Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№7, 11.02.2016

Ҳикоя

МУҲАББАТ КАРОМАТИ

Улар якшанбадан душанбага ўтар кечаси одатдагидан анча кеч ётишди. Бироқ Ойбек кўзларини юма олмади, уйқу келмади. У ёнига, бу ёнига бетиним ағдарилиб, безовта бўлди.

- Нега безовтасиз? - хавотир олиб сўради хотини Зуҳро.

- Ўғлимиз Искандарни ўйлаяпман. Унинг менга берган "дарсига" ҳайрон қолдим. Тунов куни сиз тушган аҳволда қолиб, бу тушимми ё ўнгимми деб, тўлғоняпман... Амалга қарама, ақлга қара!

- Қанақа дарс? У сизга нимадан дарс берди?

- Искандар Қуръони Каримни бир ҳафтада икки марта ўқиб чиқибди. Каломуллонинг қирқ бир сурасини ёдлаб олибди. Бу муқаддас китобнинг салкам ярми дегани. Бахт белгиси - билим. Ўғлимиз Қуръони Каримнинг асл маъноси, моҳияти, қудрати, каромати, мўъжизаси, башоратини менга содда қилиб тушунтирди. Бунақа таърифни шу ёшимгача на дин пешволаридан ва на домла-уламолардан эшитгандим. Ўғлимнинг гапларини тушимда ё ўнгимда эшитдимми, деб иккиланиб, аниқ хулосага келмолмай безовтаман.

- Безовта бўлманг, - деди Зуҳро хотиржамлик билан, - мўъжиза, гўзаллик илму маърифатда. Ўғлингиз Қуръонни тез ўқиб чиққани, унинг қирқ бир сурасини ёд олгани, билганларини сизга бехато сўзлаб бергани - булар иқтидор самараси, истеъдод қудрати. Истеъдод буюклик сари ташланган илк қадам. Бундай алоҳида истеъдод соҳиблари тарихда кўп ўтган. Ақл - ёшдан, одоб - бошдан. Уларнинг аксарияти ёшлигидаёқ ҳайратомуз ишлар қилишган. Масалан, бобомиз Абу Али Ибн Сино тўрт ёшида Қуръони каримни ёд билган. Адабиётимиз қуёши, ҳазрат Алишер Навоий олти ёшида ажойиб ғазаллар ёзган. Бошқа мисоллар ҳам кўп: ажойиб Рассом Пабло Пикассо ҳали тили чиқмасдан чиройли расмлар чиза бошлаб, ўн икки ёшида машҳур рассом бўлиб донг таратган. Амадей Моцарт мусиқий асарларини уч ёшида яратган, беш ёшида мусиқали пьесаларни ёзган. Корейс Ким Унг Йонг уч ёшида физика факультетига ўқишга кириб, олти ёшида уни битирган, ўн беш ёшида фан доктори илмий даражасига эга бўлган. Бундай зотларни эслаш завқли. Лекин ўғлимизнинг алоҳида истеъдод соҳиби бўлганини ўйлаганимда, мени икки ҳолат безовта қилади.

- Нима у? Қандай ҳолат? - шошиб сўради Ойбек ва ўрнидан туриб олди.

- Ҳозир... Мен Искандардан хабар олай. У чироқни яна ёқибди...

Зуҳро оёқ учида юриб, ичкари хонага кирди. Чироқ ёниқ, бола эса яшил муқовали катта китобни қучоқлаб ухлаб қолганди. Она китобни унинг бағридан секин олиб, боланинг ёстиғи ёнига қўйди, ўғлининг юзига бироз термулиб турди-да, чироқни ўчириб изига қайтди.

Кўнгил қаноти осмондан катта. Даҳоларнинг яратувчанлик ибратлари инсонлар камоли учун беқиёс дорилфунун. Ой ёруғи оламча, шам ёруғи - айвонча. Буюклар ўз-ўзини яратадилар, ўзликларини англатадилар. Улар ҳамиша олға интиладилар, мўъжизалар дунёсини очадилар. Баъзилари ўз ишларидан, умуман ҳаётдан қониқмай яшайдилар. Энг муҳими оғир дамларда, тушкун вазиятларда ҳам руҳан чўкмайдилар, бардам, баркамол юрадилар.

- Тарихий, замонавий кўпгина китоб-ларни варақлаб чиқдим, - деди Зуҳро қайтиб келгач. - Бу масалада турли таъриф, турлича изоҳлар мавжуд. Масалан, буюк аллома Али Яздийнинг "Зафарнома" асарида улуғ даҳоларнинг дунёга келиши сабаблари фалак сайёраларининг ҳаракати билан изоҳланган. Икки шарафли сайёра - Зуҳро ва Муштарий ўз ҳаракати билан бир-бирларига яқинлашган пайтда туғилган ўғил соҳибқирон, энг бахтли подшоҳ, чексиз иқтидор соҳиби бўлар экан. Бу табиий ҳодиса, яъни икки сайёранинг бир-бирига яқинлашуви саккиз юз йилда бир марта юз беради. Ўша тарихий китобларни қайта-қайта ўқидим. Ҳатто айрим варақларини ёдлаб олдим. Буюк бобомиз Амир Темурнинг дунёга келишини Шайхи Аълам Сайфуддин ҳазратлари олдиндан башорат қилган экан. Соҳибқирон номини ҳам ўша зот берганлар. Пешонаси ярқираган, шундай улуғ зотлар аввалроқ ҳам тарихда бир неча бор ўтган. Искандар Зулқарнайн ҳам шулар жумласидандир. Бу муаммога бош қотиришим, беҳад қизиқишим ўғлимизнинг ноёб истеъдоди сабабларини билиш иштиёқидан кўпдан бери шуни ўйлайман.

- Бу саволингизга жавобни тарихдан эмас, ўзингиздан изланг, - деди Ойбек кулиб.

- Ўзимдан? Тушунмадим гапингизга.

- Сиз барносиз, ақлли, зуккосиз. Ақл, иқтидор эса фарзандга отадан ўтади. Демак, ақлу фаросат Искандарга сиздан ўтган. Биров тождор, биров бождор.

- Гап фақат ақллиликда эмас, - эрига эътироз билдирди Зуҳро. - Ўғлимиздаги каромат, башорат сабабини тушунтириб беринг. Илон воқеасини гоҳ-гоҳ эсласам, юрагим ҳамон ортга тортади, қўрқувдан вужудим титраб кетади.

- Уч яшар ўғлимиз илонни ўлдириб, судраб келган. Ўша воқеадан сира қўрқманг. Аксинча, қувонинг, фахрланинг. Бахт кулги бор уйга киради. Саволингизга жавобни эса яна такрор айтаман: ўзингиздан тўғрироғи, ўзимиздан излайлик, - дея жавоб қилди Ойбек.

Ойбек ширин уйқу оғушига толди, "пиш-пиш"лаб ухлаб қолди. Зуҳро умр йўлдошига пича термулиб ўтирди, сўнгра ўрнидан туриб, оёқ учида юқоридаги хонага кирди. Аёл ўзини ўйлатиб қўйган саволга Ойбек берган жавобдан қониқмай, яна китобларни варақлай бошлади.

Оппоқ тонг отди. Зуҳро қизил муқовали катта китобни кўтариб, Ойбекнинг ҳузурига чиқди. аёл ёстиқдошини уйғотди ва жилмайиб сўзлади:

- Мана бу китобдан саволимга аниқ жавоб топдим. Аёл завқу шавқ ила баралла шеър ўқиди:

Муҳаббат ила бунёд этилса икки

дил биноси,

Туғилажак башарнинг яна бир

буюк Синоси.

Зуҳро китобни аста ёпти ва бошини мағрур кўтариб ўз хулосасини айтди:

- Демак, ўғлимизнинг нодир истеъдоди пок муҳаббат қудратидан, ажиб кароматидан. Мўъжиза бахт - муҳаббат!

- Ҳа, шундай, - аёли фикрига қўшилди Ойбек. - Мен тунда саволингизга жавобни ўзингиздан изланг, деган сўзларим ҳақлигини ҳозир исботладингиз. Шоир ҳаётий ҳақиқатни битибди. Дарвоқе, севги - қудрат, севги - каромат яна бир шоир ёзган ҳақиқатни эшитинг:

Агар билсанг, муҳаббат ҳам

ибодатдир,

Покликка, гўзалликка жонинг

иноятдир.

Меҳр ила Масиҳ мурдага

киритди жон,

Меҳр-муҳаббатдан бу ажиб

кароматдир.

Неъмат ЁҚУБОВ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди