- Саволингизнинг жавобини ўзингиз топиб, кўнглимни ишонтиролсангиз қароримдан воз кечаман. Биласизми, севгингизни исботлаш учун нима қилишингизни истайман? Тоғдаги жарлик тубида бир гўзал гул ўсади. Ҳаётингизни хавфга қўйиб бўлса-да, ўша гулни мен учун узиб олиб кела оласизми?

Юзимга диққат билан тикилди:

- Бунинг жавобини сенга эртага айтаман, - деди.

Охирги жумлалари сўнгги йилтиллаб турган умидларимни-да ўлдирди. Эртаси куни тонгда уйғонганимда, эрим уйда йўқ экан. Сутдан бўшаган шиша идишни ошхонадаги овқатланиш столига қўйиб, олдига бир хат қолдирибди.

- Севгилим, - дея бошланарди нома. - Сен хоҳлаган гулни сен учун узиб келардим, аммо юрагим бунга йўл қўймади. Чунки ҳар доимгидек компьютерни остин-устун қилиб, бузиб қўйганингдан кейин монитор олдида йиғлаб ўтирганингда, уни тузатиб бериш учун қўлларим керак бўлади.

Калитларни уйда унутиб қолдирганингни билиб, кўчада кутиб қолишингдан хавотир олиб сендан аввал уйга келиш учун оёқларим керак бўлади. Машина ҳайдашни яхши кўрасан, аммо нуқул шаҳарда адашиб юрасан. Сенга йўлларни кўрсатишим учун кўзларимга эҳтиёжим бор. Уйда ўтиришни яхши кўрасан. Зерикмаслигинг, бекорчи нарсаларга ўралашиб қолмаслигинг учун ҳикоялар айтиб беришим керак. Бунинг учун эса тилим бўлиши керак. Эртадан кечгача компьютерга қарайверганингдан кўзларинг чарчаса, нури хиралашса, кексайганимизда зинадан пастга тушаётганингда қўлларингдан тута олишим, гулларнинг ранги ёшлигингда сенинг юзинг рангидек эканини айта олишим учун кўзларимга эҳтиёжим бор. Аммо сени мендан ортиқ севадиган одам бўлса, ўша сен айтган жарликдаги гулни сен учун узиб келаман, ягонам...

Мактубни ўқир эканман, кўз ёшларимни тўхтатолмасдим. Ўқишда давом этдим.

... Буларни ўқиганингдан сўнг, кўнглинг менга ишонса, илтимос, эшикни оч, жоним. Сен яхши кўрадиган кунжутли нон ва янги соғилган сут билан эшик ортида кутяпман..."

Ҳаяжон билан эшикни очдим. Эрим хавотир ва ҳижолатли алфозда қўлидаги халтани маҳкам тутганча эшик ортида турганди. Энди ишончим комил эди: мени эримдан бошқа ҳеч ким бу қадар кучли муҳаббат билан севмасди. Жарлик тубидаги танҳо гулни ўз жойида қолдиришга қарор қилдим. У севгисини исботлашга уринган бошқа ошиқларга керак бўлар. Мен эса чин муҳаббат шаробидан масту масъудман...

Турк тилидан Умида АДИЗОВА таржимаси.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди