Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№12, 17.03.2016

Кичик ҳикоя

ЎШАНДА БАҲОР ЭДИ…

Қанча йиллар ўтган, ўшанда ёш бола эди, опа-сингиллари билан бир уйда катта бўлди. Бугун эса ҳаммаси уйли-жойли. Чол қишлоқда яшайди. Шаҳардаги синглисини кўриб қайтяпти. Автобусда кетаркан, ойнадан кираётган елвизакдан ёшланган кўзига дастрўмолини босди. Рўпарасида тик турган йигитчага "ўғлим, ойнани ёпиб қўй", дейишга ийманди. Қулоқни қоқиб бошни оғритаётган мусиқа авжида. Қўшиқ нақорати ажойиб эди: "Воув-воув!

Бунчалар зўрсан, бунчалар гўзалсан жоним…"

Бир аёл ҳамроҳига қараб кулди.

- Тавба, артистлар энди вовуллаб қўшиқ айтадиган бўптими?

- Асти қўйинг, ишқилиб одам одамга вовулламаса бўлгани!

Кассир йигит йиғилган йўлкираларни киссасига солиб сўз қотди:

- Бу замонавий қўшиқ, тушуниш керак, опахонлар. Сизларга ёқадиган "жонон бўламан" деган қўшиқларнинг вақти аллақачон ўтган, - дея чолга қаради. - Йўлкирани берворинг.

Чол пулни узатди. Йигитча икки юз сўмликларни чаққон санаб:

- Яна минг сўм, - деди. Чол тушкун ҳолда мўлтиради.

- Ўғлим, бор пулим шу эди…

- Беринг, беринг! - бу хитоб чолнинг кўксига тиғдек ботди, ялинч овозда:

- Жон ўғлим, айтдим-ку, - дейиши билан йигитча тутоқиб кетди.

- Одам пулсиз йўлга чиқмайди. Биламан, пул бор. Бермайсизми? Унда туширвораман.

Ҳайдовчи ортига қарамас, ҳамма гапни эшитса-да, миқ этмай рул чамбарагини бир меъёрда айлантирарди. Йигитча жуда қистайвергач, чол ўрнидан қўзғалди.

- Тўхтат, машинангни, тушиб қолай! Яёв кетавераман.

Орқа ўриндиқда ўтирган ўрта ёшлардаги киши даст ўрнидан турди.

- Ҳой бола, ма, ол. Йўлкирани мен тўлайман, - чолнинг тирсагидан тутди. - Ўтиринг отахон, хижолат бўлманг!

Йигитча автобуснинг эшигига суянганча пулни киссасига тиқди.

Ўшанда баҳор эди. Орадан бир йил ўтди. Отахон бу баҳорни ҳам соғ-омон ва бардам қаршилади. Синглисини баҳор байрами билан қутлаш ниятида бугун у яна йўлга чиқди.

Шаҳноза РАЙИМОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди