Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№5, 28.01.2016

Турмуш чорраҳаларида

БИР УЙДАГИ БЕГОНАЛАР

- Кетяпман. Яхши қолинглар. Бирор нима керак бўлиб қолса қўнғироқ қиларсан...

- Яхши боринг, дадаси. Иш кунингиз хайрли кечсин!..

Шоҳида эрини ишга кузатиб, эшикни ёпаркан негадир кўнгли ғашланиб, томоғини ачимсиқ нарса куйдирди. "Кошкийди кўнглимда сизга нисбатан қандай ҳис-туйғулар борлигини билсангиз? Қанийди, сиз ҳам мени мен севганчалик севсангиз..."

Жувон ёноғига думалаган ёшни шоша-пиша сидириб, ошхонада нонушта қилаётган болаларига овоз берди:

- Алишер, Насиба, бўла қолинглар, кечикяпмиз.

- Ойи, қачон бувимникига борамиз? - Тўрт яшар қизчаси энтикиб қаради. - Бувимни соғиндим.

- Борамиз қизим, борамиз. Даданг ишларидан рухсат олсалар, албатта борамиз. - Шоҳида қизчасининг жажжи қўлчалари, лабларини артиб қўяркан, бояги дилхиралиги тумандай тарқаб кетди. "Бахтиёр ака мени севмаса-да, фарзандларини жонидан ортиқ кўради. Фарзандлар оилани мустаҳкамлайди. Ўн икки йил бирга яшаб, эримдан энди севги-муҳаббат истаб ширин ҳаётимни заҳар қиламанми?.."

Йўл-йўлакай ўғлини қайиноғасиникига ташлаб, қизчасини боғчасига қўйиб ишга кетди. Ишхонада ҳамкасб дугонаси Лайлонинг йиғлаб ўтиргани устидан чиқди. Юраги бир қалқиб секин дугонасининг елкасидан қучди:

- Нима бўлди, Лайло? Нега эрталабдан йиғлаяпсиз?

- Кечиринг, Шоҳида. - Лайло дастрўмоли билан юз-кўзларини артиб, маҳзун жилмайишга уринди. - Ўзимни қўлга ололмадим. Эрталабдан сизнинг ҳам кайфиятингизни буздим. Эътибор берманг...

- Нега эътибор берманг, дейсиз? Бегона эмасмиз-ку? Нима бўлди, айтинг. Балки, бирор ёрдамим тегар. Жуда ёрдам беролмасам, ҳеч йўқ кўнглингиз очилади, дугонажон...

- Шошқалоқлик қилиб эримни ранжитиб қўйдим. Рўзғор экан, бироз етишмовчиликдан қийналаяпмиз. Хабарингиз бор, уй олаётганимизда бироз қарз олганмиз. Қарзларимизни узайлик, деб эр-хотин тиним билмай ишлаяпмиз, аввалгидек катта-катта еб-ичишларни ҳам тўхтатганмиз. Бўйнимизда шунча қарз бўла туриб, қайси кўнгилга сиғади ортиқча сарф-харажат...

- Тўғри айтасиз...

- Ўтган куни қайинопамлар келишувди қишлоқдан. Бетоб эди, шифокорлар операция қилиш кераклигини айтишган экан, "Шаҳардаги дўхтирларга ҳам кўринай" деб келишибди. Бу ердагилар ҳам операция қилиш зарурлигини айтишибди. Ҳозир операциялар ҳам катта пулга қилиняпти, биласиз. Поччамизнинг бироз қўли қисқароқ. Шунга хўжайин "операция тўловини мен тўлайман" дегандилар, қизиққонлигимга бориб жаҳлим чиқди. "Ҳозир аҳволимизни кўриб турибсиз-ку! Нега энди операция пулини сиз тўлашингиз керак? Бу кетишда икки йил емай-ичмай ишлаб қарзимиздан қутуламиз. Сиз тағин нақ икки миллион пулни бўйнингизга олиб ўтирибсиз! Ҳеч кимга пул бермайсиз. Поччангиз қишлоқдаги ака-укаларидан қарз олсин" дедим. Эрим барибир ўз билганидан қолмади. Қайинопамнинг операциясига уч ойлик маошларини ишхонадан ўтказтирдилар. Жаҳл қилиб юравердим. Кеча қайинопам касалхонадан соғайиб чиқдилар. Дастурхон атрофида ўтиргандик, укаларига қайта-қайта раҳмат айтиб, бўйинларидаги тилла занжирни ечиб қизимнинг бўйнига тақиб қўйдилар. "Ўзимга ўхшаган чиройли жиянимга аммасидан совға" деди. Бошимга қаттиқ нарса билан урилгандай бўлди. Уялиб кетдим ўзимдан. Эримнинг кўзларига қараёлмай қолдим. Бугун эрталаб қайинопам билан поччам қайтдилар. Опамнинг юзларига қараёлмай хайрлашдим. Шунга хижолатдан ўзимни қўярга жой тополмай, кўнглим бузилиб турганди...

- Қўяверинг, биз аёллар ўзи шунақа баъзан бесабрлик қилиб қўямиз. Ҳаммаси яхши бўлибди-ку. Муҳими, опангиз соғайибдилар. Пул топилади, дугонажон, одамгарчилик, меҳр-оқибат йўқолмасин.

- Тўғрику-я, эримни кўп ранжитаман-да. Шунисини ўйлаб хафа бўламан. Эрим мени жуда яхши кўрадилар. Билиб-билмай дилини кўп оғритиб қўяман. Инжиқлигим билан кўп озор бераман. Лекин ҳеч қачон феълимдан ёзғирмаганлар. Ҳеч қачон муҳаббатлари бўлинмаган. Баъзан тортишиб қолганимизда жаҳлда тилимни тиёлмай аччиқ гаплар гапираман. Салдан кейин яна ўзим уяламан. Чунки улар ҳеч қачон менга ёмон гапирмайдилар. Баъзан шундай инсоннинг қадрига етмаяпманми, кўп ранжитиб қўйяпманми, деб ўзимдан хафа бўлиб кетаман...

Шоҳидани хаёл олиб қочди. Қулоғига Лайлонинг сўзлари узоқдан эшитилаётгандек туюлди. Ўзини ўйларди. Турмушини, эрини ўйларди у шу топда. Шоҳида ҳам эрини жуда яхши кўради. Аммо бу туйғу севгими ёки йиллар давомидаги оилавий ҳаёт ва фарзандлар туфайли боғланган риштами, аниқ билмайди. Эрини яхши кўради, холос. Эри хушфеъл, кўнгли очиқ, айниқса, болапарвар инсон. Болаларини жуда яхши кўради. Лекин Шоҳидани яхши кўрармикан? Эрининг кўнглида қандай туйғулар бор? Жувон кейинги пайтларда бу саволларни ўз- ўзига кўп берадиган бўлиб қолган. Унинг хаёлида негадир эри ўзгариб қолган. Тўғри, авваллари ҳам эри кечгача ишда қоларди, уйда бўлган пайтлари ҳам икковлари унча кўп гаплашишмасди. Аммо ҳозир эрининг ўзгариб қолгани қандайдир кўнглига шубҳа соляпти. Телефонини рақамлар билан қулфлаб қўяди. Бир-икки оғиз навбатчи жумлаларни ҳисобга олмаса деярли Шоҳида билан гаплашмайди. Баъзан боши оғриётганини айтиб ётоққа кириб кетиб, ҳатто кечги овқатга ҳам чиқмайди. Шоҳида миясида ғуж-ғуж ўйнаётган ўйлардан ғашланиб, ўзини чалғитиш учун қаҳва дамламоқчи бўлди. Электр чойнакка сув қўйиб, идишларни чайишга тутинди.

- Ўзингизда нима гаплар, Шоҳида? Нимадандир хафа бўлгандай, маъюсланиб қолдингиз?

Ҳамкасб дугонасининг овозидан сергак тортди:

- Бироз толлиққандирман. Биласизу, бизникига ҳам келди-кетди кўп. Кеча меҳмон кузатгандик. Иш вақтигача уйларни тозалаб олай деб, эртароқ уйғонгандим. Шунга бироз ланжман шекилли...

Ишдан қайтгунча боғчадан қизчасини, қайноғасиникидан ўғлини олиб йўл-йўлакай дўкон айланиб, рўзғорга зарур маҳсулотларни харид қилди. Уйига яқинлашган заҳоти кун бўйи миясини банд этган тушкун хаёллар учди-кетди. Болаларининг кийимларини ювди, эртанги кунга тайёргарлик кўрди. Сўнг кечки овқатга тараддуд бошлади. Эри ишдан келадиган пайтни мўлжаллаб овқатни тайёр қилди. Иш вақти аллақачон тугаган бўлса-да, ҳануз эридан хабар йўқ эди. Қўнғироқ қилганди ҳар доимгидай эрининг бепарво оҳангдаги овозидан ҳеч нимани англамади:

- Бораман. Овқатинг тайёр бўлса, болаларни овқатлантиравер. Ўзинг ҳам оч ўтирма. Бир жойда ишим бор эди, сал кечга қоламан, чоғи...

Жувоннинг юрагига оғир тош осилди. Эрини ҳеч тушуниб бўлмайди. Хиёнат қиляпти, ҳаётида кимдир бор, деса рўзғорга, болаларга эътибори ҳеч ўзгаргани йўқ. Маошини ҳам тийин-тийин билан оила ғазнасига олиб келиб қўяди. Ишида бирор муаммо бўлса хотинига айтмаса ҳам, акаларига айтарди. Бунақа масалаларни оилавий ҳал қилишади. Нима бўлди экан эрига? Кўзларини ундан олиб қочади. Кундан кунга тушкунликка тушиб бораётгани шундоққина юз-кўзидан аён. Ҳаётида кимдир бўлмаса унда хаёлида кимдир пайдо бўлдими? Наҳотки, эри севиб қолган бўлса?..

Йиғлагиси келди Шоҳиданинг. Эркак кишининг кўнглини тушуниш қийин экан. Бўлмаса Шоҳида эрига бепарво, юриш-туришига, кийинишига эътибор бермайдиган аёллардан эмас. Ишлайди, озми-кўпми ўзини ўзи таъминлайди. Эрини жон қадар асраб-авайлайди, оиласи учун ҳамма нарсага тайёр туради. Қайнота-қайнонаси, қайинукалари Шоҳидани яхши кўришади. Аммо эри-чи, эри севармикан? Шоҳида ҳар гал мана шу савол қаршисида ўзини кучсиз, бемажол сезади. У аниқ ишонч билан "Эрим мени севади!" деёлмайди. Эри унга ҳеч қачон хиёнат қилмаган, бир оғиз қаттиқ гапирмаган, лекин ҳеч қачон севаман ҳам демаган. Ҳатто буни Шоҳида юраги билан ҳам ҳис қилмаган. Чунки унга "бахтли оила учун севги-муҳаббатнинг ҳеч аҳамияти йўқ. Фарзанд-лар эр-хотинни бир-бирига яқинлаштиради. Йиллар давомида бирга яшаган эр-хотинлар ўз-ўзидан бир-бирларига меҳр қўяди" дейишганди. Шу гапга ишониб яшайверибди. Эридан муҳаббат таъма қилмабди. "Уйи саранжом-саришта, уст-боши тоза, ош-овқати тайёр бўлсин, эркакка шу етади. Эрим болаларимизни яхши кўради" деб юраверибди. Ёши ўтган сайин англаяптики, эркакка кўнгилдош керак экан. Муҳаббатга кўп нарса боғлиқ экан...

- Яхши ўтирибсизларми? Болалар ухлаб қолдими?

Шоҳида эшикни очиб, эрига салом берган заҳоти у болаларини сўради.

- Ҳа, ҳозир ухлатдим. Қўйиб берсам, уларингиз тонггача ҳам ухламайди, биласиз-ку. Овқат олиб келайми?

- Йўқ, қорним тўқ. Жуда чарчадим, ётиб дам олмоқчи эдим. Кеч бўлди, сен ҳам дамингни ол энди. Эртага яна ишга бориш керак...

"Яна одатий гаплар. Нега қорни тўқ, қаерда, ким билан овқатланди, бир оғиз индамади. Наҳотки, оиламиз дарз кетаётган бўлса? Наҳотки, эрим оиласига, болаларига хиёнат қилаётган бўлса?" Шоҳида ана шундай ўйлар қийноғида бўғилиб секин эрининг ортидан ётоққа кирди. Эри дарров ухлаб қолган экан, битта-иккита оқ оралаган сочларини силагиси, юзидан ўпгиси келди. Аммо нимадир, қандайдир туйғу йўлини тўсди. Дераза пардасини четга тортиб, қоронғулик ичидаги борлиққа кўз тикиб узоқ қотиб турди жувон. Сўнг юлдузсиз осмонда сузиб юрган ойга кўз тикди. Ичини кемираётган ғаш ўйларни юрагидан қувишга уринди. Фақат ўзи эшитадиган товушда секин пичирлади "Мени севмаслиги мумкин, аммо ҳеч қачон оиласига хиёнат қилмайди!.." Сўнг секин ётоғига кириб, кўрпанинг бир томонини устига тортди. Ширин ҳордиқ васлидан маст ухлаётган эрининг юзида хиёл жилмайиш зоҳир эди...

Рухшона ФАРРУХ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди