Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№10, 03.03.2016

Мушоҳада

БУ ДУНЁДА ҲАММА НАРСА ОНАДИР...

Аёл бу - меҳр-муҳаббат, аёл - гўзаллик ва нафосат тимсоли. Ватан, қуёш, замин сўзларининг она сўзи билан пайваст айтилиши бу аёлнинг улуғлигидир. Мавлоно Румий айтганларидек, "Бу дунёда ҳамма нарса онадир, аммо улар бир-бирларининг дардларидан бехабардир", ёки "Ҳар бир зот онасига мурувват кўрсатиб, эҳтиромли бўлиши зарур, зеро, она Худонинг марҳаматидан баҳрадордир".

Ҳар бир аёл гўзал, ўзича тароватли, лекин суюкли аёлдан кўра бахтиёрроқ, гўзалроқ, шодумонроқ аёл бўлмаса керак дунёда. Яратган ҳар бир қизга, аёлга ўзига хос латофат ато этган, меҳр ато этган.

"Соғлом она ва бола йили". Муҳтарам Президентимиз " Соғлом бола соғлом ва аҳил оиланинг меваси бўлиб, фақатгина соғлом онадан соғлом бола туғилади", дея таъкидлар эканлар, жамиятнинг мустаҳкам таянчи, фаровон оила тимсоли сифатида хотин-қизларимизнинг ўрни беқиёс эканлигини эътироф этадилар.

Аёл ва истиқлол, аёл ва жамият, она ва миллат... Бу сўзлар замирида кўламли фалсафа мавжуд. Аёл - яратувчи: у дунёга фарзанд армуғон этиб, келажакни, миллатни яратади. Шарқ тафаккур хазинасида шундай битиклар бор: "Агар эркакка таълим-тарбия берсанг, бир кишини тарбия қилган бўласан, аёлга таълим-таърбия берсанг, бутун миллатни тарбиялаган бўласан". Дарҳақиқат, бизнинг тарихий илдизларимиз бақувват. Илму фан, адабиёт оламида машъала ёққан Имом Бухорий, Хоразмий, Абу Али ибн Сино, Алишер Навоий, Нодира, Увайсий каби беназир шоиру алломаларимиз, аждодларимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз. Мозийда Шарқ аёллари, нафақат, гўзаллик тимсоли, балки ҳаёт яратувчиси, меҳр-муҳаббат, ибо ва ҳаё эгаси сифатида улуғланган.

Ҳар бир инсон жамият бойлиги. Айниқса, жамиятда аёлларнинг ўрни бошқача. Чунки у оила иқлимини бошқаради. Фарзанд тарбияси, оила осойишталиги унга боғлиқ. Шу боис истиқлол йилларида она ва бола саломатлигига катта эътибор қаратилди. Миллий қадриятларидан узоқлашган халқни маҳв этиш осон, деб бежиз айтилмаган. Зеро, қадрият она сути, аждодлар ўгити, ота намунаси билан фарзандлар қонига сингади.

Биз оилада кўпчилик эдик. Аммо шунча фарзандни дунёга келтириб, тарбия қилиб улғайтирган онамни "чарчадим" деган сўзини эшитмаганмиз. Тунлари бешикда ётган укамга алла айтиб кашта, камалак ранг сўзаналар тикардилар. Тонгда кўзимизни очсак, саватни тўлдириб иссиқ нон ёпиб қўйган онамнинг сўзларида миннат, кўзларида ҳорғинлик йўқ эди. Илоннинг инигаям пиёлада ун қўйиб сийлаб, қалдирғочнинг полапонига нон чайнаб едирган онам наздимизда қаҳрамон эди, паҳлавон эди.

Бир куни онам буюрган юмушни бажармай тўп тепиш билан андармон бўлиб кетган акамни қаттиқ койидилар. Кейин қилган ишидан пушаймон, бош эгиб ўтирган акамнинг елкасини силаб, "Ишламаган тишламайди, болам, мен сизларни ҳузур қилиш учун, кўнгил хуморини ёзиш учун урушмайман, ёмон йўлдан қайтариш, тўғри йўлни топиб олишингиз учун кўмаклашаман. Қара, ўтган йилги лола, аёз билан олишиб тухумидан яна униб чиқяпти, кўм-кўк тут баргини еб оғзидан ипак қилиб чиқаргунча қурт неча ўлиб, тирилишини билмайсанми", деганлари ёдимда. Энди ақлимни таниб, ўқиб, изланган чоғим, онам ҳазрат Навоий ҳикматларини билар эканда... деб ўйланиб қоламан.

Биз аёлнинг аёллигини ўлчамоқчи, баҳоламоқчи бўлсак, тарозунинг иккинчи палласига вафо, садоқатни қўямиз. Бу момо мерос ибора...

Ахир Иккинчи жаҳон уруши даврида чимилдиқда қолган қанчалаб келинчаклар жангоҳлардан келган "қора хат" ларга ҳам ишонмай, бир умр уч кунлик, беш кунлик, бир ҳафталик ёстиқдошларини кутиб, сарғайиб яшаганларини биламиз-ку!

Мен туғилиб ўсган Марҳамат туманидаги қишлоқларнинг бирида Ҳалимахон ая исмли онахон яшарди. Кўп бора суҳбат қурганман. Турмуш қуриб, икки ҳафтагина яшаган. Умр йўлдоши фронтга кетадиган куни ҳовли саҳнида гуркираб бўй чўзиб турган ўрик дарахтига катта мих қоқиб, "агар худо бизга фарзанд берса, беланчаги боғини мана шу михга илинглар. Юрт тупроғидан насибам узилмаган бўлса қайтаман, қайтолмасам, умримнинг қолганини сизларга берсин", дея хайрлашган экан. Орадан кўп ўтмай "қора хат" келибди. Келинчак ҳомиладор экан. Ўша қоқилган михга уч авлод беланчаги илинади. Насибаси узилгани билан насли давом этади. Йигирма ёшида бева бўлиб қолган аёл, вафодан висол излаб, бардошдан бахт, сабрдан саодат топди. Онахон билан бир галги суҳбатимизда: "Яқин кишиси оламдан ўтган одам, куйганида тупроғига бориб бошини уради, йиғлайди, дард айтиб юрагини тўкади. Аммо ўша совуқ тупроғи ҳам бўлмаса, ўлганига ишонмас экансан. Шунча йилдан бери ҳар тонг эшикдан кириб келадигандай сочимни тараб, оҳорли либосимни кийиб йўлини кутаман..." дегандилар.

Япониялик таниқли олим, ёзувчи, саёҳатчи Акио Каватонинг журналистларга берган интервьюсини ўқидим. "Ўшa маҳаллар халқ ўзини вақтинча еб-ичишдан, кийиниш, кўнгил очишдан, саёҳатдан ҳам чекланган. Бир сўз билан айтганда, миллат Японияни тиклаш, оёққа турғазиш йўлида бирлашди", - дейди у Иккинчи жаҳон урушидан сўнгги йилларни хотирлаб.

Бундай фидокорлик бизга бегонами? Йўқ, асло! Фашизмга қарши жанг жадаллаб бораётган пайтда момоларимиз қўл қовуштириб ўтирмаган, далага чиқиб меҳнат қилган, ҳатто сандиғидаги мерос зеб-зийнатгача "Аскарлар учун" деб бериб юборган. Пахтали нимчасини жангдаги эр йигитларга тортиқ қилиб, ўзи бўз кўйлакда, бир тишлам зоғорага зор қолган пайтларида ҳам бола тарбия қилган. Тут шохига илинган беланчаклар устидан ёғилган оғулар, оналар юрагини қонатган паллада ҳам, қўш ҳўкизга қамчи уриб, ердан дон ундириб бир кафт буғдойига эга бўлмаган даврда ҳам, қизамиқ, чечак доғидан кўз юмган болаларидан кейин туғилганига Худойберди деб исм қўйиб шукрона қилган, наслини, аслини асраган, миллат бешигини тебратган аёллар бўлган.

Бугун давр ўзгача, қарашларимиз ўтли, қадамларимиз дадил, юрагимизда умид ва фахр. Президентдан рағбат, ҳукуматдан мадад кўрганлиги учун оддий аёл меҳнатини қаҳрамонлик даражасига кўтара олдилар. Табиатан аёл зоти юртни бирлаштиришга, одамларнинг дардини тинглаш, оғирини енгил қилишга мойил бўлади. Унинг юраги меҳр-муҳаббат ва самимият туйғулари билан жўшиб туради. Аёллар бу олийжаноб туйғу билан қай бир ишга киришсалар, ғайрат ва шижоатларини аямайдилар.

Муҳтарам опа-сингиллар! Нафосат ва гўзаллик байрами - Халқаро хотин-қизлар куни муборак бўлсин! Баҳорингиз бахт олиб келсин, бахтингиз йўллари мунаввар бўлсин!...

Мунаввара УСМОНОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди