№38, 17.09.2015 ҚАЛБИНГИЗНИ ТЎЛҚИНЛАНТИРАДИГАН БЕШ ҲИКОЯ
Қуйида сизнинг эътиборингизга хавола этаётган кичик ҳикояларимиз узоғи билан 5-10 дақиқа вақтингизни олади. Ишонамизки, бу кичик ижод маҳсуллари сизни мушоҳадага чорлайди, ҳаётга бўлган қарашингизни бироз бўлса-да, ўзгартиради. Уларнинг ҳар бирида ўгит яширин. Яхшиси, ана шу ҳикояларни ўқиб, ўзингиз хулоса қилинг.
БИРИНЧИ ҲИКОЯ
Кунларнинг бирида сичқон ферма хўжайини қўйган қопқонни кўриб қолди. У бу ҳақда қўйга, товуққа ҳамда сигирга айтиб берди. Аммо улар: "Қопқон бизнинг муаммоимиз эмас. Унинг бизга ҳеч қандай алоқаси йўқ", деб жавоб қайтаришди.
Кунлардан бирида қопқонга илон тушиб қолди ва хўжайиннинг хотинини чақиб олди. Хотинининг танасидан илоннинг заҳрини чиқариб ташлаш ва унга қувват бўлади, деган умидда фермер товуқни сўйди-да, ундан хотинига товуқ шўрва тайёрлаб берди. Касалманд хотинини кўришга келаётганлар олдида уялиб қолмаслиги учун қўйни сўйди ҳамда унинг гўштидан турли таомлар тайёрлаб, меҳмонларни кутиб олди. Аммо афсуски, хотини вафот этди. Маъракани ўтказиш учун хўжайин сигирни ҳам сўйишга мажбур бўлди.
Бу воқеаларни кузатиб турган сич- қон шундай хулосага келди: бу ҳаётда ҳеч ким ҳеч нарсадан ҳимояланмаган, шу сабабли бошқанинг муаммосига бефарқ бўлмаслик керак.
ИККИНЧИ ҲИКОЯ
Бургут баланд бир дарахтда дам олиб ўтирган эди. Унинг бу ўтиришини кўрган қуёнча бургутдан сўради:
- Худди сендек ҳеч нарса қилмай, бамайлихотир ўтиришим мумкинми?
- Албатта, мумкин, нимага йўқ экан, - деди бургут.
Қуён дарахтнинг тагига ўтириб дам ола бошлади. Шунда қаердандир тулки пайдо бўлди-ю, уни ушлаб, еб қўйди.
Қиссадан ҳисса: агар сен ҳеч иш қилмасдан бемалол ва хотиржам бўлишни хоҳласанг жуда-жуда юқорида ўтиришинг керак.
УЧИНЧИ ҲИКОЯ
Кунларнинг бирида бир фермада от касал бўлиб қолди. Уни кўргани келган ветеринар:
- Агар эрталабгача оёққа турмаса, уни сўйишга тўғри келади, - деди. Эрталаб эса от ўрнидан турмади. Унинг ёнида турган қўй:
- Қани, биродар, ўрнингдан тур! Акс ҳолда улар сени сўйишади, - деди отни ниқтаб.
От бор кучини тўплади-да, ўрнидан турди.
Эрталаб келиб, ҳолатни кўрган фермер:
- Мўъжиза юз берибди. Бундай бўлиши мумкин эмас эди. От тузалибди. Бу воқеани дарҳол байрам қилиш керак. Шу боис қўйни сўямиз! - деди.
Қиссадан ҳисса: ҳеч қачон ўйламасдан бирор иш қилмаслик керак.
ТЎРТИНЧИ ҲИКОЯ
Уч киши тош ташиётган эди. Уларнинг биридан сўрашди:
- Умуман олганда, бу ерда нима қилаяпсан?
У пешонасидаги терни артиб, жавоб берди:
- Мана шу меҳнатим туфайли қаддим букилиб, оғир кунларга қолиб кетдим.
Иккинчисининг олдига бориб ундан сўрашди:
- Сен нима қилаяпсан?
У енгларини шимарди-да, қаддини кўтариб, ғурур билан жавоб берди:
- Пул ишлаяпман. Бу ерда бошқа нима ҳам қилардим?
Кейин учинчи кишидан сўрадилар:
- Сен нима иш қилаяпсан?
У жилмайди-да, жавоб берди:
- Одамлар учун иморат қураяпман.
Қиссадан ҳисса: ҳамиша қилаётган ишингни яхшиликка йўйсанг, албатта, раҳмат оласан, умрингда маъно бўлади.
БЕШИНЧИ ҲИКОЯ
Кунларнинг бирида таксистга машҳур миллионерлардан бирини қаергадир олиб боришга тўғри келди. Ҳалиги миллионер машинадаги ҳисоб-китоб ускунасига қараб, аниқ кўрсатилган пулни тўлади.
Шунда киракаш сўради:
- Кеча ўғлингизни олиб келиб қўйгандим. У менга чойчақа сифатида 100 доллар берганди. Сиз бўлсангиз, тийин- тийинигача ҳисоб-китоб қилиб ўтирибсиз.
- Нима ҳам дея олишим мумкин. Ўғлимнинг миллионер отаси бор, мен эса етимман.
Қиссадан ҳисса: фақат пешона тери билан меҳнат қилган одамгина пулнинг қадрини билади.
Муаззам ИБРОҲИМОВА
тайёрлади.
|