№45, 05.11.2015 МЕҲР - КЎНГИЛГА МАЛҲАМ
Робия опа уч қизни дунёга келтирди. Афсус, кичик қизи Раъно ногирон бўлиб туғилди. Бугун улар меҳмонга боришмоқчи. Робия опа кириб қизларига:
- Қизлар, бугун меҳмонга борамиз - деди.
Ҳамма хурсанд. Раъно ҳам хурсанд. Қўларини типирчилатиб қимирлатарди. Аммо тура олмасди. Унинг ҳам қувонишга ҳаққи бор ахир. Шу пайт Гулнора:
- Менинг туфлигим йўқ. Янги олиб берасиз! - дея хархаша қилди. Ноилож онаси бозорга боришга тайёрланди. Раънонинг ёнига келиб:
- Асал қизим, бироз ўтириб тур, биз дарров келамиз, - деди.
Аравачада ўтириб расм чизаётган Раъно:
- Хўп, аяжон, - дея жавоб қилди.
Гулнора уялиб кетди. Чунки синглиси оёқ кийими кия олмасди. Бирдан:
- Ойи, бормаймиз, - деб синглисининг ёнига келди. Кунини у билан ўтказишга қарор қилди. Синглиси билан биргаликда расм чиздилар. Сайр қилдилар, суҳбат қурдилар. Синглисининг сочларини ювди. Тараб, ўриб қўйди. Шунда Гулнора синглисига боқиб:
- Раҳмат, сенга, - деди.
- Нима учун? - сўради синглиси.
- Ҳаётни тушунишга ёрдам берганинг учун, - деди опаси.
Улар бир-бирига қараб жилмайиб қўйишди.
Бу табассумда иккисининг ҳам ҳаётга бўлган муҳаббати, тақдиридан ризолиги мужассам эди.
Ирода ОРИФЖОНОВА, Балиқчи туманидаги 3- умумтаьлим мактаби ўқувчиси.
|